Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Замон илгарилаб боргани сари, ишларимиз кўпайиб, имкон қадар вақтимизни тежашга уринамиз. Яхшиямки узоғимизни яқин қиладиган транспорт воситалари бор. Вақтингиз етарлича бўлса, автобусда ёки метрода ишга борасиз. Кеч қолаётган бўлсангиз ёки кўпроқ ишларга улгуриш учун такси хизматидан фойдаланасиз. Ишдан кейин яна тезроқ уйга шошасиз. Хуллас кўриб турибсизки, пиёда юриш нималигини унутиб қўйганмиз. Кўп эшитганмиз, ҳақиқатда ҳам пиёда юриш танамиз ва саломатлигимиз учун самарали фойда берадиган машқ хисобланади. Қуйида биз сизга маълум қиладиган маълумотларни эшитгач, пиёда юришни истаб қоласиз. Пиёда юриш ва унинг фойдали жиҳатлари бўйича жуда кўп ёзилган ва буни деярли барча яхши билади. Аммо барча нарсада тартиб бўлганидек, бу ишда ҳам ўзига яраша меъёр ва қоидалар мавжуд.
Narrator 2 Пиёда эриш ҳеч қандай ортиқча тайёргарлик талаб қилмайдиган, организмнинг барча аъзоларига комплекс таъсир кўрсатадиган биомеханик ва нейрофизиологик жараёнларни ўзида мужассамлаштирган спорт тури саналади. Бу пайтда оёқдаги фаоллик натижасида тананинг жами тонусини таъминлайдиган турли мушак гуруҳлари ишлайди. Пиёда юриш вақтида организм оёқларни бир вақтнинг ўзида уч томонлама: вертикал, бўйлама ва кўндалангига ҳаракатлантиради. Юриш суръати қанчалик тез бўлса, боғловчи мушак аппарати шунча фаол ишлаб, қувват сарфи ортади. Американинг Journal of Applied Physiology журналида келтирилишича, ўртача суръатда пиёда юриш аввал ҳисоб-китоб қилинганга қараганда 10 фоиз, жадал юришда эса (скандинавча юриш) 20 фоиз кўпроқ калория сарфланар экан. Пиёда юриш вақтида оёқларнинг ишлаши қон айланишини фаоллаштиради.
Narrator 1 Қон жадаллик билан организмнинг ички аъзоларини кислород билан тўйинтириб, моддалар алмашинуви жараёнини тезлаштиради. Пиёда юришнинг ижобий таъсирлари. Мунтазам равишда тоза ҳавода пиёда сайр қилиш саломатликни мустаҳкамлайди ва кайфиятни кўтаради. Нафас олиш, мушак, қон-томир тизимларининг яхши ишлашини таъминлайди. Мушаклар фаоллиги веналар бўйлаб қон айланишини яхшилайди. Оқибатда веналарнинг варикоз кенгайиши профилактикаси амалга ошади, организмдан тиқинлар (шлаклар) чиқариб юборилади. Фаол энергетик жараёнлар ортиқча ёғлардан халос этади: 15 дақиқа ўртача суръатда юриш (1,5 км) 100 ккал энергияни сарфлайди. Эркаклар учун пиёда юришнинг фойдаси кичик тос соҳасидаги ҳаракатсизлик натижасида вужудга келган муаммоларни бартараф этишда катта ёрдам бериши билан боғланади.
Narrator 2 Қуйида пиёда юришнинг еттита энг муҳим қоидасига тўхтаб ўтамиз. 10 дақиқа пиёда юрсангиз, гипертония безовта қилмайди. Бир кунда 4 маротаба 10 дақиқадан пиёда юришни одат қилсангиз, қон босимингиз меъёрда бўлади. Тез-тез қадамлар билан кунига 120 одим ташласангиз, 15 дақиқада 100 ккал.дан халос бўласиз! Мана, сизга озишнинг арзон ва қулай усули! 20 дақиқада: хотиржамликка эришасиз! Асабий иш кунининг «юк»ларидан халос бўлмоқчимисиз? Унда ҳар куни 20 дақиқагина пиёда юринг. Натижа сизни албатта, хурсанд қилади. Яна чекишни ташлашни истаганлар, хумор тутганда 20 дақиқа пиёда юрсалар, бу хоҳиш айни шу дақиқаларда ўз-ўзидан йўқоларкан. 25 дақиқада кайфиятингиз кўтарилади! Тоза ҳавода ҳатто ёмғирли кунда ёлғиз ёхуд кўнгилга яқин инсонингиз билан атиги 25 дақиқагина сайр қилсангиз, ширин хотираларни эслайсиз, қалбингиз янги ва эзгу орзуларга тўлади.