Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдонлар. Кўпчилик буюк кишиларнинг қандай инсон бўлганлиги ва бу даражага қандай етишгани сабабига қизиқади. Бугунги суҳбатимиз сизга ўзингиз истаган маълумотни берса ажаб эмас. Кўпчилик олимларнинг ютуқларида, уларнинг шахси муҳим аҳамиятга молик эканлиги, шахснинг илм-фан ривожланишига катта таъсир кўрсатиши айтиб ўтилади. Ҳар қандай одам, у қайси касб эгаси бўлишидан қатъи назар, шахс бўлиб камол топиши керак. Шахснинг камол топишида қобилият ва истеъдоднинг ҳам аҳамияти катта. Қобилият муайян фаолиятни муваффақиятли амалга ошириш учун зарур бўлган индивидуал хусусиятдир. Одам қобилиятли бўлиб туғилмайди, балки етишади. Илк болалик давридан бошлаб, одамда нимагадир қобилият нишоналари бўлади, нимагадир эса бўлмайди. Буни ота-она дарров илғаб олса, кейинчалик бола етук шахс бўлиб етишиши мумкин.
Narrator 2 Алишер Навоийдаги шеъриятга бўлган қизиқиш илк болалик ёшидан илғаб олинган ва унга ҳар томонлама кўмак берилган. Натижада, Ҳазрат Навоий буюк шахс бўлиб етишди ва шеърият султони деган номни олди. Демак, қобилиятни тараққий эттириш зарур. Борди-ю қобилиятнинг нишонаси бўлмаса, уни ривожлантириб бўлмайди. Масалан, скрипкачи бўлиш учун бир эмас, бир неча қобилиятга эга бўлиш лозим. Скрипкачи маромни сезиши, мусиқий ва кинестетик хотираси бўлиши, қўл бармоқлари майин ва аниқ ҳаракат қилмоғи лозим. Бунга яна мусиқий дид, ҳиссийлик ва кўпгина бошқа қобилиятлар қўшилади. Ибн Сино, Ал-Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Алишер Навоий, Пушкин, Моцарт, Шекспир, Леонардо да Винчи каби алломаларда қобилият ва истеъдод жуда эрта, яъни болалик давридан ҳайратланарли даражада ривожланган. Бироқ аксарият олимлар, ихтирочилар ва давлат арбобларининг истеъдоди етук ёшда намоён бўлади.
Narrator 1 Битта бола ҳамма фандан аълочи бўла олмайди. Кўпчилик ўқувчиларнинг дарсларни ўзлаштиришлари тамомила педагогик жараён сифатига боғлиқ ва уларнинг барчаси яхши ўқишлари керак, деган фикр хатодир. Бу фикр ўқитишнинг сохталашуви ва сифатининг пасайиши, баҳоларни сунъий равишда ошириш ҳамда мактаб ва олий ўқув юртларида тегишли дипломни расмиятчилик асосида беришга олиб келади. Психопатия аломатлари бўлган буюк шахслар ҳақида илмий адабиётларда турли маълумотларни учратиш мумкин. Г.В.Сегалиннинг фикрича, буюк шахсларнинг фарзандлари аксарият ҳолларда ақли паст ва руҳий нуқсонларга бой бўлишади. Масалан, Бах, Шуман, Тацит, Менделсон, Гётенинг ўғиллари ва Марк Твеннинг қизи руҳий касаллик билан оғришган. Лекин мактабни зўрға тамомлаган ва доимо қолоқ бўлган Алберт Эйнштейннинг талантини рўёбга чиқариш учун маҳсус шуғулланишмаган.
Narrator 2 Шундай бўлса-да, у буюк шахс бўлиб етишди ва оламшумул кашфиётлари билан Нобел мукофоти совриндори бўлди. Юқорида келтирилган маълумотларга қисман бўлса-да, танқидий кўз билан қараш керак. Ваҳоланки, фақат руҳий нуқсонга эга бўлган одамгина буюк шахс бўлиб етишади, деб ҳулоса қилиш ҳақиқатга зид. Чунки, Моцарт, Шекспир, Дюма, Шопен ва Рахманинов (бу рўйхатни давом эттириш мумкин) каби буюк шахсларда руҳий нуқсонлар бўлмаган. Яна шуни таъкидлаш лозимки, юқорида номи тилга олинган шахслар руҳий шифохоналарда даволанишмаган ва аксарият ҳолларда уларнинг ҳулқ-атворидаги ғалати ўзгаришларга қараб баҳо берилган холос. Бундай пайтларда руҳий касаллик ҳақида эмас, балки шахснинг патологик ўзгариши ҳақида фикр юритиш керак. Бизнинг www.dilkashradio.com сайтимиздан бундан ҳам қизиқроқ маълумотларни топасиз.