Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Оиладаги бир одамнинг қилган гуноҳи оилага ва турмушга таъсир қиладими? Албатта. Ҳатто бу гуноҳдан оила аъзоларининг ҳеч бири боҳабар бўлмаса ҳам бу гуноҳнинг оилага таъсирини ўлчаб бўлмайди. Оила муқаддас деган тушунчани ҳамма билади, аммо буни ҳамма ҳам англаб етавермайди. Оила ва никоҳнинг муқаддаслиги Худованд илк оилани Одам Ато билан Момо Ҳавони яратганидан бошланган. Улар яратилганида ягона, пок ва Худо билан муносабатда ҳаёт кечирадиган муқаддас жуфтлик эди. Бироқ афсуски, шу одамзоднинг гуноҳи туфайли бугун бутун дунёда турли гуноҳларнинг кундан кунга урчиб бораётганини кўраяпмиз. Уларнинг бу қилмиши натижасида энг катта асосий гуноҳлар, масалан: кўп хотинлилик, ажралиш, зино, гомосексуаллик, бичиш, жинсий алмашинувлар пайдо бўлди. Биринчи оқибат, кўп хотинлилик — Худо таъсис этган ягона жуфтлик қонунини бузади.
Narrator 2 Худо Одам Атога фақатгина Момо Ҳавони тақдим этган. Одамзоднинг илк гуноҳидан олти авлод ўтиб, Ламех икки хотин олди. “Ламех иккита хотин олди.
Биттасининг исми Оида, бошқасиники Зилло эди.” Кейин эса Исроил тарихидаги кўзга кўринган қаҳрамонлар Иброҳим, Эсов, Ёқуб, Гидеон, Элқана, Довуд, Сулаймон ва бошқалар ҳам кўп хотинлилик гуноҳи оқибатларини бошларидан кечиришди. Улар Худонинг илк никоҳ қоидасини бузибгина қолмай, бунинг оқибатида хотинлар рашкидан тортиб то Худони бошқа бутларга алмаштиришгача боришди. Сулаймоннинг воқеасини олинг, бошқа халқлардан хотин олиши оқибатида охири хотинларининг таъсирига тушиб қолди ва Худонинг марҳаматидан маҳрум бўлди. Гуноҳ таъсирида бу дунёга кириб келган оқибатлардан яна бири бу ажралишдир. Ажралиш никоҳнинг муқаддаслигини ва давомийлигини бузади.
Narrator 1 Ажралишлар кўпайгач, Мусо қонунлари асосида уни бошқариб туришга тўғри келди. Қонунлар китобида бу ҳақида шундай ёзилган, “Агар бирор киши уйланса–ю кейинчалик хотинидан бирорта уятли қилиқ топиб, уни ёқтирмай қолса, унинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юбориши мумкин. Аёл эрининг уйидан кетиб, бошқа эрга тегса–ю, бу эри ҳам уни ёқтирмай қолса, аёлнинг қўлига талоқ хати ёзиб бериб, уйидан чиқариб юборса ёки аёлнинг кейинги эри ўлиб қолса, биринчи эри аёлга қайтадан уйланиши мумкин эмас. Чунки у аёл ҳаром бўлди. Бундай қилмишдан Эгангиз Худо жирканади. Эгангиз Худо сизларга мулк қилиб бераётган юртни булғаманг”. Худованд ажралишни ёқтирмайди. Худованд Малахи пайғамбар орқали шундай деган, ““Хотинидан нафратланиб, ундан ажрашган эркак ўз ҳимояси остида бўлган хотинига шафқатсизлик қилган бўлади”, — дейди Исроил халқининг Худоси — Эгамиз.”
Narrator 2 Учинчи энг катта оқибатлардан бири бу зинодир. Зино турмуш қурган икки инсоннинг бир бирига берган аҳдини бузилиши. Эски Аҳд қонунларида Худованд аниқ қилиб, “Зино қилманг”, деб буюрган. Шунга қарамай, шоҳ Довуд Ботшеба билан гуноҳ қилганини кўришимиз мумкин. Сулаймоннинг ҳикматлари китобида шундай оятлар бор, “Сени зинокордан, тилёғлама бузуқ аёлдан сақласин. У ёшлигидаги умр йўлдошини ташлаб, Худо олдида берган аҳдини бузган. Унинг уйи ўлимга, йўллари эса ўликларнинг олдига олиб боради. Унинг олдига борган қайтиб келмайди, ҳаёт сўқмоқларига етмайди.” Эски Аҳд китобида зино халқнинг Худо билан руҳий муносабатини тасвирлашда ҳам ишлатилган. “Исроил тош ва ёғочдан ясалган худоларга сиғиниб, зино қилган эди.” Бу гуноҳлар нафақат оилани балки инсоннинг Худо билан муносабатини ҳам бузади. Бу мавзунинг давомини кутинг.