3:20

Фикрларимиз

MP3

Ассалому алайкум қадрдонлар. Фикрлар бизларни қаерларга бошламайди дейсиз. Баъзан, фикрларимизни жамлаш жуда қийин бўлиб қолади. Олдимизга қўйилган мақсад сари юришимизда тартибсиз фикрлар жуда ҳалал беради. Бироқ, бугунги суҳбатимиз тартибсиз фикрлар ҳақида эмас. Муқаддас Каломдаги гуноҳкор аёл ҳақидаги парчани ўқиганмисиз? Қайси гуноҳкор аёл ҳақидаги, дейсизми? Фарзийнинг уйига келиб Исо Масиҳнинг оёқларини кўз ёшлари билан ювиб, сочлари билан қуритган аёл-чи! Ëдингизга тушдими? Биз гуноҳкор деганда кўпинча, ёмон йўлга юрадиган, ўғирлик қиладиган, одам ўлдирадиган ва бошқа жиддий гуноҳлар қиладиган кишиларни тушунамиз. Ўша даврда ҳам одамлар гуноҳларни жиддий ва унчалик жиддий бўлмаган гуноҳларга ажратишган. Бугун ҳам шундай. Аммо Исо Масиҳ гуноҳни ажратмайди. Унинг учун ҳар қандай гуноҳ бир хилда жирканчлидир.

Ўша аёл Исога яқинлашганида, фарзий ўз кўнглида фикр қилди. Калом у ҳақида шундай дейди: «Исони таклиф этган фарзий буни кўргач: «Агар бу одам пайғамбар бўлганида эди, Унга суйкалиб турган шу аёлнинг кимлигини, қанақа гуноҳкор аёл эканлигини билар эди», — дея кўнглидан ўтказди.» Исо Масиҳ ўша заҳоти Симоннинг кўнглидан ўтган нарсаларни билди. Шунинг учун ҳам унга икки қарзи кечирилган одам ҳақида масал айтди. Парчанинг шу қисмига эътибор беринг. Исо Масиҳ онгимизда кечаётган ўй-ҳаёлларни ҳам билади. Бизнинг энг кўп қиладиган гуноҳимиз бу — гуноҳли ўйлардир. Гуноҳ қилишдан қўлимизни, ўзимизни тийиб қолишимиз мумкин, аммо ҳаёлларимизни доим ҳам тўхтата олмаймиз. Улар ўз-ўзидан кутилмаган ҳолда қуйилиб келаверади. Кун давомида ҳаёлларимиз билан қилган гуноҳларимизни санаб адоғига етолмаймиз.

Худо учун бизнинг қиладиган ишларимиз ёки айтадиган ширин сўзларимиздан кўра қалбимиз ва онгимизда кечаётган фикрларимиз муҳимроқ. Ҳар сафар у ёки бу нарса ҳақида фикр қилар эканмиз, фикрларимизни кўриб билиб турадиган Зот борлигини унутмаслигимиз лозим. Кун давомида ҳеч қандай гуноҳ қилмадим, деб ўйлаган тақдирингизда ҳам ҳаёлларингиз билан гуноҳ қилган бўласиз. Шунинг учун ҳам қалбимиз ва онгимизни ҳар куни текшириб, поклаб туришимиз керак бўлади. Онгимизда туғилган ҳукм қилувчи, танқид қилувчи ва нопок фикрлар тилимизга кўчишидан олдин, ҳали онгимизга келишни бошлаганидаёқ, тўхтатишни ўргансак тўғри бўлади. Чунки тилимизга кўчадиган ёмон сўзлар ва нотўғри ҳаракатлар онгимизда туғиладиган фикрлардан бошланади.

Хўш, гуноҳли ҳаёлларимизни қандай тўхтата оламиз? Бунинг иложи борми? Албатта иложи бор. Ўғриликни ёки зинокорликни ҳаёт тарзига айлантириб олган гуноҳкордан ҳеч қандай фарқимиз йўқлигини англасак бас. Зинокор ҳам ўғри ҳам шу гуноҳларсиз кун ўтказмайди. Биз ҳам кун давомида гуноҳли фикрлар гирдобида бўламиз. Бу гуноҳли ҳаёлларни тўхтатишни ҳаёлимизга ҳам келтирмаймиз. Ëмон ҳаёллар билан яшаш бизнинг кундалик одатимизга айланиб қолган. Аммо бу одатимизни тўхтатишга қарор қилсак, Худо албатта ёрдам беради. Бироқ бунга вақт керак. Ҳар сафар гуноҳли фикрлар сизни безовта қилганида Худонинг олдига боришни одат қилиб олишингизга тўғри келади. Ана шундагина, Худо сизни гуноҳли фикрлардан озод қилади. Азизлар атрофингиздаги аёллар ҳаёти билан қизиқсангиз бизнинг www.najot .com сайтимизга марҳамат қилинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top