Ассалому алайкум азиз дўстлар, Исроил халқининг танланиши ҳар бир исроиллик абадий шоҳликка киради деганими? Албатта, ундай эмас. Исроилнинг бутун бир авлоди саҳрода ҳалок бўлишгани уларнинг барчаси абадий шоҳликка киролмайди деганими?
Бу саволга ҳам йўқ, деб жавоб берамиз. Мусо ваъда қилинган ерга киролмади, лекин биламизки, у нажотга эришган. Бизга пайғамбарлик каломи очиб бераётган ҳақиқат шуки, аҳдда белгиланган масъулиятни рад этиб, аҳд марҳаматларига эга бўлишнинг имкони йўқ.
Вақти-вақти билан Худо Ўз пайғамбарларини юбориб, халқини Унга қайтиб келишга чақиради. Мусодан сўнг кўзга кўринган пайғамбар Шомуил бўлиб, унга топширилган вазифа Исроил халқига шоҳлик тушунчасининг ҳақиқий маъносини тушунтириб бериш эди.
Яна кўпгина пайғамбарлар Муқаддас Китоб ҳикоясида қисқа пайт намоён бўладилар. Гад ва Натан пайғамбарлар асосан шоҳлик намунаси бўлган Довудга хизмат қилишади.
Илёс ва Элишай эса Яҳудо Шоҳлигининг Исроил шоҳлигидан ажралиб чиққан даврида хизмат қилишади. Ўшанда шоҳ Ерибом ўз шоҳлигини мустаҳкамлаш мақсадида топиниш жойи ҳамда руҳонийлик хизматини ташкил этади, оқибатда у Канъон халқи таъсирига йўл очиб беради.
Канъонлик маликага уйланган шоҳ Ахаб ҳукмронлиги даврида у Исроил Худосига топинишни йўқотишга ҳаракат қилади, бунинг ўрнига бошқа худоларга топинишни расмийлаштиришга уринади.
Мана шу оғир вазиятда Илёс ҳамда Элишай халқни ҳақиқий имонга қайтиб келишга чақиришади. Кармил тоғидаги Илёс пайғамбар ҳамда Баал руҳонийлари ўртасидаги мусобақа орқали Худо халқни Мусо ҳамда аҳд туфайли очиб берилган иноят кечиримига қайтишга чақиради.
Мусодан Элишайгача бўлган пайғамбарлик қандай вазифага эга эканлигини Худо нажоти ҳақидаги ваҳий орқали, ўша ваҳий ёрдамида тушуниш лозим. Кўриб чиққанимиздек, Худонинг аҳди шартсиз ҳамда шартлидир.
Аҳднинг шарти шуки, аҳддан имонсизлик орқали юз ўгирган халқ аҳд марҳаматларидан маҳрум бўлади. Бундай ҳолда, алоҳида шахслар ҳам огоҳлантирилади.
Масалан, бундай шахс руҳоний бўлса, у аҳд халқидан четлаштирилиши керак эди. Агар халқ аҳдни бузадиган бўлса, унда бутун халқ аҳд марҳаматларидан маҳрум бўлади. Шунга қарамай, аҳднинг шартлилиги унинг шартсизлигига қарама-қарши эмас. Яъни, аҳднинг шартсизлигининг маъноси, Худо мақсадларини ва Унинг Иброҳимга берган ваъдасини бажо келтиришга инсон имонсизлиги тўсиқ бўлолмайди. Шунинг билан азизлар, мавзумизга якун ясаймиз. Бизнинг интернет сайтимиз манзили: www.dilkashradio.com Хайр саломат бўлинг.