Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Ҳаётимизда синовли кунлар бошланганида Юсуфнинг бошидан кечирганларини ёдимизга оламиз. Худованд худди Юсуфнинг қайғуларини ва синовларини яхшиликка айлантирганидек, бизнинг ҳам қийинчиликларимизни яхшиликка айлантиради. Сизнинг бугун чекаётган қайғуингизни Худо яхшиликка айлантиради. Сиз билан биз кўраётганларимиз – фақат тартибсизлик; Худо эса бўлғуси бош вазирни ўргатиш, таълим бериш ва синаб кўриш учун ажойиб имкониятни кўради. Биз зулматни кўрамиз, Худо эса ўчоқни кўради. Биз очарчиликни кўрамиз, Худо эса Ўзи танлаган оила учун бошқа жойга кўчиш имкониятини кўради. Биз бу жойни Миср деб, Худо эса бу жойни Ёқубнинг ўғилларини Канъон варварларининг таъсиридан ҳимоя қилиш ва тинч-осойишта жойда кўпайишлари учун қулай жой деб атайди.
Narrator 2 Биз иблисниинг найранглари ва тузоқларини кўрамиз – Худо эса уни бурчакка сиқилган ва занжирбанд қилинганини кўради. Ижозатингиз билан тушунтирай. Бугунги кунда Юсуфнинг замонавий қиёфасини акс эттирадиган одамлар жуда кўп. Улардан бири сизсиз. Сизнинг қиёфангизда Худо иблисни жангга чорлайди. Сиз ўз қалбингизда Худонинг тинчлигини, улуғворлигини, муқаддаслигини, бу олам муҳтож бўлган доноликни, меҳр-шафқатни, раҳмдилликни, инъомлар ва қобилиятларни олиб юрибсиз. Агар иблис сизни мувозанатдан чиқара олса, хушхабар тарқатувчи инсон биттага камайди, деб ҳисоблайверинг. Худо ҳар қандай ёмонликни яхшиликка айлантиришига ишонишни ўрганишимиз учун Юсуфнинг тарихи Муқаддас Каломга киритилган. Худо – олий тоифали Тўқувчи ва Қурувчи бўлиб, иблиснинг ёмонликларини биз учун яхшиликка айлантиради.
Narrator 1 Чуқурда бўлиш ёқимли эмаслигини биринчи бўлиб бизга Юсуф билдирди. Лекин ёқимсиз чуқурдан яна нимадир ўрганиш мумкинми? Топдингиз! Чуқур кўзимизни осмонга қаратишга мажбур қилади. Юқоридан Кимдир бу ерга, пастга тушиб, қўлимиздан тутишига умид билан юқорига қараймиз. Худо Юсуфнинг қўлидан тутди. Ҳозирги кунда ҳам У худди шундай йўл билан бизнинг ҳам қўлимиздан тутади. Юсуфнинг бошига тушган кўнгилсизликлар у оғзини очиши билан бошланган. Ажойиб тонгларнинг бирида у нонушта қилгани чиқиб, тушида кўрганларини ҳайрат билан сўзлаб берди. Лекин нима учундир улар хурсанд бўлишмади, ғазабларини аранг тийиб, тилига ҳушёр бўлишини айтишди. Албатта, Юсуф тилини тийиши керак эди. Эҳтимол, ташландиқ сардобага ташланганидан кейингина унда шундай фикр пайдо бўлгандир.
Narrator 2 Ёрдам сўраб ёлворишлар наф бермади. Вазиятдан фойдаланиб, акалари уни ушладилар ва ҳаммасининг жонига теккан бу вайсақидан бир умрга қутулишга қарор қилишди. Уни Мисрлик савдогарларга сотиб юборишди. Атиги бир неча соат олдин Юсуфнинг ҳаётига ҳавас қилгудек эди. Эгнида чиройли либослар, отасининг хонадонида шинам хонаси бор эди. Отаси ва акалари уни ҳурмат қилишларини туш кўрганди. Бироқ баланд учган кимса йиқилгач, қаттиқ оғриқни ҳис қилганидек, Юсуфнинг ҳаёти ҳам пастга қулади. Бу сизга ҳеч нимани эслатмаяптими? Ҳаёт бизга тузоқлар қўяди. Юсуф Мисрга танг аҳволда, ғариб одамдай етиб келди. Энди унинг яхши номининг умуман қадри йўқ эди. Бу ғалати тушлар ёш иброний болани Худо уни ишлатишига ишонтирганди. Лекин айнан қай йўл билан ишлатишини Юсуф аниқ билмасди. Уни олдинда нималар кутаётганини тасаввур ҳам қилмасди.