3:39

«Руҳ тетик, тана эса заиф»

MP3

Салом азизлар. Илтижо ўзи нима ва биз Худога нималар ҳақида илтижо қилсак бўлади? Илтижо бу чуқур ҳис-туйғу ила ёлвориб сўрашдир. Биз Худога нималар ҳақида илтижо қилишимиз мумкин? Қувғинга дуч келганда ёки оғир дардга чалинганда, Унга илтижо қилсак бўлади. Шундай пайтларда, Худодан ёрдам сўраб қилган ибодатларимиз илтижога айланади. Бироқ фақат шундай пайтларда Худога илтижо қилиш керакми? Ҳазрати Исо шогирдларига ўргатган намунали ибодатда Худонинг исми, Шоҳлиги ва иродаси ҳақида нима дейилганига эътибор беринг (Матто 6:9). Ёвузликка тўлиб-тошган бу дунёда инсоний ҳукуматлар фуқароларининг асосий эҳтиёжларини ҳам қондиришга қодир эмас. Ана шу сабабли биз, самовий Отамизнинг исми муқаддас тутилиши ва Унинг Шоҳлиги ер юзини Шайтоннинг бошқарувидан тозалаши ҳақида ибодат қилишимиз керак.

Шунингдек биз, Худонинг иродаси осмонда бўлгани каби, ер юзида ҳам бажо бўлишини сўраб илтижо қилишимиз лозим. Келинглар, сергак туриб, ибодатнинг ҳар қандай шаклини қўллайлик. Нега Бутрус билан бошқа ҳаворийларни, Гетсемания боғида ухлаб қолишгани учун ҳукм қилмаслигимиз керак? Ҳаворий Бутрус масиҳийларни «ибодат қилишга нисбатан сергак туришга» ундаган бўлса ҳам, ўзи бир марта бундай йўл тутмаган. Исо Гетсемания боғида ибодат қилаётган пайтда, у ухлаб қолган шогирдлардан бири эди. Ўшанда Исо уларга: «Доим ҳушёр туриб, ибодат қилинглар», деганди. Лекин улар қулоқ солишмаган (Матто 26:40).

Бутрус билан бошқа ҳаворийларни ухлаб қолишгани учун ҳукм қилишнинг ўрнига, улар ўша куни қаттиқ чарчашганини ёдда тутсак яхши бўларди. Ахир улар Фисиҳ байрамига тайёргарлик кўриб, уни кечқурун нишонлашган. Ўшанда Исо Қутлуғ Кечлик маросимини уюштириб, келажакда унинг ўлимини хотирлаб туришсин деб, уларга намуна кўрсатган эди (1 Кор.11:23–25).

«Кейин улар ҳамду сано айтиб, Зайтун тоғи томон йўл олишди» (Мат. 26:30, 36). Исо билан шогирдлари Қуддуснинг тор кўчаларидан ўтиб, анча йўл юришган. Улар бу жойга ярим кечада етиб боришган бўлиши мумкин. Агар ўша кечада Гетсемания боғида бўлганимизда, биз ҳам ухлаб қолган бўлардик. Исо ҳолдан тойган ҳаворийларни танқид қилмаган. Чунки у «руҳ тетик, тана эса заиф» эканини биларди. Гетсемания боғида сергак турмаганидан Бутрус аччиқ сабоқ олган. Бундан сал олдин Исо: «Бу кеча барчангиз мендан юз ўгирасизлар»,— деб айтганди. Бутрус эса ҳовлиқиб: «Ҳамма сендан юз ўгирса ҳам, мен асло юз ўгирмайман!» — деди. Шунда ҳазрати Исо, Бутрус ундан уч марта тонишини айтди. Бутрус бўлса заррача иккиланмай: «Сен билан бирга ўлишимга тўғри келса ҳам, сендан ҳечам тонмайман»,— деди (Мат. 26:31–35). Шунга қарамай, Исонинг айтгани тўғри чиқди ва Бутрус ундан тонди. Қаттиқ хатога йўл қўйганини тушуниб, Бутрус «аччиқ-аччиқ йиғлади» (Луқо 22:60–62). Бутрус бу воқеадан сабоқ олиб, ўзбошимчалик қилиш мойиллигини енгган, десак адашмаймиз. Бунда унга ибодат ёрдам бергани аниқ. Ахир, «ибодат қилишга нисбатан сергак туринглар», деган маслаҳат айнан Бутрусдан чиққан-ку! Биз, илоҳий илҳом билан ёзилган бу маслаҳатга қулоқ соляпмизми? Боз устига, биз Худога таянаётганимизни кўрсатиб, «доим… ибодат қиляпмизми»? (Заб. 84:9). Келинглар, ҳаворий Павлуснинг: «Ким тик турибман деб ўйласа, эҳтиёт бўлсин, тағин йиқилиб тушмасин»,— деган маслаҳатини ҳам ёдда тутайлик (1 Кор. 10:12).

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top