Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Исо Масиҳнинг илк издошлари орасида Матто деган ҳаворий ҳам бор эди. У ҳақида биринчи бор Матто 9 боб 9 оятда ҳамда Матто 10 боб 3 оятларда ёзилган. “Исо йўлда давом этаркан, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Маттони кўриб қолди. Исо унга: — Ортимдан юр! — деди. Матто ўрнидан туриб, Исога эргашди.” Муқаддас Каломда унинг номи ҳаворийлар орасида тез-тез тилга олинсада, унинг келиб чиқиши ҳақида маълумотлар берилмаган. Матто хушҳабарига қўшимча тарзда Луқо ва Марк хушҳабарларида ёзилган маълумотларга кўра, унинг асл исми Алфей ўғли Леви. “Шундан сўнг, Исо у ердан чиқиб, солиқ йиғадиган жойда ўтирган Левини кўриб қолди. Исо унга: — Ортимдан юр! — деди. Леви ўрнидан турди, ҳамма нарсасини қолдириб, Исога эргашди.” “Матто” исми унга кейинчалик берилган исм бўлса керак. Леви биринчи асрда яшаган Жалилалик солиқ йиғувчи бўлган.
Narrator 2 Жалила ўша пайтда Яҳудия музофотига кирмасди. Унинг касбига қарайдиган бўлсак, у Оромий ва Юнон тилларида таълим олган бўлиши керак. Унинг замондошлари яҳудийлар ундан нафратланган, чунки у Рим империясига хизмат қилар эди-да. Исо Масиҳ уни ортидан эргашишга чақирганидан кейин, Матто Исо Масиҳни ва бошқаларни ўзининг уйига таклиф қилди. Фарзийлар эса Исо Масиҳнинг солиқчилар ва гуноҳкорлар билан бирга ўтирганини кўриб, Уни танқид қилишди. Янги Аҳдда Исо Масиҳ ортидан эргашганлар орасида Масиҳнинг осмонга кўтарилганига гувоҳ бўлган ҳаворийлардан бири ҳисобланади. Кейинчалик вужудга келган жамоат руҳонийларидан бири Ираниуснинг ёзишича, Матто бошқа давлатларга боришдан олдин яҳудийларга хушҳабар етказган. Қадимий қўлёзмаларда у қайси бошқа давлатларга боргани ҳақида аниқ маълумот берилмаган.
Narrator 1 Католик ва Провослав черковлари Матто азоблаб ўлдирилганини таъкидлайдилар. Матто Хушҳабарининг автори Муқаддас Каломда келтирилмаган. Аммо эрамизнинг 100-140 йилларида яшаган Епископ Париас Хераполиснинг ёзишича, Исо Масиҳнинг шогирди Матто Исо Масиҳнинг айтганларини иброний тилида қоғозга тушириб, йиғиб борган. Шу сабабли бу Хушҳабар Матто Хушҳабари деб атала бошланган. Учинчи асрга келиб, Матто Исо Масиҳнинг ҳаёти ва айтганларини ёзиб олган қўлёзмалар яҳудий-масиҳийлар орасида кўп ўқиладиган бўлди. Жером Эпифаниуснинг ва бошқаларнинг цитаталарида шу қўлёзмалардан парчалар келтирилган. Энди Қуръон китобига қарайдиган бўлсак, унда Исо Масиҳнинг шогирдлари ҳақида гап кетганда исмлари келтирилмай, шунчаки, “Худо иши ёрдамчилари” деб ёзилган. Аммо Қуръонга келтирилган шархлар китобларида Исо Масиҳ шогирдларидан Матто ва Идриснинг исмлари келтирилган.
Narrator 2 Унда ёзилишича, шу икки шогирд Эфиопияга (Африка давлатига эмас, Каспий денгизи жанубида жойлашган Эфиопия деган жойга) Худо хушҳабарини етказиш учун борган. Афсуски Маттонинг Исо Масиҳ ҳаворийси бўлишидан олдинги ҳаёти ҳақида кўп нарса билмаймиз. Билганимиз Каломда келтирилганидек, отасининг исми Алфей бўлгани ва солиқ йиғувчи бўлганидан ортиқ маълумот берилмаган. Унинг асл исми Леви бўлган бўлиши мумкин. Чунки ёдингизда бўлса, Бутруснинг асл исми Симон эди. Аммо Исо Масиҳнинг шогирди бўлгач, Масиҳ унга Бутрус, яъни “тош” деган исмни берди. Масиҳнинг бир нечта шогирдлари Масиҳнинг хизматига қўшилганларидан кейин исмларини ўзгартиришган. Матто исми иброний тилида “Яҳвенинг инъоми” деган маънони билдиради. Ўзининг замонасида Матто Рим империясига хизмат қилиб, яҳудий халқидан солиқ оладиган солиқ йиғувчи бўлган.