Салом азизлар. Шогирд орттириш мавзусига бағишланган дастуримизга хуш келибсиз. Сиз шогирд ўстирар экансиз, унга Хушхабар айтишни амалда ўргатинг. Уни имонсиз дўстларингиз билан таништиринг. Хушхабар айтишингизни шогирдингиз ҳам кўрсин, ана шундагина у ўзига ишонч ҳосил қилиб, ўзининг имонсиз дўстларига ҳам Хушхабар айтадиган бўлади. Илгари мен колледжларнинг бирида талабалар билан ишлаганимда, гуруҳимда бир йигит бор эди.
Унинг исми Эльёр бўлиб, зеҳни ниҳоятда ўткир эди. У Муқаддас Каломни яхши ўрганар, оятларни осонлик билан ёд оларди, аммо бошқаларга Хушхабар айтишдан ниҳоятда қўрқарди. Мен уни Хушхабар айтишга ҳеч кўндира олмаган эдим.
Бир неча ой давомида мен Эльёрни Хушхабар айтишга кўндиришга ҳаракат қилдим, ва ниҳоят у рози бўлди, аммо Хушхабарни сиз айтасиз, мен эса суҳбатда иштирок этмайман, деб шарт қўйди. Биз имонсиз бир дўстим билан учрашгани бордик ва мен дўстимга Раббимиз ҳақида гапирдим. Ўша пайтдан бошлаб Эльёр доим мен билан Хушхабар айтишга борадиган бўлди, лекин суҳбатда иштирок этмасди.
Аммо бу тажриба туфайли у ўзига ишонч ҳосил қилиб, суҳбатга қўшиладиган бўлди. Орадан ойлар ўтди, кунларнинг бирида Эльёр ўз дўсти Яҳёга Хушхабар айтди. Ўша пайтда мен ҳам у билан бирга эдим, уни шунчаки кузатиб ўтирдим. Бу сафар Хушхабарни Эльёрнинг ўзи айтган эди. Биз Яҳёнинг хонасига кириб, у билан суҳбатлашдик. Бир неча дақиқадан кейин Эльёр гапни буриб, Хушхабар айтишни бошлади. Мен унинг гапига қулоқ солиб туриб, даҳшатга тушдим. Хушхабарни у нотўғри йўл билан танитди, ҳаммасини аксинчасига айтди. У Хушхабар айтишнинг барча “қоидаларини” бузди. Мен Эльёрни тўхтатиб, гапини тўғриламаслигим учун ўзимни зўрға ушлаб ўтирдим.
Менинг назаримда узоқдан–узоққа чўзилган бу уятли дақиқалардан сўнг Эльёр Яҳёга шундай савол берди: “Яҳё, сен Исо Масиҳни Нажоткоринг, деб қабул қилмоқчимисан?” “Албатта,” — деб, кутилмаган жавобни берди у.
Мен ибодат қилиш учун Яҳё ёнида тиз чўкар эканман, ўзимни ниҳоятда бахтли ҳис этдим. Мен ўз қулоқларимга ишонмаган эдим. Яҳё ибодат қилиб Масиҳни қабул қилди! Кейинги ойлар давомида Эльёр Яҳёга устозлик қилди. Яҳё ўзини ишончли шогирд қилиб кўрсатди. Шу вазият орқали Муқаддас Руҳ менга яхши сабоқ берди.
Хушхабар бу — Худонинг иши, инсоннинг эмас. Муқаддас Руҳ бизнинг ожиз ҳаракатларимиз орқали интилувчан юрак соҳибига Масиҳни аён қилади.
Масиҳий киши учун Исо марказ бўлиб, ибодат ва Калом ўқиш ҳаётининг асослари ҳисобланади. Шогирдингиз дунёқараши мос келадиган одамлар билан биродарлик муносабатларини ўрнатишига эътибор беринг. Бундай муносабатлар унинг руҳий ўсишига ижобий таъсир кўрсатади. Биз биродарликка алоҳида урғу бериб ўтишимиз даркор, зеро, биродарлик муносабатлари масиҳийларнинг ҳаётида муҳим ўрин эгаллаб, ибодат ва Калом ўқиш сингари эътиборга лойиқдир. Борди–ю биз биродарликка беэътибор бўлсак, ҳаётимиз ўз мувозанатини йўқотади. Раббим хизматингизни Ўзи баракаласин. Омон бўлинг.