3:34

Юрак муҳим

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Юрак ҳаётимиз давом этишини таъминловчи энг асосий органдир. Аммо фақат тиббий томондан эмас, руҳий томондан ҳам юрак, қалб тириклик манбаидир. Ҳикматлар китобида Сулаймон пайғамбар шундай деган, “Бор кучинг билан қалбингни асра, чунки у ҳаёт булоғидир.” Бу сўзни ҳатто ота-онамиз ҳам айтмаган. Улар “тилингни ёмон сўзлардан тий”, “яхши хулқли бола бўл”, “ўзингни эҳтиёт қил”, дейиши мумкин. Аммо Худованд “қалбингни асра чунки у ҳаёт булоғидир дейди”. Атрофимиздан биз томонга зарбалар жуда кўп бўлади. Энг аввало шикастланадиган ҳам юрагимиздир. Юракда нимани сақласак, у шунга тўлади ва юзимиздан ҳам шу кўринади. Бизнинг юрагимиз ҳаётимизнинг булоғидир. Худога яқинлашган одамларнинг юзи ўзгаради. Узоқлашганда ҳам ўзгаради. Худо ҳақида шундай ҳақиқат бор. Худо юракларни билувчи ва синовчи Худодир.

Narrator 2 Бошқалар бизнинг юрагимизда нима борлигини билмайди. Худога қилаётган ишларимиз эмас, юрагимиз муҳим. Одамлар ташқи кщринишга қараб ҳукм қилади, аммо Худо уларнинг юрагига қарайди. Энг кам қурбонлик қилган аёл ҳақидаги воқеа эсингиздами? Аёлнинг арзимаган чақа ташлаганини кўрган одамлар уни ҳукм қилишни бошлади. Аммо Исо Масиҳ унинг юрагини кўриб, “У энг кўп берди”, деган эди. Исо Масиҳ унинг юрагини кўриб турган эди. Бугун ҳам жамоатда кўп одамлар ташқи томондан ўзларини Худога яқин кўрсатадиган бўлиб қолган. Исо Масиҳ бундай фарзийлари “оқланган қабрлар” деб атаган эди. Афсуски бугун жамоатларда “оқланган қабрлар” жуда кўп. Каломда шундай ёзилган, “яхши одам юрагининг хазинасидан яхши нарсалар чиқаради, ёмон одам юрагидан ёмонлик чиқаради. ” Аммо шундай одамлар ҳам борки, улар жамоатга юрагида оғриқлар ва яралар билан келади. Баъзилар юраги қотган тош бўлиб келади.

Narrator 1 Албатта, бу юракнинг ўзгаришига ташқаридан келадиган зарбалар сабаб бўлади. Бироқ Худованд охиратда юрагингнинг қаттиқ бўлишига ким сабабчи бўлди, деб сўрамайди. “Нима учун юрагингни сақламадинг?”, деб сўрайди. Демак, юрагимизни сақлаш бизнинг ишимиз. Хикматлар китобида, Худованд нафратланадиган сифатлар ёзилган бир оят бор. Унда шундай ёзилган, “ёмон ниятларни режа қилаётган юракдан нафратланади”. Ёмон ишларни режалаштирадиган юраклар Худога жирканчлидир. Баъзи одамлар юракларида ёмон ишларни режалаштириб юради. Бундай одамларнинг бағри тош бўлади. Аслида одам бағри тош бўлиб туғилмайди. Бунга унинг ҳаётидаги зарбалар сабаб бўлади. Кейин эса бағри тош бўлиб қолганига бошқаларни айблайди. Аммо юрагимизни сақлаш бизнинг чекимизга берилган жавобгарлик.

Narrator 2 Бағри тош одамлар бошқалардан нималарнидир кутади. “У шундай қилиши керак”, “Мен билан мулозамат қилиб гаплашиш керак”. Агар одамлар унга шундай жавоб бермаса, бу одам ҳукм қилишни бошлайди. Аслида ҳукм қилиш Худонинг иши. Бироқ биз ҳукм қилганимизда, Худони четга суриб, Унинг ишини ўз қўлимизга оламиз. Бу ҳам шайтоннинг қопқонларидан бири. Баъзи имонлилар шундай қопқонларга осонгина илинади ва юрагида оғриқлар, мағрурлик, ҳукм қилиш каби қопқонлар ичида яшайверади. Аслида бу нарсалар бизга тўғри келмайди. Биз Масиҳга қараб ўзгаришимиз керак. Шайтон Масиҳнинг сифатларига тўғри келмайдиган гуноҳларни берганда, биз уларни ўзимизга қабул қилмаслигимиз керак. Агар уларни қучоқ очиб кутиб олсак, албатта тузоққа тушамиз. Хуллас, юрагимизга қандай нарсаларни қабул қилиб олишимиз, бизнинг ташқи кўринишимизда ва ишларимизда кўринади.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top