3:14

Мен ва Отам — бирмиз

MP3

Салом азизлар. Каломнинг донолиги деб номланган дастурга хуш келибсиз.

Эътиқод қилувчи юраклар Худонинг айтганларини бошқа далилларни изламаган ҳолда тан олади. Далил-исбот излаш — шубҳага юз тутиш демакдир, далил-исботни топиш эса имонни ортиқча, деб билишдир. Имон-эътиқод инъомига эга бўлган ҳар бир киши Жамоатнинг илк чўпонларидан бири айтган жасоратли сўзларнинг қанчалик доно эканлигини тушуниб оладилар: «Масиҳнинг мен учун ўлганлигига ишонаман, чунки бу ақл бовар қилмас нарса; мен Унинг ўликлардан тирилганлигига ишонаман, чунки бу имкони йўқ нарса». «Эй Яҳудо ери! Худованднинг сўзини эшит!» (Иер. 22:29). «Ҳар бир инсон ёлғончи бўлса ҳам, Худо ҳақдир» (Рим.3:4).

Бу Илоҳий ваҳийда бизга берилган эътиқод доирасида илмлилик ҳеч қандай қадр-қимматга эга эмас, деган маънони англатиши мумкинми? Умуман олганда, йўқ. Олим одам қаршисида жуда муҳим вазифа турибди, бироқ унинг чегаралари талаб даражасида чегаралангандир. Олимнинг вазифаси — матннинг тозалигини, унинг имкон қадар асл Худо Каломига яқинлигини кафолат билан таъминлашдан иборатдир. Олим то матннинг асл моҳиятини тушуниб етмагунча, Муқаддас Ёзувларнинг бир матнини бошқа бири билан солиштириши мумкин.

Бироқ айнан шу билан унинг ваколати ниҳоясига етади. У ҳеч қачон ёзилганларга нисбатан ўз баҳосини бериши мумкин эмас. У Худо Каломи маъносини ўз ақл-идроки ҳукмига ҳавола этишга журъат қилмаслиги керак. У Худо Каломини маъноли ёки маъносиз, илмий ёки илмга ёт, деб тан олишга ҳаққи йўқ. Муқаддас Ёзув маъноси очилгандан сўнг, олим бу маъно ҳақида эмас, балки бу маъно олим ҳақида ўз ҳукмини чиқаради.

Учбирлик ҳақидаги таълимот — бу юрак учун ҳақиқатдир. Фақат инсон руҳигина бу парда орқали ўта олади ва Муқаддаслар муқаддаси ҳузурига кириб бора олади. Ёдимда, бир киши қуйидаги сўзларни айтган эди: «Сени умид билан излашга менга рухсат бер, Сени излаб топишга интилишимга йўл бер, Сени севгида топишимга ва топгач эса, Сени севишимга рухсат бер». Илоҳий сир-синоат ичра севги ва имон ўзларини уйидаги каби ҳис қилади. Шундай экан, ақл-идрок бу уйга киришдан олдин ҳурмат-эҳтиром билан тиз чўксин. Масиҳ Ўзи ҳақида ва шу билан бир вақтда Худо-Ота ва Муқаддас Руҳ тўғрисида сўзлаганда ҳеч иккиланмаган ҳолда кўплик шаклини қўллаган: «Биз Унинг ҳузурига келиб, Ўзимизга маскан яратимиз» (Юҳан. 14:23). Ва У шунингдек: «Мен ва Отам — бирмиз» (Юҳан. 10:30), — деб айтган.

Биз Худо ҳақида Уч Шахсни аралаштирмаган ҳолда ва Ягона Борлиқни қисмларга ажратмаган ҳолда, Ягона Учбирлик сифатида фикр-мулоҳаза юритишимиз жуда муҳимдир. Фақат шу тарздагина биз Худо ҳақида тўғри фикр юритишимиз мумкин ва Худо ҳақидаги шундай мулоҳазаларгина Унга лойиқ, бизнинг қалбларимиз учун эса муносибдир. Раббимиз Ўзини Ота билан бир қаторга тенг қўйди. Айнан шу нарса ўша давр художўй одамлари нафратини қўзғотди ва охир-оқибатда Масиҳни хочга михлашга олиб келди. Калом ҳақиқатларини юрагингиз варақларига ёзиб қўйишингизни Худодан сўраб қоламан. Хайир, омон бўлинг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top