3:46

Ердаги вақтинчалик ҳаётимиз

MP3

Салом азизлар. Мақсадли ҳаёт, деб номланган дастуримизга хуш келибсиз. Ердаги ҳаёт ҳақиқий саҳнадаги намойишдан олдин такрорлаш жараёнидир, яъни худди театрдаги репетицияга ўхшайди. Сиз ўлимнинг нариги томонида – абадиятда – бу ердагига қараганда бошқача вақт ўтказасиз. Ер абадиятдаги ҳаёт учун тайёрлов майдони, боғча ёки синов майдонидир. Бу ҳақиқий ўйин бошланмасдан илгариги тайёргарлик кўришдир; пойга бошланмасдан олдинги қизиб олиш йўлидир. Бу ҳаёт кейингиси учун тайёргарлик кўришдир. Ерда энг кўпи билан юз йил яшашингиз мумкин, лекин абадиятда чексиз яшайсиз. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Худо юрагига солгани учун инсон вақт ўтишини сезади”(Воиз 3:11). Сизда ўлмайдиган бўлиш учун ички инстинкт мавжуд. Чунки Худо сизни абадий яшаш учун ўз суратида яратди. Гарчи биз ҳар бир киши бирор кун ўлишини билсакда, ўлим ҳар доим нотабиий ва адолатсиз бўлиб кўринади.

Биз абадий яшашимиз кераклигини ҳис қилишимизнинг сабаби бизнинг онгимиз шу истак билан тўқилган. Бир кун юрагингиз уришдан тўхтайди. Ўшанда бу сизнинг танангиз ва ердаги ҳаётингизнинг охири бўлади, аммо сизнинг охирингиз эмас. Сизнинг ердаги танангиз руҳингизнинг яшаши учун вақтинчалик жойдир. Муқаддас Калом ердаги танангизга “кулба” деб мурожаат қилса, келажакдаги танангизга “уй” деб мурожаат қилади. Муқаддас Каломда шундай ёзилган, “Биз биламизки, бу фоний уйимиз, бу кулбамиз хароб бўлганидан кейин, Худо бизга мангу бир уй, қўл билан қурилмаган осмондаги маконни беради.” (2 Коринфликлар 5:1).

Ердаги ҳаёт бир қанча танловларни таклиф қилса, абадият фақат иккита: жаннат ёки дўзахни таклиф қилади. Сизнинг ердаги Худога бўлган муносабатингиз, абадиятда Унга бўлган муносабатингизни белгилайди. Агар сиз Худонинг Ўғли, Исони севишни ва унга таянишни ўргансангиз, абадиятда У билан бирга бўлишга таклиф қилинасиз. Аксинча, агар сиз Унинг севгиси, кечирими ва нажотини рад қилсангиз, абадиятда Худодан ажралган ҳолда яшайсиз. “Икки хил инсонлар бўлади: биринчиси Худога “Сенинг ироданг бажо бўлсин” дейдиганлар ва иккинчиси Худо уларга “Майли унда ўз йўлингда давом этавер” дейдиганлар.” Шуниси фожиалики, кўпгина инсонлар абадиятда Худосиз чидашларига тўғри келади, чунки улар ерда Усиз яшашни танладилар.

Қачонки сиз хаётда ҳозиргидан ва шу ердагидан кўра кўпроқ нарса борлигини тўлиқ тушунсангиз ва ҳаёт абадият учун тайёрлов эканини пайқасангиз сиз бошқача яшашни бошлайсиз. Сиз абадият нурида яшашни бошлайсиз ва бу муносабатларингиз, вазифангиз ва вазиятни бошқаришга кўркамлик бағишлайди. Тўсатдан сизга мухим бўлиб кўринган кўпгина ҳаракатлар, мақсадлар ва ҳаттоки муаммолар аҳамиятсиз, кичик ва эътибор беришингизга арзимас бўлиб кўринади. Сиз Худога қанчалик яқинлашсангиз, бошқа нарсалар шунчалик майда бўлиб кўринади. Қачонки сиз абадият нурида яшасангиз, сизнинг қадриятларингиз ўзгаради. Сиз вақтингиз ва пулингизни доноларча ишлатасиз. Сиз муносабатлар ва характерни шон шараф ёки бойлик ёки муваффақиятлар ёки ҳаттоки хурсадчиликдан ҳам устун қўясиз. Сизнинг приоритетларингиз бошқадан тартибланади. Машҳур қадриятлар ва модалар сизни бошқа қизиқтирмайди. Павлус шундай дейди, “Лекин бир вақт фазилат деб билган нарсаларимни энди Масиҳ учун фойдасиз ҳисоблайман.”(Филиппиликларга 3:7). Сизчи азиз дўстим, сиз қандай ҳисоблайсиз? Бордию, ҳаёт мақсадлари ҳақида ўз фикрингизни билдириш истагида бўлсангиз, Дилкаш Радио телеграм каналимизга ташриф буюринг. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Хайр, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top