«Мана ўғиллар – Худованд берган насиба,
Фарзандлар – Худованд берган мукофотдир.» (Заб 126:3)
Ассалому алайкум. Аёл зоти шундай нозик, гўзал, заиф ва ҳис-туйғуга бой қилиб яратилгани учун Худовандга шукроналар айтаман. Кўпгина аёллар каби мен ҳам баъзида аёл бўлиб дунёга келганим учун ўкинаман, бироқ бу ўкинч узоққа чўзилмайди. Соғлом фикр билан дунёга қараган ҳар бир аёл Худонинг ўзига берган ҳаёти, мажбурияти ва вазифаси учун шукроналар айтади. Бизга берилган вазифани фақат биз бажара оламиз. Айтинг-чи, аёл каби фарзандларига меҳрибон, куюнчак, сабр-тоқатли ва кечиримли зот бормикан? Ҳар бир аёл фарзандининг комил инсон бўлиб етишишини истайди.
Художўй аёлларнинг фикри бу борада қандай? Улар фарзандларини келажакда қандай кўришни истайди? Имонли аёл учун фарзандларининг Худони таниши ва келажакда Унга садоқатли бўлиши муҳим. У фарзандига ҳомиладор бўлганидан бошлаб, то катта бўлгунича, Худодан унинг соғлиғини, доно ва меҳрибон фарзанд бўлишини сўрайди. Ҳақиқий имонли оила Худога садоқат билан хизмат қилиш иштиёқида ёнади. Аммо аёл киши учун энг катта руҳий хизмат бу фарзандларни Худонинг йўлида тўғри тарбиялашдир. Фарзандлари бор аёл, Худонинг бошқа хизмати ҳақида ўйламаса ҳам бўлади. Худо унга нечта фарзанд берган бўлса, у фарзандларининг руҳий ҳолати, тарбияси ва келажакда қўядиган қадами учун жавобгардир.
Шундай экан, ҳар бир она жон – жаҳди билан ҳар куни, ҳар сонияда фарзандига руҳий тарбия бериш билан банд бўлсин. Имонли, тарбияли, меҳрибон ва садоқатли фарзандларни тарбиялаш осон иш эмас. Бунга ҳеч бир аёлнинг кучи етмайди. Аниқроғи аёл киши буни ўз кучи ва билими билан эплолмайди. Яхшиям-ки, Худовандимиз бор. У бизга қийин дамларда, ақлимиз ноқислик қилганда, ожизлигимиз панд бериб қўйганда, ёрдам беради. Болалар тарбияси, айниқса руҳий тарбияси борасида кўп марта нима қилишни билмай қолган аёллар фақат Худога мурожаат қилишади ва Унинг доно маслаҳатига қулоқ солишади.
Ëдимда фарзандларимнинг қилган нотўғри ишларига қандай жавоб беришни, тушунтиришни, ёки қандай йўл тутишни билмай, Худога йиғлаганман.
Бу ҳолатни бошқа аёллар ҳам бошларидан кечирган бўлишлари аниқ. Аммо бизнинг энг катта бойлигимиз – бу Худо. Худо бизга ишониб топширган фарзандларнинг руҳий тарбиясида қийналган чоғларимизда, Ўзи бизга устозлик қилади, далда беради ва етарлича сабр-тоқат ҳам беради.
Фарзандни оқ-ювиб, оқ тараш, ҳеч нарсага муҳтож қилмай катта қилиш осон иш эмаслигини ҳар бир она билади. Фарзанди мустақил бўлгунига қадар, она неча тунларни бедор ўтказади. Бироқ бу ҳаммаси эмас. Имонли она учун бу қийинчиликлар ҳеч нарса эмас. Энг катта қийинчилик уларнинг руҳий тарбиясида. Фарзанд моддий томондан баъзи нарсаларга эга бўлмаса ҳам, руҳий томондан бекаму-кўст бўлиши лозим. Бу нарса ҳар бир онага катта маъсулият юклайди. Агар сизда ҳам бу борада муаммо бўлса бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб, ўзингизга керакли жавобни олинг.