Narrator 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугунги гувоҳлигимиз бошқаларидан бироз бошқачароқ, ноодатийроқ бўлади. Аммо бу гувоҳликлардан ўзингиз учун керакли сабоқни ва далдани олишингизга ишончимиз комил. Яқинда ажойиб бир мақола ўқиб қолдим. Ундаги берилган саволларнинг деярли ҳаммасига “Ҳа”, деб жавоб бердим ва жавобларимдан мамнун бўлдим. Бу саволлар жуда ажойиб эди. Бу ҳақида ҳар бир масиҳий билиши керак деб ўйладим ва қадрдонларим билан йиғилишган кунларнинг бирида уларга худди шу саволлардан бирини бердим: “Сиз қайта туғилганингизни қайдан биласиз?” Қуйида уларнинг жавобларини биргаликда эшитамиз. Улардан бири мен жуда ҳурмат қиладиган биродар, шундай деди: — Бу имон орқали содир бўладиган воқеа. Ҳа, мен чиндан ҳам қайта туғилганимни биламан, чунки имоним буни тасдиқлаб турибди. Бунга ишонмаслигимга ҳеч қандай асос йўқ.
Narrator 2 Чунки Калом ҳам буни тасдиқлайди”, деди. Бу биродар имони орқали қайта туғилганига ва чинаккам масиҳий эканига ишонишини айтди. Жуда ажойиб жавоб. Бошқа бир биродар эса, “Буни мен юрагимда ҳис қиламан. Худованд мен билан эканини ибодатларимга жавоб бераётганидан, тўғри йўлда эканимни ва қайтадан туғилганимни биламан ва жону-танам билан буни ҳис қиламан”, деди. Буни деярли ҳар бир масиҳий ҳис қилади. Чунки қайтадан туғилган иносн Худонинг Руҳи билан бошқарилади. Худди шу саволга ажойиб фарзандларнинг онаси шундай деб жавоб берди: “Худонинг Муқаддас Руҳи буни менга тасдиқлайди. У мени тўлдиради ва бошқаради. Ҳаётимнинг ҳар кунида, ҳар лаҳзасида У мени бошқараётганини, хатоларимни фош қилаётганини англайман. Шундан қайтадан туғилганимга ишончим комил.” Бу жавоб ҳам тўғри эди.
Narrator 1 Гўзал биродарларимдан бири эса ҳаётий ва амалий жавобни берди: “Мен буни бошқаларга ўхшамаслигимдан биламан. Ҳаётимда бўладиган ҳодисаларга бошқа, Худони танимайдиган инсонлардек муносабатда бўлмайман. Ҳар бир воқеага, яхшими ёки ёмонми Худонинг кўзи билан қарашга ҳаракат қиламан. Бизнинг воқеаларга бўлган жавобимиз бизнинг қайтадан туғилганимизни кўрсатади. Биз борган сари Худога ўхшаш бўлиб боришга ҳаракат қиламиз, гуноҳларимиздан воз кечамиз ва дунёга Худонинг кўзи билан қарашда ўсамиз.” Бу жавоб ҳам менга ёқди. Бошқа бир биродар шундай деди, “Мен ортимга қараб, аввалги ҳаётимни бугунгиси билан солиштирганимда буни яққол ҳис қиламан. Худованд қилган хатоларим ва гуноҳларим орқали мени ўзгартирди. Мен ҳар сафар фош бўлганимда, Худодан “Бошқа бундай қилма”, деган буйруқни оламан.
Narrator 2 Шу тарзда кўпгина гуноҳли одатларимдан ҳалос бўлганман. Шунинг учун ҳам бугунгача кимнидир ҳукм қилиб унинг қалбига озор етказишни истамайман. Сабаби, бир пайтлар шундай қилганим учун Худодан дакки эшитганман ва буни бир умр ёдимда сақлайман. Шундай воқеалар менинг чиндан ҳам юқоридан туғилганимни исботлайди”. Ҳа, унинг фикрига мен ҳам қўшилдим. Худованд бизга жуда сабрли ва меҳрибон. У бизни тарбиялаш учун гуноҳларимиздан ҳам фойдаланади. У бизни воқеалар ва синовлар орқали поклаб бораверади. Худо билан саёҳатимиз давомида ҳар қадамда эски табиатимизнинг бир қусуридан ҳалос бўлиб бораверамиз. Азиз биродар, сиз ҳам ўз-ўзингизга шундай саволни беринг ва ўйлаб кўринг: “Сиз юқоридан туғилганмисиз? Шундай эканини қайдан биласиз?” Ҳаётингизга назар солинг, ўз ўзингизни тафтиш қилинг. Агар сизда ҳам юқоридагига ўхшаш жавоблар бўлса, унда сиз ҳам ҳақиқий масиҳйисиз.