Narrator 1 Ассалому алайукм қадрдонлар. Бизни тинглаб бораётган бўлсангиз, Муқаддас Каломда ёзилган, келиши минг йиллар олдин башорат қилинган, Худонинг танлангани Масиҳнинг бошқа пайғамбарлардан фарқи ҳақида суҳбатлашаётган эдик. Бугун ҳам уни бошқалардан ажратиб турадиган сифатларини эътиборингизга ҳавола қиламиз. У мўъжизалар яратган. Унинг мўъжизалари шунчалик ҳайратланарли эдики, буни фақат Худо бажара оларди. У касалларга шифо берган, тўғма кўрларнинг кўзларини очган, ўликларни тирилтирган ва табиатга буйруқ берган. Бошқа пайғамбарлар орасида ҳам Худонинг ёрдамида мўъжизалар кўрсатганлар бўлган, аммо ҳеч ким қудратли ҳокимият эгасидай ўз-ўзидан мўъжиза яратмаган. Ўз издошларига ваъдалар берган. Ҳазрати Масиҳ берган ваъдалар кўп ва улар масиҳийлар ҳаётида ҳар куни амалга ошаяпти. Масалан: «Эй ҳолдан тойганлар, оғир юк остида қолганлар, ҳаммаларингиз Менинг олдимга келинглар! Мен сизлар-га ором бераман!» (Мт 11:28).
Narrator 2 Қийналсангиз, мусибатларга дучор бўлсангиз, Исо Масиҳнинг олдига келинг. Шунда дарҳақиқат муаммоларингиз ечилиб, жонингиз роҳат топади. Кўнглингизга тинчлик-хотиржамлик келади. Чунки ҳазрати Масиҳ шундай деб ваъда берган. Ёки «сизлар билан бирга бўламан» деган ваъдасини кўринг: «Мен ҳар доим, дунёнинг охиригача сизлар билан бирга бўламан». (Мт 28:20). Демак, ҳазрати Масиҳ, то қиёматгача биз билан бирга бўлади. Қиёматдан кейинчи? Кейин абадий ҳаёт бошланади. Айтмоқчи, абадий ҳаётни ҳам у киши бизга ваъда қилган: «Сизларга чинини айтаман: Ким Менга ишонса, абадий ҳаётга эга бўлади» (Юҳ 6:47). Чунки: «Худо оламни шунчалик севдики, Ўзининг ягона Ўғлини берди. Токи Унга ишонганлардан биронтаси ҳалок бўлмасин, балки абадий ҳаётга эга бўлсин. Худо дунёни ҳукм қилиш учун эмас, балки Ўғли орқали қутқариш учун Уни дунёга юборди.18 Унга ишонган одам ҳукм қилинмайди» (Юҳ 3:16-18).
Narrator 1 Демак кимда-ким Исо Масиҳга ишониб, Уни Раббим, Нажоткорим деб қабул қилса, қиёмат куни ҳукм қилинмай, жаннатга-абадий ҳаётга ноил бўлади. «Исо бунга жавобан деди: «Сизларга чинини айтайин: ким Мен учун ва Хушхабар учун уй-жойини, ака-укаларини, опа-сингилларини, ота- онасини, болаларини ёки далаларини ташлаб кетса, у бу дунёнинг ўзидаёқ юз ҳисса ортиқ уй -жойларга , ака-укаларга, опа-сингилларга, оналарга, болаларга ва далаларга эга бўлади , шу билан бирга қувғин ҳам қилинади. Нариги дунёда эса абадий ҳаётга сазовор бўлади» (Мр 10:29-30). Раббимиз Исо Масиҳнинг шу ваъдаси кўплаб биродарларимизнинг ҳаётларида юз эмас, минг ҳисса бўлиб амалга ошаяпти. Чунки Раббимиз кучли-қудратли Худо! Қудрати чексиз бўлгани учун минг ҳисса эмас, миллион ҳисса кўпроқ қилиб бера олади. Абадий ҳаётни инсонлар фақат икки жойда ўтказиши мумкин: биринчиси – жаннатдаги абадий қувонч; иккинчиси – дўзахдаги абадий азоб.
Narrator 2 Сиз қаерда бўлишни истайсиз? Жаннатдами ёки дўзахдами? Исо Масиҳ ким менга ишонса жаннатга, абадий ҳаётга эга бўлади, деб ваъда берган. Исо Масиҳ Ўзига имон келтирганларга: «Сизлар Менинг номим билар жинларни ҳайдайсизлар, касалларга шифо берасизлар», деб ваъда берган. Кейинги ваъда ҳам шунга ўхшаш: «Исо уларга деди: «Мен шайтоннинг осмондан яшиндай тушганини кўрдим. Мен сизларга илону чаёнларни босиб эзиш ҳокимиятини ва шайтоннинг бутун куч-қудратини оёқ ости қилиш ҳокимиятини берганман. Ҳеч нарса сизларга зарар етказмайди» (Лқ 10:18,19). Яъни Исо Масиҳ бу оятда айтмоқчики, кимки Унга ишонса, имон келтирса, ёмон нарсалар, жин-ажиналар уларга зарар етказа олмайди.