Ассалому алайкум. Ҳар бир инсон ўзига яраша камчиликлар ва кучли томонларга эга. Ҳаётимиз давомида неча марталаб, заиф нуқталаримиз туфайли, муваффақиятсизликка учраган, фазилатларимиз туфайли эса, яхши натижаларга эришган пайтларимиз бўлган. Бирор бир ишни амалга оширишда, характеримиздаги, кучли фазилатларимизни ишга солиб, муваффақиятга учрасак, ўзимизни жуда кучли ва ҳар нарсага қодирдек ҳис қиламиз. Узоқ вақт ўз муваффақиятимиздан хурсанд бўлиб, ўзимизни қадрлаб юрамиз. Аммо ҳар доим ҳам ишларимиз биз кутгандак бўлавермайди. Баъзан айнан камчиликларимиз туфайли, ишлар биз кутгандек бўлмайди. Бу нарса бизни ҳаддан ташқари қаттиқ ҳафа қилади. Тушкунликка тушамиз. Заифликларимиз сабабини ўзимиздан ва Худодан кўрамиз. Нега шу борада ожиз эканимизни, нега заифлигимиз бўлган нуқтани яхши ўзлаштириб ололмаётганимиздан куйинамиз. Ўзимиздаги бор заифликни бошқаларда кўрмаймиз. Нега у ёки бу аёл эплаган ишни мен эплай олмайман, дея ўкинамиз. Нега мени шундай яратдинг, — дея Худога ёзғирамиз. Бу табиий ҳол. Кишида фазилатлар билан бирга камчиликлар, аниқроғи заиф томонлар бўлиши керак. Худо ҳеч бир инсонни мукаммал қилиб яратмаган. Бизнинг назаримизда мукаммал кўринган инсон ҳам аслида мукаммал эмас. Унинг ҳам ўзига яраша камчиликлари ва заиф томонлари бор. Бу борада сиз ёлғиз эмассиз. Аммо нима бўлса ҳам аёл кишимиз-да, ҳис туйғуга тез бериламиз. Шундай пайтда ҳис-туйғуларимиз ҳолатимизни бўрттириб кўрсатади. Ҳеч қиси йўқ. Бу ҳаммада учрайдиган ҳолат.
Худо нега биз инсонларни фазилатларимиз билан бир қаторда заифликларимиз билан яратганига келсак, бу ҳақидаги аниқ жавобни фақат Муқаддас Каломдан топишимиз мумкин. Ишаё пайғамбар китобининг 43 боби 7 ояти бу саволимизга энг яхши жавобдир. «…Менинг номим билан аталадиган ҳаммани, Ўз улуғворлигим учун яратдим…». Худо бизни мукаммал қилиб яратганида, Худога ҳеч қандай улуғворлик келтирмаган бўлардик. Ҳар сафар заифликларимизни кўрганимизда, Худонинг қудратини англаймиз. Унинг ёрдамига ва қудратига муҳтож бўламиз. Худонинг қудрати билан биздаги заифликлар ўрни тўлади. Бир пайтлар бир дудуқ қиз ҳақида ўқигандим. Қиз дудуқ бўлишига қарамай, Муқаддас Китобни ўрганиш коллежига ўқишга киради. У тенгдошлари орасида дудуқлиги туфайли кам бўларди. Уялчанг ва тортинчоқ қиз эди. Бироқ ўқиши тугаш арафасида унга бутун коллеж талабалари ва ўқитувчилари олдида, Каломдан ваъз айтиш вазифаси топширилди. У бундан жуда ҳаяжонланди. Бу ишни ўз кучи билан қила олмаслигини биларди. Белгиланган кун яқинлашгани сари, унинг қўрқуви ва ҳаяжони ортарди. Бироқ шунда, у ўзини Худога топширди. Ўзини фазилатлари-ю, камчиликлари билан бирга топширди. Бу ишни ўзи қила олмаслигини тан олиб, Худодан ёрдам сўради ва Худо ишонч билан ваъз айтишга киришди. Ишонасизми, бутун ваъз давомида у бирор марта ҳам дудуқланмади. Шундай аниқ ва равон гапирдики, бундан нафақат ўзи, тенгдошлари ва ўқитувчилари ҳам ҳайрон қолишди. Шундан сўнг бу қиз, заифликлар Худони улуғланиши учун хизмат қилишини тушуниб етди. Шундан сўнг, у ўз заифлиги билан уялмайдиган бўлди. Бу бизда ҳам шундай бўлиши керак. Заифликларингиздан уялманг. Улар Худони улуғлаш учун хизмат қилади. Бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимиз сизга бу борада кўпроқ маълумот беради.