3:35

Муқаддас Калом ўзгарганми?

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Муқаддас Каломга ишонмайдиганлар, биргина гапни, яъни Муқаддас Калом ўзгаргани ҳақидаги гапни таъкидлаб, унга ишониш мумкин эмаслигини айтади. Қуръони каримни йиллар давомида ўрганиб чиққан кишилар шу нарсага ишонч ҳосил қилишган. Қуръонда Муқаддас Китобнинг матни бузилгани ё ўзгаргани ҳақида бирорта ҳам оят йўқ. Муқаддас Китобнинг матни тўлиқ жамлангандан кейин то Қуръон оятлари нозил бўлгунга қадар тахминан 540 ёки 570 йил вақт ўтди.

Қудрати чексиз бўлмиш Яратувчи Эгамиз – ҳамма нарсани кўрувчи ва билувчи Зот. Агар Таврот ва ёки Инжил китобларининг матни ўзгарганида, Аллоҳ бу ҳақда Қуръони каримда айтган бўлар эди, шундай эмасми? Китоблар аксинча ўзгармагани учун Қуръонда мана бундай оятлар бор: «(Эй Муҳаммад,) айт: «Ё аҳли китоблар! Тавротга, Инжилга ва сизларга Роббингиздан нозил қилинган (ҳамма китоблар) га тўлиқ амал қилмагунгача ҳеч нарсага арзимайсизлар» (Моида сураси, 68-оят).

Narrator 2 Эътибор бердингизми, бу оят «Инжил ва Тавротга тўлиқ амал қилиш» керак деб айтмоқда . Агар Таврот ва Инжил матни бузилиб ўзгариб кетганида Аллоҳ таоло бундай деб айтармиди? Албатта йўқ! Чунки Аллоҳнинг қонунлари, амрлари бузилмаган ҳолатда ижро бўлиши керак. Агар мабодо аввалги китоблар ўзгарганда эди, Қуръони карим бизни бу ҳақда огоҳлантирар, «Инжилнинг фалон-фалон оятлари бузилган, уларни ўқиманглар», деб айтар эди. Ҳолбуки Аллоҳнинг сўзларини ҳеч ким ўзгартира олмайди:

«Уларга ҳаёти дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор. Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ. Мана шу улуғ ютуқдир» (Юнус сураси, 64-оят). Таврот ҳам, Инжил ҳам Аллоҳнинг сўзлари. Демак ҳеч ким Тавротни ҳам, Инжилни ҳам ўзгартира олмайди. «Сенга Роббинг китобидан ваҳий қилинганини тиловат қил. Унинг калималарини алмаштиргувчи йўқ. Ундан ўзга ҳеч қандай паноҳни топа олмассан» (Каҳф сураси 27-оят).

Narrator 1 Қуръони каримнинг бу ояти ҳам Аллоҳнинг сўзларини ҳеч ким ўзгартира олмаслигини таъкидламоқда, шундай эмасми? Энди қуйидаги сўзларга эътиборингизни қаратсангиз: «Бизнинг имонимиз абадий ҳаётга умидворликдан иборатдир. Ёлғон гапирмайдиган Худо бу умид ҳақида азалий вақтларданоқ ваъда берган эди» (Тит 1:2)…Чунки Худонинг ёлғон гапириши мумкин эмас…» (Ибр 6:18). «Ёлғон гапирмайдиган Худо» деган сўзларнинг маъноси шуки, Худо ҳеч қачон ёлғон гапирмайди. Демак бундан чиқадиган хулоса: Аллоҳ Ўз Каломининг ёлғон сўзлар билан алмашишига ҳеч қачон йўл қўймайди. Яъни Аллоҳ таоло Ўзи нозил қилган китобларни ҳамиша муҳофаза қилиб турибди. Агар кимдир: «Муқаддас Китоб бузилган, ўзгартирилган», деса, демак унинг Қуръони каримдаги: «Аллоҳнинг сўзларини ўзгартириш йўқ», «Аллоҳнинг сўзларини ҳеч ким ўзгартира олмайди» деган оятларга имони йўқ.

Narrator 2 Ҳолбуки, Исо алайҳиссалом айтганлар: «токи еру осмон мавжуд экан ва тақдир этилган ҳамма нарса амалга ошмас экан, Тавротдан на бир ҳарф, на бир нуқта ўчади» (Мт 5:18). Таврот ёки Инжилни ўзгарди, деб ўйласангиз, демак сиз Аллоҳнинг Каломидаги сўзларига ишонмай, оддий гуноҳкор инсонлар гапига ишониб юрибсиз! «Оятларимизга куфр келтирганларни (яъни қарши чиққанларни) албатта дўзахга киритамиз.» (Нисо сураси 56-оят).Демак Худонинг Сўзларини ўзгартириш уёқда турсин, ҳатто агар уларга қарши чиқсак, Аллоҳ бизни ана шундай оғир азобларга дучор қилар экан. Юқорида келтирилган Қуръон оятларидан кўрдикки, Таврот, Забур ва Инжил китоблари ҳам ҳар бир одам имон келтириши ва ҳаётда амал қилиши керак бўлган китоблардир.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top