«- Ханна, нега йиғлаяпсан, нимага овқат емаяпсан? – дерди. – Нимага бу қадар ғамгинсан? Сен учун мен ўнта ўғилдан ҳам афзал эмасманми?» (1Шоҳ 1:8).
Ассалому алайкум. Ҳар бир имонли аёл Ханна ҳикоясини эшитган ва ўқиган. Ханнанинг имони ва садоқати мақтовга арзийди. Аммо у ҳаётидан хурсанд эмасди. Ханна даврида фарзандсизлик шармандали ҳолат ҳисобланарди. Бугун ҳам қисман шундай десак бўлади. Шунинг учун ҳам Ханна доимо ғамгин ва тушкун кайфиятда юрарди. Ҳеч ким ва ҳеч нарса уни овутолмас, эзилган юрагига далда беролмасди. Қизиғи, ҳатто эри Элқананинг сўзлари ҳам далда беролмаган. Бир куни улар ҳар йилгидай Худога сажда қилиб, қурбонлик келтириш учун Шилўга боришди. Улар еб ичиб бўлганларидан кейин Ханна ўрнидан туриб, маъбадга кириб кетди. Унинг ичидан нималар ўтганини биз аёлларгина тушунишимиз мумкин.
У юрагида тўлиб кетган дардларини тутиб туролмагани аниқ. Ҳар сафар кундоши Панинанинг болаларига қараб минг эзилгани рост. Мана шу дардларини Худога тўкиб солиш учун Маъбадга кириб кетди. Ўша пайтда маъбадда Элах деган руҳоний хизмат қиларди. Ханна маъбадга кириб кетганида руҳоний Элаҳ маъбад эшиги ёнидаги курсида ўтирган эди. Ханна шундай ибодат қилди: — Эй, Сарвари Олам! Шу чўрингнинг қайғусига қулоқ солиб, ёдга олсанг, чўрингни унутмай, унга бир ўғил ато этсанг, ўша ўғлимни умрбод Сенга назр қилардим, унинг бошига устара ҳам тегмасди. Ханна тиз чўкиб олиб, узоқ ибодат қилди. У ичида ибодат қилгани учун овози эшитилмас, фақат лаблари қимирларди ҳолос. Руҳоний Элах буни кўриб уни ичиб олган аёл деб ўйлади.
— Қачонгача сархуш бўлиб юрасан? Энди шаробдан воз кеч! – деди. Аммо Ханна ичмаганди. У руҳониийга: — Ундай эмас ҳазратим, мен кўнгли ғамга тўла бир аёлман. Шароб ичмаганман, фақат юрагимдагини Эгамга тўкиб солаяпман. Мени ярамас хотин деб ўйламанг. Юрагим ғамга тўлиб кетган ҳолос – деди.
Элаҳнинг ҳолатини тасаввур қилаяпсизми? У Ханнанинг ташвиши нима эканлигини билмасди. Шунга қарамай, унинг ғамбода юзини кўриб, юраги чиндан ҳам ғамга тўлалигини сезган ва Ханнага ўша дамда энг керакли нарсани берди. Бу далда эди. Ханна кутган ва унинг холатига айнан тўғри келадиган далда эди. Шу пайтгача ҳеч бир яқини уни руҳоний Элаҳдай далда беролмаган эди. Руҳоний Элаҳ унга нима деганига қизиқаяпсизми? У – Эсон –омон бор, — деди. – Исроил халқининг Худоси тилагингни бажо келтирсин. Бу жуда оддий сўзлар бўлиб туюлса ҳам, Ханна неча йиллардан буён айнан мана шу сўзларга, далдага муҳтож эди. У исроилнинг Худоси, Эгаси тилакларини бажо келтиришини истарди. Руҳоний Элаҳнинг сўзлари Ханна учун ҳам далда ҳам, дуодай бўлиб жаранглади. Шундан сўнг у бориб овқат еди ва чеҳраси очилди. У энди аввалгидай ғамгин эмас эди. Биз ҳам атрофимиздагиларга мана шундай далда беришимиз керак. Улар бизнинг далдамиз орқали, ҳаётга бўлган умидларини тиклаб оладилар. Атрофингизга қаранг, турмуш ўртоғингиз, яқинларингиз, ҳамкасбларингиз ёки қўшниларингиздан бирортаси ғамга ботган бўлса, уларга керакли далдани беринг. Токи сизнинг далдангиз орқали ҳаётга бўлган умидлари тиклансин. Вақтингизни унумли ўтказишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга ташриф буюринг.