Ассалому алайкум азиз ва меҳрибон биродарлар. Яна мавзуларимиз орқали сиз азиз дўстларимиз билан учрашиб турганимиздан бағоят хурсандмиз. Азизлар, Шайтон табиатининг ўзига хос қирралари мавжуд бўлиб, биз имонлилар албатта, улар ҳақида билиб қўйишимиз керак.
Муқаддас Каломда кўрганимиздек, шайтон бошида ўзига берилган мавқе ва ҳокимиятга кўра жуда катта қудратга эга эди. Унинг қудрати шу қадар катталигидан бош фаришта Микойил ҳам «иблисни қарғашга журъат этолмаган».
Бундан ташқари, шайтоннинг бу дунё ишларига кўрсатадиган таъсири ҳам аниқ кўрсатиб ўтилган. Шайтоннинг турли-туман исмлари унинг дунё тизимини қандай бошқаришини ўзида акс эттиради.
Юқорида айтиб ўтганимиздек, у «бу дунёнинг ҳокими», «бу дунёнинг тангриси» ва «фазода ҳукмронлик қилаётган ҳоким»- деб аталган. Муқаддас Калом «бутун дунё шайтоннинг ҳукмидадир»- деб эътироф этади. 1 Юханно китобининг 5 боби 19 оятида.
Шайтоннинг яна бир муҳим хусусиятларидан бири шуки, у ўзининг разил ишларини қисман жинлар орқали бажаради. Жинларнинг фаоллашган, одамларга кўпроқ зиён-заҳмат етказган даври Ҳазрати Исонинг биринчи марта ерга келиши даврига тўғри келади.
Чунки Нажоткоримиз шайтон салтанатининг тинчини бузиб, унга қарши ҳужум бошлаган эди. Шунга ўхшаш фаоллашиш Ҳазрати Исонинг иккинчи бор келишига яқин содир бўлади, чунки Раббимизнинг иккинчи ташрифи шайтон ва унинг нопок издошлари учун узил-кесил мағлубият билан тугайди.
Шайтон ўта ақлли ҳамдир. У ана шу ақл-идроки ёрдамида Одам Ато ва Момо Ҳавони алдади ва ердаги ҳокимиятни улардан тортиб олди. Шайтоннинг ақлу идроки ва топқирлиги одамларни йўлдан оздиришда, алдашда унга катта имконият яратади.
Бироқ қанчалик тез таъсир ўтказадиган бўлмасин, шайтон табиатининг ёки хусусиятларининг чегараси бор. Шайтоннинг қудрати ҳеч қачон Худо томонидан қўйилган махсус чегарадан ошиб кетмайди.
Мисол учун, Ҳазрати Аюб воқеасини олайлик. Шайтоннинг Аюб пайғамбарга қарши қилган ҳар бир ишини Худо назорат қилиб туради. Бу эса ўз навбатида, шайтоннинг ҳазрати Аюбга озор бериш учун Худодан рухсат сўраганлигини билдиради.
Маълум бир ҳолатларда Худо фарзандларига азоб-уқубат етказиш учун шайтонга йўл берилади. Бундан эса хар биримиз бохабар бўлишимиз керак. Шунинг билан азиз биродарлар бугунги мавзумиз ўз поёнига етди.
Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com хайр саломат бўлинг.