Ассалому алайкум. Чалғиш – кўпинча бизни асосий мақсадимиз томон юришимизга ҳалал беради. Чалғиш бизни кўп фойдали нарсалардан қуруқ қолишимизга сабаб бўлади. Тасаввур қилинг бир дугонангиз билан суҳбатда бир сонияга бошқа нарсага чалғисангиз, муҳим маълумотни эшитмай қолишингиз мумкин. Худо йўлида яшаётганимизда эса, чалғиш бизни асосий йўлдан адаштиради. Энг муҳим ва энг керакли нарсани қилишга улгурмаймиз. Марфа билан Марям ҳақидаги парча ёдингиздами? Исони уйларига таклиф қилган Марфа асосий иш қолиб, бошқа ишга чалғиди. Калом бу ҳақида шундай дейди: «Марфа эса тайёргарчилик ишлари билан жуда овора эди» (Лука 10:40). Биз ҳам баъзан Марфага ўхшаймиз.
Ҳаётимизда неча марта асосий иш қолиб бошқа нарсага чалғиганмиз? Буни санаб беришнинг ўзи мушкул бўлса керак. Уйингизга дугоналарингизни Калом ўқишга чақирдингиз-у, ўзингиз бу муҳим йиғилишни қолдириб, тушликка овқат тайёрлагани чиқиб кетдингиз. Ўша дамда, сиз Худонинг дугонангиз ҳаётида қилган мўъжисасини тинглашдан, уларга ўргатган сабоғини билишдан қуруқ қолдингиз. «Уйимга таклиф қилиб қандай уларни овқатсиз жўнатаман», деган фикр сизни бу нарсалардан чалғитди. Худо каломини тинглар эканмиз, бутун диққатимиз фақат Унда бўлиши керак. Фарзандларимизга Худо ҳақида ўргатар эканмиз, уларни чалғитиши мумкин бўлган, ҳамма нарсани масалан, телевизор, радио ва бошқа нарсаларни ўчириб қўйишимиз керак.
Чалғиш сўзи иброний тилида «perispao» деб берилган. Бу «бир вақтнинг ўзида турли йўлларга йўналиш» деган маънони англатади. Чалғиш бу имонли аёлнинг Худо йўлидаги энг катта тўсиғидир. У бизни Худо Каломини тинглашга, Уни эшитишга ҳалал беради. Шу туфайли баъзан Худо биздан нима истаётганини билмай қоламиз. Чунки Уни эшитмаймиз.
Яна бир ҳақиқат шуки, бизнинг Худо йўлида қилаётган хизматимиз биз учун энг катта тўсиқ бўлиши мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Бутун диққатимиз, кучимиз, вақтимизни Худога хизмат қилишга бағишласак, Худо билан қачон вақт ўтказамиз. Уни қачон ўтириб тинглаймиз. Бу ҳақида гап кетса, бунга вақтимиз йўқлигидан нолиймиз. Шунинг учун ҳам Худо биз каби Марфаларга, диққатимизни хизматга эмас, У билан бирга вақт ўтказишга қаратишимизни айтади.
Ҳар сафар Марфа билан Марям ҳақидаги парчани ўқиганингизда Худо сизга шу нарсани эслатади. Баъзида Худо хизматига берилган, имонли кишиларни кўрсангиз, уларнинг ўзгармаганини, аввал қандай бўлса шундайлигича қолганини пайқайсиз. Бунга сабаб ҳаётларида Худодан кўра хизматни устун қўйганларидир. Худо биздан шуни истайдими? Бу Шайтоннинг фикри. Шайтон бизни аёрлик билан шу йўлга йўналтириб қўйганини сезмай ҳам қоламиз. Агар у бизни ёмон қилишни эплай олмаса, бизни банд қилиб қўйишни эплайди. У шу йўл билан бизни Худо билан вақт ўтказишдан чалғитади. Агар ҳаддан ташқари хизматга берилиб кетганингизни пайқасангиз ўша онда тўхтанг, ва Худо ҳузурига бориб, У билан ширин ва ажойиб вақт ўтказинг. Бу сизга хизматдан дам олишингизга, ўзингиздаги баъзи камчиликларни кўришингизга ёрдам беради.