Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз.
Ёдингизда бўлса, Ёқуб мактубининг 4-боб, 2-оятида: «…Ҳеч нарсага эга эмассизлар, чунки сўрамаяпсизлар», деб ёзилган. Давом этиб, яна бир муҳим оятга эътибор қаратиш зарур: «Сўраяпсизлар-у, лекин олмаяпсизлар, чунки нотўғри мақсад билан ва ноҳақ, худбин ниятлар остида ҳирсларингизни қондириш учун ёмонликка сўраяпсизлар». Ният – бу бизни ҳаракатлантирадиган нарса. Ибодатнинг сабаби
ёки нияти, ундаги айтилаётган сўзлардан анча муҳимроқ. Худованд юрагимизга қарайди ва нотўғри ниятни кўрса, ибодатларимизга жавоб бермайди. Худога маъқул бўлган ният – бу пок, Худони ва одамларни севадиган юрак ҳисобланади.
Номаъқул ниятларга: худбинлик, қасос, бировнинг иродасига буйруқ бериш, одамни ўз йўлига солишга уриниш, ҳасад, мағрурликлар киради. Худбинликдан келиб чиқадиган ва севгига асосланмаган барча ниятлар нотўғри ниятлар, деб ҳисобланади. Тан оламан: катта ва нуфузли хизматим бўлса, бу ўзимни кўпроқ аҳамиятга эга ҳис этишимга ёрдам беради, деб ўйлаб, Худодан хизматим ўсишини сўраган пайтларим бўлган. Биласизми нима содир бўлди? Ҳеч нарса. Менинг
ниятларим ўзгармагунча, худбинликдан қутулмагунимча ва хизматнинг ўсишига чанқоқлигимнинг ягона сабаби – одамларга имкони борича кўпроқ ёрдам беришни исташимни самимий айта олмагунимча, хизматим ўсмай тураверди.
Худодан у ёки бу одамни ўзгартиришини сўраганимизда, бундан ўз манфаатларимизни кўзлашимиз ҳам мумкин, жумладан, у одамнинг ўзи учун нима яхши эканини ҳисобга олмай, бизга у билан ишлаш осон бўлишининг пайида бўлишимиз мумкин. Худованд шунга ўхшаш, худбинликдаги ибодатларга жавоб бермайди. Бизни хафа қилган одам, биздан кечирим сўраши учун ибодат қилишимиз мумкин, У эса биз ўша кишидан кечирим сўрашимизни кутиб туради. Балки, юзага келган вазиятда сизнинг айбингиз йўқдир, лекин Худованд биз кўникувчан бўлишимизни ва ярашиш йўлида биринчи қадамни қўйишимизни истайди.
Сабаби оддий – инсон биздан кечирим сўраган пайтидаги қониқиш ҳиссидан кўра кўникувчанликка ўрганиш анча яхшироқ. Худодан ибодатларингиз доимо самимий
ва тўғри бўлиши учун юрагингизни тўхтовсиз поклаб туришини сўранг. Ўз ниятларингизга жиддий қаранг. Мен ундай ёки бундай ҳаракат қилаётганимнинг сабаблари ҳақида фикрлашни бошлаганимда, ҳаётимда кўп нарсалар ўзгарди. Ички мақсадларимга эътибор берадиган бўлганим учун ибодатларим ҳам ўзгача тус олди.
Ниятларимизни очиқдан-очиқ тан олиш, ҳар доим ҳам осон ва ёқимли эмас, аммо юрагимиз Худонинг қаршисида пок бўлишини истасак, буни қилишимиз муҳим.
Азизлар, бордию сизларда ибодат эхтиёжи бўлса dilkashradio.com сайтимиздан фойдаланиб бизга хабар қолдиринг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.