«Жаҳл золим, ғазаб бир тошқиндир, рашк олдида ким бардош бера олади?» (Маталлар 27:4).
Ассалому алайкум. Жуда қизиқ, негадир бировнинг нарсаси, сизникидан яхшироқ кўринади. Нега шундай? Агар ҳамкасб аёллардан кимдир ишхонага янги кўйлак кийиб келган бўлса, унинг кўйлаги назарингизда сизникидан чиройлироқ ва яхшироқ кўринади. Сиз ҳам шунақа кўйлак олишни истайсиз. Бу нарса сизга болаларнинг одатларини эслатмаяптими?! Агар болаларга мева бермоқчи бўлсангиз албатта ҳаммага тенг бўлиб бериш керак, акс ҳолда катта жанжал бўлади: «Анавининг олмаси меникидан каттароқ экан, менга кичкинаси тушибди.» Ëки бўлмаса «Унга пирогнинг каттароқ бўлагини берибсиз, менга ҳам каттасидан беринг», каби ҳарҳашаларни кўп эшитганмиз. Бу ҳарҳашалар ҳеч қачон тугамайдигандай туюлади, баъзида. Биз аёлларнинг ҳаётида ҳам шундай ҳолатлар бўладими? Албатта бўлади. Имонли бўлишимизга қарамай, кўпинча, бошқаларда бор нарсаларни ўзимиздаги нарсалар билан таққослаймиз. Ёки бўлмаса, ўзимизни бошқалар билан таққослаймиз. Шунча яхши ҳислатларга эгамиз, қаттиқ меҳнат қиламиз, аёллик ва оналик вазифамизни яхши бажарамиз, шунга қарамай, нега менда шу нарсалар йўқ, дея нолиймиз. Бу нарсаларнинг асл негизи нимада? Ўзингизда бор нарсаларни бошқаларники билан солиштириш, бахилликнинг белгисидир. Бахил ва рашкчи юрак эгасини адо қилади. Болалар ўзларини шундай тутса, «Болада, катта бўлса ўтиб кетади, эси кириб қолади», деймиз. Назаримизда бахиллик ва рашкчилик катта бўлган сари йўқолиб кетадигандай. Бу гапни айтганлар ўзларида ҳам мана шундай сифатлар борлигини сезмай айтган бўлсалар керак. Рашк ва бахиллик ҳеч қачон ўтиб кетмайди. Катта бўлганимиз сари юрагимиз, ҳаёт биз лойиқ бўлган нарсани бермаганида, «Бу адолатдан эмас», дейди. Ҳатто энг кучли имонли ҳам бу нарсага мойил бўлади. Имонли сифатида бошқа имонлиларнинг ҳаётига назар ташлар эканмиз, Худо уларни биздан кўра кўпроқ баракалагандай, туюлади. Аёл сифатида бошқа бир аёлнинг ҳаётини таҳлил қиламиз. Унинг уйи меникидан каттароқ. Ёки бўлмаса, анавининг кўриниши чиройли, бошқасининг иши зўр. Яна бирининг болалари меникидан яхшироқ ва тарбиялироқ. Бу каби солиштиришлар, аёлнинг кайфиятини бузади, ўзига бўлган ишончини йўқотади, Худо ҳақида нотўғри фикрлашга олиб келади. Уйда ўтирадиган аёллар ишлайдиган аёлларга ҳасад қилишади. Боласи йўқ аёл эса боласи борга ҳасад қилади. Агар билсангиз бу нарсалар Худонинг назарида жуда аҳмоқона кўринади.
Ҳасад – касалликка ўхшайди. Маталлар китобида Сулаймон пайғамбар бу ҳақида нима деганини биласизми? «Хотиржам юрак танага ҳаёт бахш этади, ҳасадгўйлик эса суякларни чиритади» (Маталлар 14:30). Рашк келса бир ўзи келмайди. У ўзи билан бир нечта ёмон туйғуларни – ҳасад, ғазаб, алам, бахилликни олиб келади. Баъзида бу рашк ўзини кўрсатади баъзида эса йўқ. Худо бу ҳақида шундай амр берган эди: «Қўшнингизнинг уйига ҳавас қилиб, кўз олайтирманг. Қўшнингизнинг хотинини, қулини ёки чўрисини, молини ёҳуд эшагини, унга қарашли бирор нарсани орзу қилманг» (Чиқиш 20:17). Хуллас ҳасад ва рашк кишининг тинч осуда ҳаётини заҳарлайди. Бу ҳақида кўпроқ билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга ташриф буюринг.