Ассалому алайкум. Аёл ташвишланмасдан юриши мумкинми? У ҳеч тиним биладими? У ҳар куни эрта тонгдан, фарзандлари ва турмуш ўртоғидан олдин уйғониб, меҳр билан нонушта таёрлайди. Кунда қилинадиган ишларнинг рўйҳатини тузиб чиқади. Баъзида эса, келажак ҳақида ўй суриб қолиб, боши қотади. Аёл фарзандларини боғча, мактабга, хўжайинини ишга жўнатиб, уйни чиннидай қилиб тозалайди. Агар фарзандлари мактаб ёки боғчадан келгунча ишларини қилиб улгурмаса-чи?! Ўша пайтда аёл ўзини қандай ҳис қилишини биласизми? Асабийлашади. Чунки эндигина, йиғиштирилган уй бир пасда кийимларга тўлади, ярақлатиб артилган пол, оёқ изларини кўз-кўз қилади. Бундай пайтда ҳар қандай аёл ҳам асабийлашади. Шундай пайтда ўзи билмаган ҳолда фарзандига қаттиқ гапиради.
Тасаввур қилинг, меҳмон кутаяпсиз. Меҳмон келгунча, уйларни тозалаб, ҳаммаёқни чиннидай қилиб қўйишингиз, кўрпачаларни тўшаб, меҳмон суяниши учун ёстиқларни ҳам деворга суяб қўйдингиз. Ошхонада эса пишириқлар, салатлар ва бошқа нарсалар аллақачон тайёр бўлган, фақат овқатни охирига етказсангиз бўлгани. Аммо шундай пайтда болалар жим ўтира оладими? Албатта йўқ. Улар ҳам тарелкаларга чиройли қилиб териб қўйган пирог ва печенъелардан татиб кўради. Меҳмонхонада ёстиқларни бир-бирига отиб, тузаб қўйган дастурхонингизни бузади. Тоза ваннага кўчадан келган кир оёқлари билан кириб, ифлос қилади. Бундай ҳолатдан аччиқланмай бўладими?! Ахир меҳмон келса нима дейди. Шундай ҳолатда меҳмон кутиб бўладими? Бу фикр ҳар бир аёлнинг миясидан ўтиши табиий. Бироқ бир нарсани унутманг. Меҳмон бир неча дақиқалик. У узоғи билан икки соат ўтирар, кейин кетади. Аммо фарзандингиз узоқ йиллар сиз билан бирга яшайди. Демак, ким муҳим, меҳмонми ёки фарзандингиз? Меҳмонни албатта ҳурмат қилиш керак, бироқ меҳмон уйимнинг аҳволини кўриб, ўзим ҳақимда нима деб ўйлайди, демасдан, фарзандим мени қандай она деб билади, деб ўйлаш керак. Фарзандларни эркалатиш керак, улар истаган ишларини қилаверсинлар демоқчи эмасман. Аммо ҳар бир нарсанинг меъёрини топиш керак.
Биринчидан аёл киши кўпроқ фарзандлари билан банд бўлсин. Эрталабдан кечгача, ишда банд бўлган аёлнинг фарзандлари етарлича, меҳр ва тарбия кўришмайди. Аёл ҳаётида Худо биринчи ўринда, турмуш ўртоғи иккинчи, фарзандлар учинчи, иши тўртинчи ўринда туриши керак. Агар аёл мана шу тартибни бузса ҳаёти ҳам бетартиб, муаммоларга тўла бўлади. Фарзандлар ҳам онаси уларни дадаларидан кейинги ўринда кўришини сезишсин. Бу уларга келажакда тўғри ҳаёт қуришига ёрдам беради.
Иккинчиси болалар уй ишларидан муҳимроқ. Аммо уй ишларини қилиш ҳам керак. Ҳар сафар болалар уй ишларидан муҳим эканини ёдда тутган ҳолда, фарзандларни меҳнатга ўргатиш лозим. Агар иш қилаётганингизда фарзандингиз сизга муҳтож эканини билсангиз, ишингизни ташлаб, унга қаранг. Кейин эса ишингизни қилишга тутининг. Бу билан фарзандингизга ўрнак бўласиз. Азиз аёллар сизларни фарзанд қизиқишлари, тарбияси, муаммолари, турмуш ўртоқлар билан муносабат каби мавзулар қизиқтирса бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз бу борада сизга бажонудил ёрдам беради.