Салом азизлар. Ҳар бир имонга келган одам кимга ибодат қилиш керак деган саволни бериши табиий? Исо издошларини «осмондаги Отамизга» ибодат қилишга ўргатган. (Матто 6:9) Шунинг учун, фақат Худовандга ибодат қилишимиз лозим. Бироқ У «ягона Ўғли» бўлмиш Исо Масиҳнинг мавқеини тан олишимизни хоҳлайди. Чунки Каломдан билиб олганимиздек, Исо бизни гуноҳ ва ўлим қуллигидан озод қилиш мақсадида тўлов сифатида ер юзига юборилган. (Юҳанно 3:16; Римликларга 5:12) У Олий руҳоний ва Ҳакам этиб тайинланган. (Юҳанно 5:22; Ибронийларга 6:20) Айнан шу сабабли, Худонинг Каломига кўра Исо орқали ибодат қилишимиз керак. Исо шундай деган: «Мен йўл, ҳақиқат ва ҳаётдирман.
Менсиз ҳеч ким Отамнинг олдига бора олмайди». (Юҳанно 14:6) Хуллас, ибодатларимиз ижобат бўлиши учун фақат Худога Исо Масиҳ орқали ибодат қилишимиз керак. Нега муайян ҳолатни эгаллаб ёки бирон томонга қараб ибодат қилиш шарт эмас? Муайян ҳолатни эгаллаб ёки бирон томонга қараб ибодат қилиш керакми? Йўқ. Худо биздан қўлларимиз ёки гавдамиз муайян ҳолатда бўлишини талаб қилмайди. Муқаддас Китобдан кўриняптики, ибодат ҳар хил ҳолатларда айтилиши мумкин. Бунга ўтириб, тиз чўкиб, қўлларни кўтариб, мук тушиб ва тик туриб ибодат қилиш киради. (1 Солномалар 17:16; Нахимиё 8:6; Дониёр 6:10; Марк 11:25) Энг муҳими, ибодат хўжакўрсинга ёки бирон томонга қараб эмас, балки чин қалбдан қилиниши лозим. Қаерда бўлишимиздан қатъи назар, кундалик ишлар билан банд бўламизми ёки қийин вазиятларга дуч келамизми, ичимизда ҳам ибодат қилишимиз мумкин. Бундай ибодатларни бошқалар пайқамаса-да, Худо уларни албатта эшитади. (Нахимиё 2:1–6)
Нима ҳақида ибодат қилиш мумкин? Муқаддас Китобда: «Унинг иродасига мувофиқ нимаики сўрасак, У бизни эшитади»,— деб айтилган. (1 Юҳанно 5:14) Демак, Худонинг иродасига мувофиқ нарсалар ҳақида ибодат қилишимиз мумкин. Шахсан ўзимизни ташвишлантирадиган нарсалар ҳақида ибодат қилиш Худонинг иродасига мувофиқми? Бўлмасам-чи! Тангри Худога ибодат қилиш яқин дўст билан мулоқот қилишга ўхшайди. Худога юрагимизни тўкиб солиб, ҳаммасини очиқ-ойдин айтишимиз мумкин. (Забур 62:8) Тўғри йўл тутишга ёрдам бериши учун Ундан муқаддас руҳ сўрасак бўлади. (Луқо 11:13) Шунингдек, доно қарорлар чиқариш ва қийинчиликларни енгиш учун Худодан йўл-йўриқ сўрашимиз мумкин.
Гуноҳ қилиб қўйсак, Масиҳнинг қурбонлиги асосида Худодан кечирим сўрашимиз керак. (Эфесликларга 1:3, 7) Албатта, нафақат ўзимиз, балки оиламиз ва имондошларимиз учун ҳам ибодат қилишимиз лозим. Ибодатларимизнинг асосий мавзуси нима бўлиши зарур? Худованд билан боғлиқ бўлган нарсалар ибодатларимизнинг асосий мавзуси бўлиши зарур. Барча яхшиликлари учун Худойимиз шукрона ва мадҳларга лойиқдир. Ҳазрати Исонинг Матто хушҳабарининг 6-бобида айтган ибодатига аҳамият беринг. Ўша намунали ибодатида Худонинг исми муқаддас бўлиши, яъни муқаддас тутилиши ҳақида айтилган. Шунингдек, Худонинг Шоҳлиги келиши ва Унинг иродаси осмонда бўлгани каби ерда ҳам бажо бўлиши ҳақида айтилган. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.