Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.
Исо содиқ ҳаворийлари билан ибодат қилишни тугатди. Энди улар «ҳамду сано куйлаб, Зайтун тоғи томон йўл олишди». (Марк 14:26) Улар шарқ томонга, Исо тез-тез бориб турган Гетсемания боғига боришади. Улар зайтун дарахтлари кўп бўлган хушманзара жойга келишганида, Исо саккизта ҳаворийсини қолдириб, яна йўлини давом эттиради. Эҳтимол, улар боғнинг кираверишида тўхташади. Чунки Исо уларга: «– Мен ибодат қилгунимча, сизлар бу ерда ўтириб туринглар, – деди.
Бутрус, Ёқуб ва Юҳаннони Ўзи билан бирга олган Исо ваҳимага тушди ва қаттиқ қайғура бошлади. Шогирдларига: – Менинг жоним ўлим олдидалигини сезиб, жуда қийналмоқда. Шу ерда қолинглар-да, сергак туринглар, – деди. Бир оз нари кетиб ерга йиқилди, агар иложи бўлса, бу соатнинг алами мени четлаб ўтсин деб ибодат қилди. “– Эй азиз Отам! – деди. – Сен ҳамма нарсага қодирсан, бу заққум косани Менинг ёнимдан ўтказиб юборгин. Лекин Менинг истаганим эмас, Сенинг истаганинг бўлсин. Шогирдлари олдига қайтиб келгач, уларни ухлаб ётган ҳолда кўрди. Бутрусга деди: – Симун! Ухлаяпсанми? Бир соатгина ҳам уйғоқ ўтира олмадингми? Васвасага тушмаслик учун ҳушёр бўлиб, ибодат қилиб туринглар. Руҳ тетик, тана эса заифдир.»,— деб айтади. (Матто 14:36–38)
Улардан нарироққа ўтиб, Исо тиз чўккач ибодат қила бошлайди. Ушбу танг аҳволда у Худодан нима сўрайди? «Ота! Сен ҳар нарсага қодирсан. Бу косани мендан узоқлаштир. Лекин мен хоҳлагандек эмас, Сен хоҳлагандай бўлсин»,— дея ибодат қилади Исо. (Марк 14:35, 36) Қизиқ, у нимани назарда тутяпти? У Нажоткор бўлишдан воз кечяптими? Асло! Исо осмонда бўлганида, римликлар одамларни қатл қилишганда улар қандай даҳшатли азоб чекишганини кўрган. Энди у инсон сифатида қўрқув ва оғриқ нима эканини тушуняпти ҳамда олдинда кутаётган воқеалар ҳақида ўйлаяпти. Энг муҳими, у разил жиноятчи сифатида ўлиши борасида жуда ҳам қаттиқ изтироб чеккан. Бу эса Отасининг исмига доғ тушириши мумкин. Бир неча соатдан кейин у Худони ҳақоратлаган киши каби устунга михланади.
Исо узоқ ибодат қилиб бўлгач, учта ҳаворийнинг олдига қайтганида, улар ухлаб ётганини кўради. Кейин Бутрусга шундай дейди: «Мен билан бирга ҳеч бўлмаганда бир соат сергак тура олмадингизларми? Васвасага тушмаслик учун ҳушёр туриб, доим ибодат қилинглар». Исо ҳаворийларга ҳам ҳозир осон эмаслигини ва ярим кечаси эканини тушунади. Шунинг учун: «Руҳ тетик, тана эса заифдир»,— деб қўшиб қўяди. Сўнг Исо иккинчи марта кетади ва Худодан «бу коса» уни четлаб ўтишини сўрайди. Қайтиб келганида эса, учта ҳаворий васвасага тушмаслик учун ибодат қилишнинг ўрнига, яна ухлаётганини кўради. Исо мурожаат қилганида улар «нима деб жавоб беришни билишмайди». Кейин Исо учинчи марта кетиб, ибодат қилиш учун тиз чўкади. У жиноятчи сифатида ўлиб Отасининг исмига доғ туширишдан хавотирда. Худо Ўғлининг илтижоларини тинглаб, уни мустаҳкамлаш учун фариштасини юборади. Ҳатто шунда ҳам, Исо Отасига мурожаат қилишни тўхтатмай, «жон-жаҳди билан ибодат қилишда давом этади». Ҳа, ҳиссий зўриқиш ниҳоятда кучли! Ахир Исонинг бўйнига катта масъулият юкланган! Ҳам ўзининг, ҳам имонсиз одамларнинг абадий ҳаёти ҳақида гап кетяпти. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.