Narrator 1 Асслому алайкум. Исо шогирдларини Ўзининг хочга тортилишига ва юксалишига тайёрлар экан, уларга шундай дейди: “Сизларга ростини айтай: агар буғдойнинг дони ерга тушиб ўлмаса, у бир донлигигача қолади. Агарда ўлса, кўп ҳосил беради” (Юҳанно 12:24). Сиз донни қўлингизда қанча узоқ тутиб турсангиз ҳам, ҳеч нарса ҳосил бўлмайди. Сиз бу донни омборга ёки хона деразасининг устига ёки ҳаттоки шиша банка остига қўйиб бир умр сақланг – дон донлигича қолаверади. У ҳеч қандай фойда келтирмайди ва охир оқибатда чирийди ва кулга айланади. Бироқ агар сиз донни ерга ташласангиз, сиз уни яна нобуд қилган бўласиз, бироқ бу сафар янгитдан ҳаёт яратиш мақсадида шундай йўл тутасиз. Тупроқдаги озиқ моддалар, қуёш тафти ва ердаги намлик – буларнинг ҳаммаси доннинг ташқи қобиғига таъсир кўрсатади. Тез орада қобиқ шишиб ёрилади ва уруғдан яшил ниш отади. Янги ҳаёт белгиси бўлган ниш тупроққа қадалиб, қуёшга интилади.
Narrator 2 Майса томир отади ва илдиз ерга борган сари мустаҳкамланиб бораверади. Кўк нишнинг илдизлари мустаҳкамланиб ўсиб боргани сари, уруғ йўқ бўлиб кетаверади. Пировардида уруғ маккажуҳори сўтасига ёки буғдой бошоғига айланади. Маккажўхори сўтасида худди буғдой бошоғида сингари, ўнлаб янги дон уруғлари пайдо бўлади, ҳар бир дон бошоғидан яна янги майсалар ўсиб чиқаверади. Агар униб чиққан дон яна қайтадан ерга сочилаверса, ҳар бир дона буғдой уруғидан юзлаб гектар буғдой далалари барпо қилиш мумкин. Исонинг таълим беришича, уруғ ерга экилиб унинг ўсишига шароит яратилмаса, ундан ҳеч қандай хосил олиб бўлмайди. Албатта, Исо бу образ ёрдамида Ўз ўлими ва юксалиши ҳақида гапирган. У бу дунёда яшаган пайтда баъзи-бир одамлар Ундан шифо топганлар, кўплаб инсонлар Унинг мўъжизаларини кўрганлар. Кимлардир Масиҳнинг ваъзи туфайли Худога юз тутганлар.
Narrator 1 Бироқ, Исо тирик бўлиб ўлгунга қадар, бутун дунёнинг гуноҳлари кечирилмади. Унинг ҳаёти давом этиши, хосил бериши ва бу ҳосил унумли бўлиши учун Исонинг ўлишига тўғри келди. У ўлди ва тирилди ва Унинг ҳаёти узоқ асрлар давомида миллион марта кўпайган унумли хосил берди. Исони ўзининг Нажоткори деб билиб, одамлар гуноҳларининг кечирилишига муяссар бўлганлар, эндиликда Қўзи ҲаётинингКитобига ёзилганлар. Қўзи ўлишни истагани учун бунинг имкони бўлди. Ҳозирда ўз хочларимизни кўтариб юришимиз учун Раббий ҳар биримизни даъват этмоқда: ўзимиз учун ўлиб, Худода яшашда ва Унинг мақсадларига етишишда ўзимизни Унга бағишлашимиз даркор. Исо шогирдлари билан суҳбатини давом эттирар экан, шундай дейди: “Ким ўз жонини севса, уни йўқотади. Ким бу дунёда ўз жонини аямаса, уни абадий ҳаёт учун сақлаб қолади” (Юҳанно 12:25).
Narrator 2 Шахсий хоҳиш, ҳавас, амбиция, режа ва мақсадларимиз йўлида бизда қурбон бўлиш майли мавжуд бўлиши керак. Раббий Исо Масиҳ бизда ва биз орқали ҳаракат қила олишига биз интилишимиз лозим. Ана шундагина биз ўз қисматимизни адо этган бўламиз. Ҳақиқийлик ва абадийлик пайдо бўлиш учун биздаги заминийлик ўлиши керак! Агар Худонинг севгиси бизни қамраб тўлдиришини истасак, биз бошимизни эгиб, ҳаддан ортиқ иззат- нафсимизни жиловлаб олишимиз даркор. Бундай фикрни Муқаддас Ёзувдан олинган яна бир нечта парчалар тасдиқлайди: агар биз ўз орзу-истакларимизга кўра ҳаракат қиладиган бўлсак, биз кўп нарсани бой берамиз. Агар биз ўз ҳаётимизни бошқаришни Худога ишониб топширсак ва йўлимизни шу зайлда давом эттирсак, биз албатта ғалабага эришамиз. “Ўз жонини аямоқчи бўлган уни йўқотади. Мен учун жонини йўқотган эса жон топади” (Матто 10:39).