Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Ибодат ҳақида гап кетар экан, биринчи навбатда ҳазрати Исонинг шогирдларига ўргатган намунали ибодати кўз олдимизга келади. Раббимиз ўзининг илоҳий татиятига эга бўлишига қарамай, доим ибодат қилиб келган. Айнан ибодат орқали, У Худо билан мулоқот қилган. Унинг издошлари ҳам, ибодат кучига ишонган. Янги Аҳднинг қаерини ўқиманг, Исонинг шогирд ва издошлари ҳам доим ибодат қилиб, қолганларни ҳам ибодат қилишга чорлаган. Бугун, шу ҳақда ўйлаб ўтириб, мен ҳаворий Павлуснинг Римликларга йўллаган мактубининг ўн иккинчи бобини ўқиб, ҳазрати Исонинг ўша даврдаги издошлари нималарга муҳтож экани, ва айниқса ибодатларга нақадар мухтож бўлганига кўзим тушди. Келинг, ўша парчани сизларга ўқиб берсам: “Севгингиз риёсиз бўлсин. Ёмонликдан нафрат қилиб, яхшиликка чирмашиб олинглар. Бир-бирингизни биродарларча, самимий муҳаббат билан севинглар. Бир-бирингизни иззат-ҳурмат қилишга ўзишгандай ҳаракат қилинглар. Ғайратингизни сусайтирманглар. Оташин руҳ билан Раббингизга хизмат қилинглар. Умидворлик ила хурсанд бўлиб юринглар. Қайғуда сабрли, тоат-ибодатда саботли бўлинглар. Имонлиларнинг эҳтиёжларини таъминлашда иштирок этинглар. Меҳмондўст бўлишга жон куйдиринглар. Сизларни қувғин қилаётганларни дуо қилинглар, ҳа, дуо қилинглар, қарғаманглар. Севинаётганлар билан бирга севининглар, йиғлаётганлар билан бирга йиғланглар. Ўзаро ҳамфикр бўлинглар. Такаббурлик қилмай, мулойим одамлар билан дўст бўлинглар. Ўзбилармонлик қилманглар. Ҳеч кимга ёмонлик эвазига ёмонлик қайтарманглар. Барча одамларнинг кўзи олдида яхшилик қилишга интилинглар. Агар иложи бўлса, қўлингиздан келганича, барча одамлар билан тинч-тотув ҳаёт кечиринглар. Эй севиклиларим, ўзингиз учун қасос олманглар, балки Худонинг ғазабига йўл қўйинглар. Зеро Тавротда шундай ёзилган: «Қасос Менинг қўлимда, Сазосини Мен бераман, – дейди Худованд». Аксинча: «Агар душманинг оч қолган бўлса, уни тўйғизгил, Агар чанқаган бўлса, унга сув ичиргил. Мана шунда унинг бошига ёнаётган чўғлар йиққандай бўлурсан». Ёмонликка мағлуб бўлма, ёмонликни яхшилик билан мағлуб қилгин. Ҳар бир одам ҳукмрон ҳокимиятга бўйсунсин. Чунки Худо буюрмаган ҳокимият йўқ, мавжуд ҳокимиятларнинг ҳаммасини ҳам Худо тайин этган. Шунинг учун ҳокимиятга қаршилик кўрсатган Худонинг амрига қарши чиққан бўлади. Қаршилик қилувчилар эса ўз-ўзларини ҳукмга дучор қиладилар. Яхшилик қилганлар эмас, ёмонлик қилганлар бошлиқлардан қўрқишлари керак. Ҳокимиятдан қўрқмасликни истайсанми? Унда яхши иш қилиб юр, шунда бошлиқнинг мақтовига сазовор бўласан. Чунки бошлиқ сенинг манфаатинг учун Худонинг хизматкоридир. Аммо ёмон иш қилсанг, қўрқ. Чунки у қилични беҳуда кўтариб юрмайди. У ёмонлик қилганга ғазабнок жазо берувчи сифатида Худонинг хизматкоридир. Шунинг учун фақат ғазабдан қўрққанликдангина эмас, балки виждон юзасидан ҳам итоат қилмоқ лозимдир. Солиқ тўлашингизнинг сабаби ҳам шу. Чунки солиқ йиғиш билан машғул бўлган амалдорлар бу иш билан Худога хизмат қиладилар. Ҳар бир кишига ўз ҳақини беринглар: солиқ йиғувчига – солиқ; бож олувчига – бож; қўрқувга лойиқ бўлганга – қўрқув; ҳурматга лойиқ бўлганга – ҳурмат”. Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.