Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Милоддан аввалги бешинчи асрда Форс шоҳи Артахшаснинг соқийси бўлиб хизмат қилган Нахимиёнинг мисолини кўриб чиқайлик. Нахимиё сидқидилдан ибодат қилиш борасида яхши ўрнак бўла олади. У Қуддусдаги яҳудийларнинг аянчли аҳволидан хабар топгач, бир неча кун «рўза тутиб, самовий Худога илтижо қилиб юрган» (Нахим. 1:4). Артахшас ундан нега ғамгин кўринишини ва шоҳдан нима истаётганини сўраганида, Нахимиё «самовий Худога ибодат қилган» (Нахим. 2:2–4). Натижада нима бўлган? Худо унинг ибодатига жавоб бериб, Ўз халқига ёрдам қўлини чўзган (Нахим. 2:5, 6). Бу эса Нахимиёнинг имонини қанчалик мустаҳкамлаган бўлса керак! Имонимизни мустаҳкам сақлашимизга ва бизни руҳан эзаётган Шайтонга қарши туришимизга нима ёрдам беради?
Нахимиё каби доимо ибодатда бўлиш, имонимизни мустаҳкам сақлашга ёрдам беради. Шайтон шафқатсиз, у кўпинча заиф бўлган пайтимизда бизга зарба бериб туради. Масалан, бирон касаллик билан курашиб ёки депрессияни енгишга ҳаракат қилиб келаётганимизда, ҳар ой хизматга сарфлаётган вақтимиз Худонинг кўзида арзимас, деб ўйлашимиз мумкин. Эҳтимол, ўтмишда бошимиздан кечган воқеалар дастидан хаёлимизга нохуш фикрлар келаётгандир. Шайтон, ўзимизни кераксиздай ҳис қилишимизни хоҳлайди. У ҳиссиётларимиз билан ўйнашиб, имонимизни сусайтириш мақсадида бизга ҳужум қилиб туради. Биз эса «ибодат қилишга нисбатан сергак туриб», имонимизни мустаҳкам сақлай оламиз.
Чиндан ҳам, «катта имон қалқони» билан, биз «ёвуз Шайтоннинг барча оловли ўқларини ўчира оламиз» (Эфес. 6:16). Агар «ибодат қилишга нисбатан сергак турсак», ғафлатда қолиб кетмаймиз. Натижада, бехосдан имон синовига дуч келсак, эътиқодимизга хиёнат қилиб қўймаймиз. Бошимизга синов ва қийинчиликлар тушганда, келинг Нахимиёнинг мисолини эслаб, дарҳол Худога ибодат қилайлик.
Биз фақатгина Худонинг ёрдами билан васвасаларга қарши туриб, имон синовига дош бера оламиз. Бошқалар учун Худога ибодат қилсак, бу чиндан ҳам фойда. Шундай экан, биз бошқалар учун ибодат қилишни шараф деб билиб, бу масъулиятга жиддий ёндашишимиз керак. Инжилда шундай дейилган: «Масиҳ ер юзида бўлганида, уни ўлимдан қутқарадиган Зотга қаттиқ фарёд ва кўз ёшлар билан ўтиниб ёлворган. Шунда унинг ибодати ижобат бўлган, чунки у Тангридан қўрқарди» (Иброн. 5:7). Исо ўтиниб ёлворгани туфайли ер юзидаги ҳаётининг охиригача Худога содиқ қолган. Натижада, Яҳова севикли Ўғлини ўлимдан халос этиб, осмондаги ўлмас ҳаёт билан тақдирлаган. Биз ҳам, қандай синов ва қийинчиликларга дуч келишимиздан қатъи назар, самовий Отамизга садоқатимизни сақлай оламиз. Ҳа, агар «ибодат қилишга нисбатан сергак турсак», абадий ҳаёт мукофотига эга бўламиз.
Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.