“Шунинг учун билки, эй ҳукм қилувчи киши, сен ким бўлишингдан қатъи назар, узринг қабул қилинмайди. Сен бошқа одамни ҳукм этиш баробарида ўзингни ҳам маҳкум этасан. Чунки, эй ҳукмловчи, ўзинг ҳам шу ишларни қиляпсан-ку! Бундай ишлар қилиб юрганларни Худо маҳкум қилишда ҳақли эканини биламиз. Айни ишларни ўзинг қила туриб, шундай ишларни қилувчиларни ҳукм этсанг, Худонинг ҳукмидан қочиб қутуламан, деб ўйлайсанми, эй одам? Ёки Худонинг муруввати сени тавбага келтиришини билмай, Унинг илтифоти, мулойимлиги ва сабрининг чексизлигига бепарво қарайсанми? Мана, сен саркаш ва тавба қилмовчи қалбинг туфайли Худонинг одил ҳукми амалга ошажак қаҳр-ғазаб кунигача ўзингга-ўзинг ғазаб тўплаб юрибсан-ку. Худо ҳар кимни қилмишига яраша тақдирлайди.
Яхши ишда қунт қилиб, улуғ қадриятни ва мангуликни излаганларга У абадий ҳаёт ато этади. Аммо худбинлик қилиб, ҳақиқатга бўйсунмай, ҳақсизлик пайидан бўлганларга қаҳру ғазабини сочади. Аввало яҳудий, сўнг ўзга халқ кишиси бўлиб ёмонлик қилувчи ҳар бир банданинг жонини У қийноқ ва қайғуга солади. Аввало яҳудий, сўнг ўзга халқ кишиси бўлиб яхшилик қилувчи ҳар бир бандага эса иззат, ҳурмат ва эсонлик насиб этади. Зероки, Худо юз-хотир қилиб ўтирмайди” (Рим 2).
Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз. Афсуски, кўпчилик жамиятимиздаги руҳий инқирознинг юз беришига алоқалари йўқлигини айтадилар. Ҳаворий Павлус давридаги одамлар ҳам ҳудди шундай ўйлаб юрганлари ҳеч кимга сир эмас.
Павлус даврида минглаб одамлар шу тарзда фикр қилган бўлса, хозирги замонга келиб эса миллионлаб одамлар руҳий инқироздаги жавобгарликдан ўзларини четга олиб, бунда уларнинг айиби йўқ эканини таъкидлайдилар. Чиндан ҳам, нега шундай экан? Нега биз атрофдаги бўлаётган ахлоқсизликларга ва ҳақиқатсизликларга бефарқмиз? Хўш, келинг, ундан кўраси, ҳаворийнинг оятларининг давомини кўриб чиқиб, саволларимизга жавоб олсак. “Илоҳий Қонунни билмай туриб гуноҳ қилганлар Қонундан ташқари ҳалок бўладилар. Илоҳий Қонунни била туриб гуноҳ қилганлар эса қонуний равишда жазоланадилар. Чунки Худо Қонунни эшитганларни эмас, балки бажо келтирганларни оқлайди.
Илоҳий Қонуни йўқ халқлар ўз-ўзларидан бу Қонунда буюрилгандек қилганларида, улар Илоҳий Қонунга эга бўлмай туриб, ўзлари учун ўзлари қонундирлар. Бу билан улар Илоҳий Қонуннинг талаблари ўз юракларида ёзилганини кўрсатадилар. Уларнинг виждони ҳамда бири иккинчисини гоҳ қоралаб, гоҳ оқловчи фикрлари бунга гувоҳдир. Мен тарғиб этаётган Инжил Хушхабарига кўра, Худо Исо Масиҳ орқали инсонларнинг сирли ишларини муҳокама этадиган кунда ана шундай бўлади”. Ҳаворий, бу ердаги барча саволларимни ечадиган бир жавобни айтиб ўтяпти. У ҳам бўлса, нажоткоримиз Исо Масиҳдир. Айнан шу Зот орқали Худонинг олдида ўзимизни оқлай оламиз. Худо ва биз инсонларнинг орасидаги масофани ва жарликни тўлдирувчи шаҳс айнан ҳазрати Исо эканини таъкидлаб ўтяпти. Жамиятимиздаги руҳий инқирозни фақат ҳазратимиз Исо орқали тузатишимиз мумкин, Унга мурожаат қилайлик, шунда руҳий инқирознинг ўрнига Худонинг севгиси ва инояти келади. Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.