Ассалому алайкум. Қувғинлар мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Филимўн исмли имонлининг Ўнисим деган қочоқ бир қули бор эди. Филимўн Масиҳга Павлуснинг иштироки билан келган ва унга Павлус ўзининг Мактубларидан бирини йўллаган. Зиндонда Павлусга хизмат қилаётган Ўнисим ўзини Раббийга топширди. У ўз хўжайинидан қочиб кетгани учун тавба қилди, ҳозирда унинг ҳузурига қайтиб боришга ва гуноҳини ювишга тайёр эканлигини билдирди. Павлус ўз Мактубида Филимўндан қули Ўнисимни қайтариб олиши ҳақида илтимос қилади. Ўнисим бир вақтлар фойдасиз бир қочоқ эди, энди эса имонли ва диёнатли масиҳийга, Павлуснинг маҳбуслигида кўрган ўғлига, яъни жон-дилига айланди. Павлус Филимўнга, Ўнисимни қул каби эмас, балки қулдан юқори, севикли ука сифатида қабул қилгин, ҳам одам боласи сифатида, ҳам Раббийнинг боласи сифатида янада кўпроқ яхши кўргин, деб илтимос қилади.
Азоб-уқубатда, машаққат оловида қанчадан-қанча одам Ҳақиқатни билиб олганини фақат Худо билади. Имонлиларнинг меҳнати туфайли кўплаб қалблар қамоқхоналарда қутқарилганлигини фақат У билади.
Масиҳ болаларини айнан қийнаётган пайтда азоб берувчиларнинг ва соқчиларнинг кўпчилиги Масиҳга имон келтиришгани тўғрисида юзлаб, минглаб гувоҳликлар мавжуд. Барча маҳбуслар учун ибодат қилинглар. Улар нафақат озодликка чиқиши учун, Худо уларнинг оилаларига ғамхўрлик кўрсатиши ва юпатиши учун ибодат қилинглар, балки маҳбуслар озодликка чиқиб кетаётганларида улардан кейин сим ортида қудратли, гуллаб–яшновчи жамоат қолиши учун ҳам ибодат қилинглар.
Токи бундай жамоатлар янада кўпроқ асирларни озодликка чиқариш имкониятига эга бўлсин. Римликларга Мактубнинг 8-боб, 28-оятида Павлус имонлиларни ишонтириб шундай дейди: “Биз биламизки, Худони севганларга, яъни Худо ўз муроди бўйича даъват этганларга ҳамма нарса яхшилик бўлиб хизмат қилади” (Римликларга 8:28). Бу ерда қувғинлар назарда тутиладими? Васвасалар-чи? Қамоқхоналар ва ўлим-чи? Таъқибларнинг қуйидагича кўринишларидан Масиҳ учун яна қайтадан эга бўлинган қалблардан ташқари, яна қандай ҳузур-ҳаловат бўлиши мумкин? Бундай тилак ва ниятлар қувғинга учраган биродарларимиз учун қилинган самарали ибодатларимизга қўшимча тарзда яна қандай яхшилик бўлиб хизмат қилиши мумкин? Ҳаворийлар фаолияти Китобининг 8-9-бобларида янги жамоат қувғинга учрагани ва Стефан тошбўрон қилиб ўлдирилгандан кейин жамоат тарқаб кетганлиги ҳақида ҳикоя қилинади.
Аммо булардан ташқари, ушбу бобларда кўплаб хурсандчиликлар юз бергани тўғрисида айтилади. Шу жумладан, шифо топишлар, Самария аҳлининг Масиҳга юз тутиши, ҳабашистонлик амалдорни Филипп сувда чўмдириб имонга киритгани ва Масиҳ шогирдларига қарши таҳдидлар қилиб юрган Шоулнинг сувга чўмиб имон келтиргани тўғрисида сўз боради. Янги Аҳдни диққат билан ўқиб чиқинг. Унда ҳаворийнинг ҳар бир ибодатига ўзгача маъно беринг. Ҳаворийларнинг сўзлари билан қувғинга учраган жамоатлар учун Худога илтижо қилинг. Худо бу илтижоларни эшитиб, албатта Муқаддас Китоб ибодатларига жавоб беришига ишонч ҳосил қилинг. Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.