3:29

Савдо балиқ овлашга ўхшайди

MP3

Салом азизлар. Тирикчилик маслаҳатлари деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Сотиш бугуннинг янги илмларидан ҳисобланади. Шунинг учун унинг ҳам бошқа илмлардаги каби асоси, қонуниятлари, шакллари, турлари ва ўзига хос жиҳатлари бор. Сизга маълумки, мол сотиш билан балиқ тутиш орасида кўп ҳам фарқ йўқ. Баъзи мавсумда балиқлар ўзини қирғоққа уради ва уларни қармоқсиз ҳам тутиш мумкин. Аммо бундай пайтда кўплаб балиқ тутиш кишининг моҳир балиқчи эканини билдирмайди. Чунки мазкур мавсумда ҳамма балиқчи бўлиб кетади.

Баъзан балиқлар қирғоққа яқин келмайди, қармоқни таниб, ёнидан ўтиб кетади ва емни олиб қочади, Балиқни ана шу пайтда тута олсангиз, сиз чиндан ҳам уста балиқчисиз. Чунки ҳақиқий балиқчилик балиқларни қорни тўқ ва қирғоқда йўқ пайтида овлай билишдир. Агар, қандай балиқчи эканингизни билмоқчи бўлсангиз, ўзингизга қуйидаги саволларни беринг: «Бугун қанча емни балиқлар олиб қочишига йўл қўйдим?» «Қанча балиқни қочириб юбордим?» Сотиш масаласида ҳам ўзингизга ана шунга ўхшаш саволларни бериб кўринг, яхши сотувчимисиз-йўқми, ўз-ўзидан аён бўлади. Баъзи балиқчиларнинг тўрига бирданига тўрт-бештаси яқинлашади, бироқ уларни тута олмайди, балиқлар уни гўё мазах қилади.

Чунки балиқчи тажрибасиз. Баъзи сотувчилар ҳам олдига келган тўрт-беш харидорнинг ҳаммасини қочириб юборади, харидорлар бу ғўр сотувчи устидан кулиб кетишади. Харидорларни қандай ва қанчасини қочирганингизни ёзиб чиқинг ва кейинги сафар бу хатони бошқа харидорларга нисбатан ишлатманг. Қарабсизки, секин-аста тажрибангиз ошиб боради. Яхши дўкон соҳибиман, деб ўйласангиз, дўконингиз ёпиладиган пайтда бўлимларни айланиб, сотувчилардан қуйидагиларни сўрайсиз: Бугун қанча харидорни қочирдингиз? Қанчаси олдингизга келди? Қанчаси олди-сотди қилди? Қанчаси моллар билан машғул бўлди? Сотувчиларнинг деярли ҳеч қайсиниси бу саволларга тўғри жавоб бера олмайди. Нега дейсизми? Чунки сотувчиларнинг кўпи қармоғини қайиқнинг учига боғлаб, ширин уйқуга чўмганича, ўзи келиб тутиладиган балиқларни кутиб ётган, оқибатда уйларига бўш сават билан қайтадиган балиқчиларга ўхшайди. Чунки улар ҳаваскор сотувчилардир. Балиқ тутиш учун эса ҳушёр, чаққон ва ақлли бўлиш талаб этилади. Акс ҳолда, балиқни энди оламан деганингизда, қармоғингиздан қутулиб қочиб кетади. Харидорлар ҳам худди шундай. Агар сотувчи аклли ва ишбилармон бўлса, фақат томоша қилиш ва айланиш учун келган харидорни ҳам «қармоқ»қа илинтира олади. Харидорларнинг қиймати ҳисобга олингач, кўз ўнгингизда уларни уч қисмга бўлиш керак:

Аёллар, болалар ва қизиқувчилар. Буларнинг ҳар бири билан алоҳида, ўзига хос муомала қилиш талаб этилади. Ҳар бири алоҳида гуруҳга мансуб. Ҳаммасига бирдан, бир вақтда эмас, ҳар бирига айрича муносабат, айрича сотиш шакли ва магазинингизга жалб этиш учун айрича реклама услуби қўллашингиз лозим. Бу уч турдаги харидорларнинг ичида энг ишончлиси, шубҳасизг аёллардир. Ақли бор ҳар бир дўкондор, ҳар бир савдо ходими бу сўзларни олтин ҳарфлар билан тижорий ҳаётига ёзиши мумкин. Зеро, бу нарса аллақачон қоида каби бўлиб қолган. Агарда магазинингизни аёлларга маъқул қила олсангиз, бозорнинг 85 фоизи Сизники демакдир. Тирикчилик фаолиятингизни Раббимиз баракаласин. Омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top