3:12

Бизнинг имонимиз

MP3

Ассалому алайкум. Ҳар тонг уйғонар эканман, яна бир тонгни, янги кунни, хатоларим устида ишлашим учун янги имкониятни бергани учун Худога шукроналар билдираман. Сиз-чи, ҳар тонгни қандай кутиб оласиз? Худонинг ҳаётингизга қўшаётган ҳар бир куни, имонингизнинг тобланиши ва Унинг йўлида хизмат қилишингиз учун эканини биласизми? Умуман, Худога ишончингиз қай даражада? Имонингиз асоси мустаҳкамми? Булар ҳақида ўйлаб кўрадиган вақт келди. Имонингизнинг қай даражада эканлиги, оилавий муносабатларингизга ҳам таъсир этади.

Мен ҳар сафар Ҳаворийлар китобини ўқир эканман, илк жамоатнинг шижоати, ғайрати ва муваффақиятларига дуч келаман. Уларнинг шижоатини, қийинчиликлардаги бардошини ҳис қиламан. Бу қийинчиликларга чидашига нима сабаб бўлганини тушунаман. Сиз ҳам Ҳаворийлар китобини ўқигандирсиз, аммо шундай бўлса ҳам, яна бир марта уни ўқиб чиқишни маслаҳат бераман.

Бу китобни шунчаки ўқиманг, ҳар бир шогирднинг ҳолатига кириб кўриб, уларни тушуниб ва ҳис қилиб ўқинг. Ўшанда улар Худо хушхабарини ёйишда муваффақиятга эришганларининг сабабини билиб оласиз. Бугунги кундаги имонлилар билан илк жамоатдаги имонлиларнинг имонида фарқ бор. Уларнинг имони мукаммал эди. Улар Худога 100% ишонишарди. Биз Худо олдида ҳеч қачон мукаммал бўла олмаймиз, аммо ичимиздаги ишончсизликни йўқ қилиб, Унга тўлиқ ишонишимиз мумкин. Ҳар куни, ҳар дамда Худога бўлган ишончсизлик фикрлари бизни таъқиб қилади. Имонимизнинг асоси нимадан иборат? Биринчидан биз Худонинг мутлақ ҳукмронлигига ишонишимиз керак. Худо бизнинг ҳаётимизни бошқаради, ўзимизнинг ва яқинларимизнинг ҳаёти Худонинг қўлида. Иккинчидан – фақат Исо Масиҳ орқалигина, нажотга эришиш мумкинлигига ишонамиз. Учинчидан – Муқаддас Руҳнинг ишига ишонамиз. Муқаддас Руҳ ҳар доим имонлилар ҳаётида ишлайди ва уларни бошқаради.

Ундан ташқари биз оёқ қўйган ҳар бир жойда Худонинг иродаси борлигига ишонамиз. Биз қаерга бормайлик, Худо бизни борган жойимизга бекорга олиб бормаган. Худо ҳаётимиздаги энг кичик деталларга ҳам аҳамият беради. Қаерга бормайлик, қандай ҳолатга тушмайлик, Худонинг иродасини излашимиз керак. Биз имонлиларнинг доимо ёдимизда тутишимиз керак бўлган яна бир нарса бор – бу ҳаётимизнинг қисқалиги.

Бу қисқа ҳаётда Худонинг ҳаётимизга қўйган режасини бажаришимиз керак. У биздан нимани истаса, қийин бўлса ҳам ўшани бажаришимиз керак.

Имонингиз сустлашганини сезаяпсизми, демак имонингиз асосини янгилаб олишингиз керак. Имонингизнинг асоси нималардан иборатлигини эсланг. Бунда Худонинг Каломи ва чин дилдан қилинган ибодат катта ёрдам беради. Имондан сустлашганингиз заҳоти, шайтон сизни чалиб йиқитишга уринади. Имонингиз асосларига ишонинг ва улар ҳақида чуқур фикр юритинг. Қийинчиликлар чоғида Худони ва Худо назаридаги ўзлигингизни топинг. Бу нарса сизни руҳан қувватлантиради ва оилангизга, муносабатларингизга ва фарзандларингизга яхши таъсир кўрсатади.

Имонингиз асосларини янгилаб олишни, ҳамда Муқаддас Калом ҳақиқатларидан баҳраманд бўлишни истасангиз, бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтимизга кириб кўринг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top