3:31

Доимиз мижозлар савдонинг пойдевори

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Бу илм инкор этиб бўлмас даражада очиқ ва ҳаммага кераклидир.

Шу нарса ҳақиқатки, мижоз билан сотувчининг фикри ҳар доим ҳам бир жойдан чиқавермайди. Бундай пайтда сотувчи ҳеч балони тушунмас экан, дея мижозни таҳқирламаслиги керак, келиша олмагани учун харидорни камситмаслиги лозим. Уни калака қилмаслиги, сабрли бўлиши шарт. Имиллаб юриш, довдираш, меровсираш, танбаллик, харидорнинг гапини эшитмаслик, бир нарса сўраганда кавшаниб туриш ёки ёнидагилар билан ҳазил-ҳузул қилиш каби ҳолатлар харидорни йўқотишга сабаб бўлади. Шу мавзуда ажойиб бир воқеани келтириб ўтаман: каттакон дўкон йил охирида балансини зўрға ёпа олди.

Бошқарув кенгашида баҳс-мунозаралар авжига чиққан, сарф қилинган салмоқли маблағлар, қилинган рекламалар натижа бермасди. Реклама бюроси бошлиқлари статистикани курсатми дўконга ҳозирга қадар мингларча харидор келганларини айтиб, ўзларини ҳимоя қилишар эди. Хўш, унда бу ҳолат нега юз берди?

Ўтказилган таҳлил натижаларидан дўконга ҳақиқатан ҳам кўплаб янги мижозлар келгани, бироқ айни пайтда яна шунча мижоз йўқолгани маълум бўлди. Бунга нима сабаб бўлди экан? Нега мижозлар кетиб қолишган? Муассаса мудири 200 нафар мижозга мактуб йўллаб, магазинга нега келмай қўйганлари сабабини ёзиб юборишларини илтимос қилди. Икки ҳафта ичида жавоблар етиб келди ва ҳаммаси ойдинлашди. Жавобларда кўрсатилган сабаблар қуйидагича эди: Мижозларнинг:

46 нафари сотувчининг бепарволиги ва ишга ҳафсаласизлик билан ёндашгани; 24 нафари сотувчининг ёмон молни яхши деб сотгани; 18 нафари сотувчининг нотўғри хатти-ҳаракати; 17 нафари сотувчининг ҳурматсизлиги; 17 нафари сотувчининг имиллаб ҳаракатланиши; 16 нафари сотувчининг одобсизлиги ва бетакаллуфлиги;

9 нафари эса магазиннинг шакли ва молларнинг тартибини ёқтирмагани туфайли келмай қўйган экан. Бу рўйхатдан ҳам кўриниб турибдики, дўкондан мижозлар оёғи узилишига сотувчиларнинг ҳафсаласизлиги, ишига совуққонлик билан ёндашгани боис йилда 15 фоиз мижозини йўқотар экан.

Уларнинг келаси йилда ҳам соғлом фаолият кўрсата олиши учун яна 20 фоиз мижоз йиғиши лозим бўлар экан. Хулоса қилиб қуйидагиларни айтишимиз мумкин: Савдо дўконининг пойдевори — харидор. Қиладиган барча ишимизда, босадиган ҳар қадамимизда эски ва доимий мижозларимизни кўз ўнгимизда тутишимиз, улар бизнинг дунёмизда эмас, биз уларнинг дунёсида яшашимиз керак бўлади. Улар бизнинг дўстимиз ва шу туфайли ҳам доимо алоқада бўлиб туришимиз шарт. Уларга ўзлари хоҳламаган молни сотмаслигимиз лозим. Қандайдир ўзгариш ва янгилик қиладиган бўлсак, албатта, уларнинг бу ҳақдаги фикр ва мулоҳазаларига қулоқ тутишимиз керак. Чунки савдо муассасасини тик тутиб турадиганлар, юқорида таъкидлаганимиздек, доимий мижозлардир. Тирикчилик ва ҳаёт ғояларингизни амалга оширишда Раббимиз ёрдам беришини сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top