3:03

Ибодатда сўраш

MP3

«Улар нариги қирғоққа ўтиб олишгач, Илёс Элишайга айтди: — Мени ҳадемай Эгамиз олиб кетади. Айт, шу воқеа юз бермасдан олдин сен учун нима қилай? Шунда Элишай: — Илтимос, сизнинг пайғамбарлик руҳингиздан менга икки ҳисса кўп мерос қолсин, токи сизнинг издошингиз бўлай- деди» (4 Шоҳ 2:9).

Ассалому алайкум. Бирор нимага эга бўлиш учун энг аввало тўғри ибодат қилишни билиш керак. Ибодат қилиш бу – Худодан бирор нарса сўраш эмас, ҳамма нарсани унутиб, Худога қарашдир. Худодан бошқа нарсани ўйламай, Унга сингиб кетишдир. Юсуф, Довуд ва ҳаворий Павлуслар ҳам диққатини Худога қаратишни билган. Шунинг учун ҳам қийналган чоғларида, иккиланмадилар.

Муқаддас Каломдаги бир парча менга жуда ёқади. Мана сиз ҳам эшитинг: «Орангизда қайси бир ота, ўғли унга нон сўраса, унга тош беради? Ëки балиқ сўраса, унга балиқ ўрнига илон беради? Ёки тухум сўраса, унга чаён беради? Шундай қилиб сизлар ёвуз бўла туриб болаларингизга яхши ҳадялар бера билар экансиз, самодаги Ота эса Ундан сўраганларга Муқаддас Руҳни бериши янада шубҳасиздир» (Лук 11:11-13).

Бу парчани дастлаб эшитганимда: «Нега энди айнан Муқаддас Руҳ? Кимдир Муқаддас Руҳни сўрармикан?», — деб ўйлаганман. Ўшанда руҳда жуда ёш эдим. Шунинг учун ҳам Муқаддас Руҳни кераксиз деб ҳисоблаганман. Аммо, Муқаддас Руҳ биз имонлилар учун энг асосий куч ва ҳаёт манбаи эканини энди тушунаяпман. Усиз Худонинг йўлида яшашимиз, Худо айтганларини бажаришимиз қийин экан. Худо биздан Муқаддас Руҳга тўлишимизни истайди. Муқаддас Руҳга тўлиш, ҳамма руҳий муаммоларимизнинг ечимидир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда ибодат қилишга ўтирар экансиз фақат Муқаддас Руҳга тўлиш ҳақида ўйланг. Ибодат чоғида бошқа ҳаёлларни ташлаб, фақат Муқаддас Руҳга тўлиш ҳақида ўйласангиз, ҳақиқий бахтни ҳис қиласиз.

Имонли аёлнинг ҳаёти бу Худо берган ҳаётдир. Илёс ва Элишай Худонинг уларга тайёрлаган режасини билишган. Улардан кейин халққа тўғри йўл кўрсатадиган одамлар келишини билишган. Уларда Муқаддас Руҳ бор эди. Худога қандай ибодат қилишни ва Унинг жавобини билиш орқали, руҳий ҳаётда ўзингизни тўғри ифодалай оласиз. Шу билан бошқаларга Худо сиз билан эканини кўрсата оласиз. Юсуф ҳикояси ёдингиздами? Пўтифар Худо Юсуф билан эканини кўрган эди. Фиръавн ҳам Юсуфга қараб, унинг гап сўзларини эшитиб: «- Ўзида Худонинг Руҳи бўлган бундай одамни топиб бўладими?» деган эди. Биз ҳам Муқаддас Руҳга шундай тўлайликки, гап – сўзларимиз, ҳатти-ҳаракатларимиз орқали бошқалар бизнинг Худо билан бирга эканимизни кўрсин.

Орамизда кўпчилик нотўғри ибодат қилади, ёки бўлмаса умуман ибодат қилмайди. Худди Элишай Илёсга: «Ўз руҳингдан икки ҳисса кўпроқ бер», — деганидай, биз ҳам Худога шундай ибодат қилишимиз керак. У биздан мана шундай ибодатни кутади. Муқаддас Руҳнинг ишларини ва қандай ҳаракат қилишини билмаган одам, ибодат қилишни билмайди. Шундай экан ибодатда ўзимиз учун энг керакли бўлган Муқаддас Руҳни сўрайлик. Қолган барчаси ортиқча. Азиз тингловчи руҳий ҳаёт ҳақида кўпроқ билишни истасангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимиз сизга бажонудил ёрдам беради.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top