3:49

Отамнинг охирги сабоғи

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Инсон ҳаёти бир ўт-ўланнинг униб чиқиб кейин қуриб кетишидек, жуда тез ўтар экан. Муқаддас Калом инсон ҳаёти Худонинг кўз ўнгида экани ҳақида шундай дейди, “Ички аъзоларимни Сен яратгансан, Онамнинг қорнида менга шакл бергансан. Сенга шукрона айтаман. Ахир, қандай ажойиб қилиб яратилганман! Сенинг барча ишларинг нақадар ажойиб, Буни мен жуда яхши биламан. Мен пинҳон яратилганимда, Ернинг тубида маҳорат ила тўқилганимда, Суякларим Сендан яширин эмас эди. Кўзларинг кўрганди ҳомила эканимни. Менга ажратилган кунлар келмасдан, Ҳаммаси китобингга ёзилганди.” Худованд яқинларимиздан бирини ёки ўзимизни яратар экан, ҳаётимиз учун Унинг режаси бор. Буни Отамни ўйлаб айтаяпман. Яқинда Отамдан айрилдим. У Худонинг олдига кетганига ишонаман. Агар яқинларимиз Исо Масиҳни қабул қилганига ва Унинг амрларига қараб яшаганини билсак, улар вафот этганларида ҳам жаннатга, Худонинг олдига кетганига ишонамиз.

Narrator 2 Чунки Худонинг Ўзи бу ҳақида ваъда бериб айтган, “Зеро, Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди. Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди.” Отамнинг нажот топиш ҳикояси шундан бошланган. Мен Исо Масиҳни қабул қилган йилим, бир куни кечаси туш кўрдим. Тушимда бир чуқурнинг ичида туриб отам иккаламиз, осмонга қараб турибмиз. Мен Отамга бир нималарни гапираяпман. Шунда осмондан бир фаришта учиб ўтди. Мен эса отамга қарам, “Ота, қаранг бу Исо Масиҳ”, деяётган эканман. Гарчи ўшанда тушим тушунарсиз бўлган бўлса ҳам йиллар давомида бу тушни унутмадим. Кейин ота-онамнинг уйига борганимда Муқаддас Калом олиб бориб, уларга Худо ва Исо Масиҳ ҳақида айтишга ҳаракат қилдим.

Narrator 1 Бир неча йиллардан кейин эса, отам малака ошириш учун Қўшма Штатларга кетди. Ўша ерда бир одамнинг уйида бир йил яшаб ўқиди. Келганидан кейинги вақтларни ва то Худонинг олдига кетган вақтигача бўлган пайтларни эсласам, отам доим менга сўзлари орқали ўзининг ҳам Худога яқин эканлигини айтмоқчи бўлган экан. Отам, баъзи художўй инсонлар каби, Худонинг исмини тез тез тилга олиб одамлар кўз ўнгида ўзининг қанчалик солиҳ ва художўй эканлигини кўрсатадиган одам эмасди. Унинг қилган ишлари, доим ўзини бошқалардан паст олиши, бошқаларни ўзидан кўра кўпроқ ҳурмат қилиши, ёмонликка ёмонлик билан эмас, яхшилик билан жавоб қайтариши, бошқаларнинг фикрларини ҳурмат қилиб, уларни борича қабул қилиши, саломатлиги ва маблағига қарамай, доим хизматга ва ёрдамга шай туриши унинг қанчалик Худога яқин бўлганидан дарак берарди.

Narrator 2 Ўлган куни тазиясига жуда кўп одамлар келди. Отамнинг ўлими орқали Худованд менга жуда катта сабоқ берди. “Сен ўзингни масиҳийман деб ҳисоблайсан-да. Ҳақиқий масиҳий мана бундай яшайди”, деб отамнинг қандай яшаганини ўзгаларнинг тилидан маълум қилди. Таъзия билдиришга келган одамларнинг ҳаммаси, уларга отамнинг қандай ёрдами теккани ҳақида гапириб, кўзларига ёш олди. Ёшу қари бирдек, унинг қанчалик ёрдамга ва бошқаларнинг хизматига шай бўлган одам эканлигини, доим мамнун қиёфада кўрганликларини, беминнат ёрдам бериб, камтар инсон бўлганини айтишарди. Уларни эшитиб, ўзимни “Масиҳийман”, деб юрганимдан уялдим. Камчиликларимни Худованд олдимда очиб ташлади. Мағрурлигим, юз-хотирчилигимни, одамларни характерига қараб, муомала қилишимни ҳаммасини кўрдим. Бу менга отамнинг охирги сабоғи эди.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top