Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон. Биродарлар билан гаплашинг, уларнинг ҳаёт йўлини сўранг, ҳар бирининг айтган гувоҳликларидан Худонинг ишларини кўрасиз. У қанчалик даражада садоқат билан Ўзига ҳос тарзда ишлагани фильмдек кўз олдингиздан ўтади. Бир опамиз ўзининг бошидан ўтганлари ва Худованд охиригача унинг оиласига садоқат қилгани ва сабр тоқат қилиб меҳрбонлик кўрсатгани ҳақида шундай деб гувоҳлик беради, “Мен турмушга чиққанимдан сўнг, Худони таниб билдим. Унинг нажотини ва улуғворлигини ҳаётимга қабул қилдим. У мен учун тирик Худога айланди. Аслида, У аввалдан тирик ва меҳрибон Худо бўлган, бироқ мен бу ҳақида билмаганман. Имонли бўлганимдан сўнг, ота-онам, ака-укаларим ва сингилларимга хушҳабар айтдим, уларга Муқаддас Калом олиб бориб бердим.
Narrator 2 Аввалига, уларнинг фикри бўйича “бошқа динга кирганим”, отамга ёқмади, бироқ бу китобни ўқиб кўриб, ҳеч қандай ёмон нарса топмагач, менинг имонимга қарши ҳеч нарса демади. Аммо кунлардан бир кун отам масжидга бориб бу китоб ҳақида сўрабди. Имом эса “Агар бу китобни ўқиётган бўлсангиз ва бу динга кирган бўлсангиз, охиратингиз куйиб кетибди. Аммо ҳали бу йўлга кирмаган бўлсангиз, бу китобларни уйингиздан йўқотинг, дебди. Имомнинг айтганини қилиб, дадам ҳамма китобларни йиғиб, қопга солиб сувга оққизибди. Бу ҳақида эса мен билмаганман. Вақт ўтиб онам касал бўлгани боис ота-онамни мен ва синглим яшайдиган шаҳарга кўчириб олиб келдик. Онам ҳасталиги туфайли ундан тез – тез хабар олиб туриш керак эди. Бир куни ота-онамнинг уйига борсам, дадам ичиб олган ва жуда кайфиятсиз ўтирган экан. У менга қараб, “Қизим мен учун шу динингдан кеч, бу тўғри йўл эмас экан.
Narrator 1 Сен ўлганингдан кейин сени ўлигингни қабристонга ҳам қўйишмас экан”, деди. Мен эса юмшоқлик билан, “Тирик ва мени эшитадиган Худодан қандай воз кечаман”, дедим. Отамнинг жахли чиқиб, менга пичоқ ўқталди. Мен жуда ҳотиржам эдим. Худо бунга йўл қўймаслигини ва отам ҳам бундай қилмаслигини яхши билардим. Бироқ ўша куни отам жуда қаттиқ сиқилган эканми, тез орада касалхонага тушиб қолдилар. Мени шифохонага чақиришди. Тезда етиб бордим. Борсам дадамнинг оғзи бурнига кислород қопчасини кийгизиб қўйишган, мени кўриб дадам, “Келдингми, қизим”, деди. Унинг кўзларидан мени кўриб хурсанд бўлгани сезилиб турарди. Мен ҳам дадамнинг умри тугаб бораётганини сезиб, дадамга, “Дада мендан ҳафа бўлманг, мен ишонадиган Худо тирик ва эшитадиган Худо. Унинг таклифини қабул қилинг. Сиз ҳам Унга ишонинг, дедим”. Мен гапирар эканман, дадамнинг кўзларидан ёш оқарди.
Narrator 2 Мен гапимни тугатиб бўлганимдан кейин, дадам, “Қабул қилдим”, деди-да, сув сўради. Мен унга бир қошиқ сув ичирдим, кейин унинг жони узилди. Бироқ ўлганида юзида мамнунлик ва хурсандчилик ифодаси қотиб қолган эди. Дадам билан орамизда жуда кўп баҳслар бўлган, у баъзан ишонгиси келарди, баъзан эса масжиддаги имомларининг қўрқитувлари таъсирига тушиб қоларди. Шундай пайтларда биз жуда қизғин баҳслар олиб борардик. Аммо Худога шукурки, Худованд дадамнинг юрагида ўз ишини қилди. Бошиданоқ Худонинг хушҳабарини илиқ кутиб олган дадам умрининг сўнгги онида, Худога юзлашиши олдидан, Унинг хушҳабарини қабул қилди. Худованд менга ҳам дадамга ҳам садоқат қилди. У дадамнинг юрагида бошлаган ишини охирига етказди. Мана азизлар, биз баъзида кўрмасак ҳам, Худованд ҳар бир фарзандининг ҳаётида мўъжизавий тарзда ишлайди. Худога шукур.