Салом азизлар. Сиз ўзингизни тартибга соласизми? Васвасага қарши тура оласизми? Балки ҳаётингизда сиз енга олмаган ёмон одатларингиз бордир. Бундай одатингиз Худога хуш келмаслигини била туриб, ўзингизни оқлаётгандирсиз: “Агар Худо бу одатимни йўқ қилишни хоҳлаганида эди, менга куч берган бўларди.” — деб айтаётгандирсиз. Бу гапда жон бор, аммо ҳақиқат шундаки, Худо сизга керакли кучни бериб бўлган. Бу куч Муқаддас Руҳда мужассамдир. Сиздан фақат шу кучни татбиқ этиш талаб қилинади. Бу кучни татбиқ қилиш учун эса, сиз ўзингизни тартибга солишингиз керак бўлади. Ўзингиз тўғри йўлдан бора олмаганингиз учун, ҳеч қачон Худони айбламанг. Мисол учун, сиз бир кечани Муқаддас Китобни ўрганиш учун ажратиб қўйгансиз. Аммо телевизорда сиз ёқтирган кўрсатув бошланиб қолди. Шунда сиз, Китобни бошқа пайт ўқийман, деб қарор қиласиз.
Ўша куни кечқурун сиз Китобни ўқимайсиз, кечгача телевизор кўриб, эрталаб туришга қийналасиз. Шу сабабдан эрталаб ишга кетишдан олдин ҳам Худо билан вақт ўтказа олмайсиз. Бундай тартибсизликка бир–икки марта йўл қўйсангиз, ҳеч нарса ўзгариб қолмайди. Муаммо шундаки, бир марта қилинган ишни иккинчи марта такрорлаш осонроқ бўлади ва шу тариқа тартибсизлик ҳаёт тарзига айланади. Ахир, фикрни эксанг ҳаракатни ўриб оласан. Ҳаракатни эксанг, одатга эга бўласан. Одатни эксанг, ўз абадиятингни белгилайсан. Агар сиз фақат якшанба кунлари вақтингизни Худога бағишласангиз, ишончли одам бўла олмайсиз. Ишончли одам ҳаётининг ҳар бир жабҳасида Муқаддас Китоб ўгитларига риоя қилиб яшайди. Шогирднинг ҳаёти тартибли бўлади. Шогирд интизомга бўйсунади. Бундай ҳаёт кечириш осон эмас. Аммо Худо ҳеч қачон бизга осон ҳаётни ваъда қилмаган.
Ўзини тартибга солиш осон бўлмагани учун ҳам, бугунги кунда ишончли ва садоқатли одамлар камдан–кам учрайди. Олтин медаль фақат ўз устида тинмай ишлайдиган, ўзини интизомга бўйсундира оладиган, кайф–сафодан қочадиган, аниқ мақсадни кўзлаб, ўшанга етишга қарор қилган атлетчига берилади. Худо ҳам фақат шу турдаги одамларни хизматга чорлайди. “Худо бутун борлиқни Масиҳ орқали яратган. Еру кўкдаги бор мавжудот, кўринадиган ва кўринмайдиган ҳар бир нарса, ғайритабиий кучлар, тахту салтанатлар, буларнинг ҳаммаси Масиҳ орқали, Унинг Ўзи учун яратилгандир. Масиҳ бутун борлиқдан олдин мавжуд эди, бутун борлиқ У туфайли мустаҳкам турибди. Масиҳ жамоатнинг бошидир, жамоат Масиҳнинг танасидир. Ҳамма нарсанинг ибтидоси Масиҳдир, У ҳаммадан устун бўлиши учун биринчи бўлиб ўликдан тирилтирилган.” (Колосаликларга 1:16–18).
Ҳаётингизда қанчалик кам нарсани танлашни қарор қилишингиз ҳақида ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Қаерда туғилишингизни сиз қарор қилганмисиз? Ота–онангизни ёки туғиладиган мамлакатингизни ўзингиз танлаганмисиз? Терингиз, кўзингиз, сочингизнинг рангини ўзингиз танлаганмисиз? Қандай қобилият ва инъомларга эга бўлишни ўзингиз қарор қилганмисиз? Бўйингизнинг баландлигини, ташқи кўринишингиз қандай бўлишини ўзингиз танлаганмисиз? Бу каби ҳамма саволларга жавоб битта, у ҳам бўлса “йўқ”. Ҳаётингиздаги кўп нарсаларни танлашни сиз қарор қилмайсиз. Буларни ўзгартира олмайсиз ҳам! Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.