Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Бизга берилган вақтни тежаб, кўп нарсаларга улгуриш мумкинлигини яхши биласиз. Аммо вақтни тежаш билан муваффақиятли ҳам бўлиш мумкинлигини биласизми? «Вақтни бошқаришга оид 15 сир» китоби муаллифи Кевин Круз миллиардерлар, Олимпия чемпионлари ва аълочи-талабалар орасида сўровнома ўтказиб, тайм-менежмент билан боғлиқ шу ва бошқа саволларга жавоб берди. HBR нашри Крузнинг китобидан қизиқарли парчалар билан бўлишди. 1440 дақиқа сеҳри. Биз вақт — энг қадрли ва тиклаб бўлмайдиган ресурс эканини унутиб, одамларга қимматли вақтимизни «ўғирлаш»га изн берамиз, ёки ўзимиз уни шамолларга совурамиз. Юрагингизга қўлингизни қўйинг ва унинг уришини ҳис қилинг. Нафас олишингизга эътибор беринг. Сиз ҳеч қачон буларни ортга қайтара олмайсиз. Аслини олганда ҳозирнинг ўзидаёқ мен сизнинг бир неча юрак зарбингизу нафасингизни «ўғирладим».
Narrator 2 Бироқ агар бу сизга вақт қандай шиддат билан ўтаётганини тушунишга ёрдам берган бўлса, шунга арзийди. Эҳтимол, «Ҳа, вақт муҳим. Айнан шунинг учун ҳам мен шу китобни ўқияпман. Мен буни тушунаяпман!», деб ўйлаётгандирсиз. Бироқ сиз шу тушунчаларингизга мувофиқ яшаяпсизми? Энди пулга қанча вақт ажратишингиз ҳақида ўйлаб кўринг. Имкон қадар кўпроқ пул топиш мақсадида эрталабдан кечгача ишлайсиз, топган пулингизни оқилона сарфлашга ҳаракат қиласиз, кимдир уларни ўғирлаб қўйишидан хавотирда бўласиз ва ниҳоят, «Қандай қилиб миллионер бўлиш мумкин?» қабилидаги китобларни мутолаа қиласиз. Сиз пулларни кўкка совурмайсиз, банк ҳисоб рақамингизни диққат билан назорат қиласиз ва кўчадаги нотаниш кишиларга пул тарқатмайсиз. Бироқ аксариятимиз ўз вақтимизни нималарга сарфлашимизга эътибор бермаймиз. 1440 — ҳаётингизни ўзгартириши мумкин бўлган сеҳрли рақам.
Narrator 1 Мен сизларни бу рақамлар сеҳрини ҳис қилишга чақираман. Шунчаки бир варақ қоғозга йирик шрифтда 1440 рақамини ёзинг ва уни хонангиз эшигига, телевизор тепасига, компьютерингиз ёнига, яъни доим кўзингиз тушадиган ва вақтдек қимматли ресурснинг чекланганини ёдингизга солиб турадиган жойларга осиб қўйинг. Энди атиги бир дақиқани қандай сарфлашингиз мумкинлиги ҳақида ўйланг. Ишлар рўйхатини тузавермай, уларни бажаришга киришинг! Нимага интилманг, соғлом фикрлаш сизнинг мақсадингиз аниқ ва ўлчамли бўлиши кераклигига ишора қилади. «Пулларни тежаш» мақсади ўрнига, масалан, «йил охиригача 5000 доллар тежаш»ни мақсад қилиш керак. «Ортиқча вазндан халос бўлиш» мақсади ўрнига эса «ўн ҳафтада 10 кг вазн ташлаш» каби аниқ мақсад қўйиш керак. Энг муҳим вазифани белгилаб олганингиздан кейин уни кундалик режаларингизга киритишингиз зарур.
Narrator Ўз кундалигингизни ёки режа-тақвимингизни очинг ва бу вазифага имкон қадар иш кунининг эрталабки соатларидан вақт ажратинг. Дьюк Университетининг психология ва ахлоқий иқтисодиёт профессори Дэн Ариэли аксарият одамларда самарадорлик ва когнитив функциялар фаолияти чўққиси инсон тўлиқ уйғонгандан кейинги илк икки соатга тўғри келишини таъкидлайди. Муваффақиятли кишилар рўйхат тузишмайди, улар кундалик бажариладиган ишлар режасини тузишади. Нимадир бажарилишини истасангиз, бунинг учун муайян бир вақтни ажратиш керак. Иш жадвалингизга тўғри келмайдиган кутилмаган ишларга автоматик равишда қуйидагича реакция қилишга одатланинг: «Афсуски, соат 16:00 дан 17:00 га қадар муҳим ишим бор. 17:00 дан кейин гаплашишимиз мумкинми ёки эртагача кутамизми?» Режаларингизни бузмаслик учун муаммоларни ҳал қилишни бўш вақтга қолдиришни ўрганиш — бу сизнинг самарадорлигингизни сезиларли даражада ошириш имконини берувчи жуда фойдали одат.