Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Салоникаликларга йўлланган мактубнинг бешинчи бобидаги 18-оятда шундай ёзилган:
«Ҳар қандай шароитда Худога миннатдорчилик билдиринглар, чунки Исо Масиҳда бўлганингиз учун сизлар ҳақингизда Худонинг иродаси шундайдир». (Сал. 5:18)
Эътибор беринг, бу жойда «ҳамма нарса учун» эмас, балки «ҳар қандай шароитда», деб айтилган. Айтайлик, музлатгичингизни очиб, уни ишламаётганини кўрдингиз. Агар сиз бу вазиятда: «Раббий, музлатгичим бузилиб, сутларим ачиб кетгани учун, раҳмат Сенга. Бузуқ музлатгич – бу ҳақиқий барака!», деб айтсангиз жуда кулгили бўлса керак. Бу бемаъни эшитилади. Бундай вазиятда миннатдор бўлиш дегани, бу музлатгичингизни ўзи борлиги, тузатса, яна ишлаб кетиши учун шукр қилиш ва нолимай, уни тузатишни ўйлашни бошлашни билдиради. Ҳар қандай шароитда шукр қилиш – бу Худонинг иродасини бажариш дейилади.
Миннатдор бўлиш – Худованд сизга тақдим этган барча эзгуликларни: соғлиқ, озодлик, машинага ўтириб, керакли жойга бориш имкони, ёнимиздаги бизни қўллаб-қувватлаётган, кўмаклашаётган, биз билан хурсанд бўлиб, бизни фош қилаётган, доно маслаҳатлар бераётган, охир-оқибат, биз вақтимизни бирга ўткизишни ёқтирадиган одамларни унутмаслик ҳисобланади.
Баундс бир куни шундай деган эди: «миннатдорлик ва шукроналик, Худованднинг ишларидан норозилик ва оғир ҳаётимиздан ва бошқа нарсалардан нолишнинг тескарисидир. Ҳақиқий ибодат ҳасратларни остонанинг нариги томонида қолдиради ва шукрона билдиришга диққатини қаратади». Илгари, менга ўз ҳаётимдан нолиш қийин эмас эди. Назаримда, ҳамма нарсага шундай муносабатга эга бўлиб туғилгандек эдим. Ҳаётдан мамнун бўлиб яшашни ўрганиш учун анча меҳнат қилишимга тўғри келди. Каломдан, Худога биздан ҳар доим арзларни эшитиш ёқмаслигини ва улар шайтонга ҳаётимизни бўзиши учун имкон беришини билиб олдим. Шукроналик, Худованд бизни марҳаматлаши учун замин яратади, шикоятлар эса шайтонга бизни лаънатлаши учун имкон беради.
Юрагимиз мақтов, сажда ва миннатдорлик билан тўлган бўлса, шунда арз, норозилик ва умидсизликка жой қолмайди. Филиппиликларга мактубнинг 2-боб, 14-оятда айтилган: «Ҳамма нарсани нолимай ва шубҳаланмай қилинглар». Коринфликларга биринчи мактуб 10-бобда эса шундай дейилган: «Улардан баъзилари Худони васваса қилганларидай, Масиҳни ҳам васваса қилмайлик, Унинг сабрини синамайлик, унга тўсиқ бўлмайлик, Унга танқид билдирмайлик, Унинг эзгуликларини суиистеъмол қилмайлик, чунки улар илонлардан ҳалок бўлдилар. Улардан баъзилари нолиганларидай, нолиманглар, чунки улар қирғин қилувчидан ҳалок бўлдилар». Худога чексиз миннатдорчилик беришдан тўхтамайлик.
Бордию, сизда ибодат эҳтиёжи бўлса, Дилкаш Радио телеграм каналимиздан фойдаланиб бизга хабар юборинг. Биз сиз учун ибодат қиламиз. Раббимиз инояти сиз муҳтарамга ёр бўлсин. Хайр, омон бўлинг.