Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Ҳар бир инсон ростгўйлик инсондаги энг қадрли сифат эканини яхши билади. Аммо бу ҳислат нима учун шунчалик қадрланади ва шунчалик муҳим?Агар салгина ёлғон гапирсак, бунинг нимаси ёмон? Кўпчилик, яхшилик учун ёлғон гапирса бўлади, деб ҳисоблайди. Худо Каломида бу ҳақида жуда кўп оятлар бор. Яратувчимиз ҳар биримизни рост сўзлашга ва софдил бўлишга чақиради. Ҳатто бошқанинг ҳис туйғуларини яшириш учун ишлатилган кичик ёлғон ҳам имонимизга қарши ишлайди. Ёдингизда бўлсин, биз нур келтирувчи элчилармиз. Нур ва ҳақиқат ҳақида хушҳабар айтадиган одамлар шунга яраша яшашлари ҳам керак. Агар ўзимиз ёлғон гапирсак, атрофимиздагиларни нурга қандай эргаштирамиз. Раббимиз Исо Масиҳ, “Мен Йўл, Ҳақиқат ва Ҳаётдирман”, деган эди. Агар Раббимиз ҳақиқат бўлса, демак Унга эргашадиганлар ёлғон гапирса, Унга эмас, тескари томонга қараб кетаётган бўлади.
Narrator 2 Ростгўй бўлиш — Масиҳнинг изидан юриш дегани. Агар инсон Худога ўхшаш сифатга эга бўлишни ва Уни мамнун қилишни истаса, демак у ростўй бўлиши керак. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Худо ёлғон гапирмайди! Унинг берган ваъдаси ва ичган қасами ҳеч қачон ўзгармайди. Худо тасдиқлаган ваъдасидан энди биз кучли далда олиб, У берган умидни маҳкам тутайлик. Ахир, биз Худодан паноҳ топганмиз.” Қадимда буюк аждодларимиздан бири Алишер Навоий бу ҳақида шундай деган, “Ёлғон гапириш билан ўз вақтини ўтказувчи одам, бу қилиғи ёмон туюлиш ўрнига, кишиларни алдагани билан фахрланади ҳам. Ёлғончи ўз гапига гўллик билан қулоқ солувчини топса, уларга ёлғонни чинга ўтказса, муродига етган бўлади. Ёлғончи — ҳақ қошида гуноҳкор; халқ олдида шарманда. Бундай наҳснинг беор юзи ёмонликка ўгирилган бўлади; бундай наҳсга ботган одам қутлуғ уйдан нари бўлғай.”
Narrator 1 Ростгўйлик инсон характерини кўрсатади. Ростгўйлик ички борлиғимизни тўғридан тўғри кўрсатадиган сифатдир. Сизнинг қиладиган ишларингиз имонингизни акс эттиради. Тўғри яшаб тўғри ҳаракат қилган одам, Худонинг хушҳабарини амалда кўрсатаётган бўлади. Ҳаммамиз ҳам эски танамиздан воз кечган ва у билан курашаётган одамлармиз. Аммо ростгўй бўлишга ҳаракат қилиш виждонимизни тоза сақлайди. Ҳаётингиз давомида қаерга борманг, характерингиз жуда катта роль ўйнайди. Сизни ишга олувчи одам, ростгўй бўлишингизни истайди. Кўпгина йирик компаниялар, ростгўй ва софдил ҳодимларини жуда қадрлайди. Агар сиз чиндан ҳам шундай одам бўлсангиз, улар тез орада буни билиб оладилар. Луқо хушҳабари 16 боб 10 оятда Худованд шундай дейди, “Кичик ишда садоқатли бўлган одам катта ишда ҳам садоқатли бўлади. Кичик ишда садоқатсиз бўлган эса катта ишда ҳам садоқатсиз бўлади.”
Narrator 2 1 Тимўтийга 1 боб 19 оятда эса шундай ёзилган, “Имонингни маҳкам тут, виждонли бўл. Баъзи одамлар виждонини сотдилар, уларнинг имони ҳалокатга учраган кемадай барбод бўлди.” Сулаймоннинг ҳикматлари китобида ҳам бу ҳақида шундай ёзилган, “Солиҳнинг фикри–зикри — адолат, фосиқнинг маслаҳати эса ёлғондир. Фосиқнинг сўзи қонга ташна, тўғрининг тили эса қутқаради.” Демак, юқорида айтганимиздек, софдиллик ва ростгўйлик нафақат сизнинг характерингизни балки имонингизни ҳам кўрсатади. Худо Исроил халқига берган ўн амрдан бири — ёлғон гапирмаслик ҳақида эди. Шунинг ўзи Худо бу масалага қандай ёндошишини кўрсатади. Агар Худо биздан шуни истаётган бўлсак, қиладиган ҳар бир ишимизда ва босадиган ҳар бир қадамимизда ростгўй бўлишимиз керак. Биз шундай деб яшашимиз керак, “Каломинг моҳияти ҳақиқатдир, Адолатли қоидаларинг то абад давом этади.”