3:44

Бобурийлар олмоси

MP3

Narrator 1 Ассалому алайкум. Ўтган сафарги суҳбатимизни тинглаган бўлсангиз, ҳозирда Буюк Британиянинг мулкига айланган Кўҳинур олмосининг тарихига назар ташлаган эдик. Бугун эса бу олмосни “Бобурийлар олмоси” деб атадик. Мазкур олмос дастлаб Какатия қироллигининг мулки ҳисобланган. Килжи династиясига мансуб бўлган бу олмосни Ғиёсиддин Туғлиқ Шоҳ кейинчалик ўз ҳоқони Улуғ хонга юборади. Шу тариқа барча олтин, марварид, фил суяклари билан бирга Кўҳинур ҳам империя мулкига айланади. Кейинчалик бу олмос 1526 йилдан бошлаб то Британия босқинигача империя соҳиби Бобур ва унинг авлодлари ихтиёрига ўтади. Кўҳинур биринчи марта 1526 йили «Бобурнома»да эсланади. Унда ёзилишича, олмос 1294 йили номаълум Малва рожасига тегишли бўлган. Бобур мазкур олмоснинг қиймати «Тамоми оламнинг икки ярим кунлик сарфига баробар» эканини айтади.

Narrator 2 Бобурийлар олмоси Бобур ва унинг фарзанди Ҳумоюн ўз хотираларида Кўҳинурни «Бобурийлар олмоси» деб эслашади.Ўша пайтда олмос Гвалиор вилоятини бошқарган рожаларга тегишли бўлади. Бобур қўшинига қарши шафқатсиз жанг олиб борган Деҳли султони Искандар Лоди тор-мор этилгач, унинг барча мулклари Бобурга ўтади. Шундан сўнг Ҳумоюн қўшини билан Деҳлидан ўтиб, кетма-кет қасрларни ишғол қилиб бориб, олмосни рожа Бикрамадитянинг хотинидан юксак эътироф ила қабул қилиб олади. Олмос Ҳумоюннинг вафотидан сўнг оз вақт унинг бош вазири Жалолхон тасарруфида бўлади. Ҳумоюннинг ўғли буюк саркарда Акбар умри давомида олмосга бирон марта ҳам қўл теккизмайди. Кейинчалик афсонавий тош Шоҳжаҳон ихтиёрига ўтади. Маълумки, Шоҳжаҳон машҳур Тож Маҳални қурдиради. Кейинчалик, унинг ўғли Аврангзеб уни Лоҳурдаги Бадшоши масжидига жойлаштиради.

Narrator 1 Олмос у ерда Нодиршоҳ давригача (1739 йили) сақланади. Ўз даврида Нодиршоҳ Кўҳинурни «Агар бир одам бешта тош олиб бирини шарққа, бирини ғарбга, бирини шимолга, бирини жанубга ва бешинчисини осмонга отиб, тошлар етган манзил оралиғини олтин, марваридлар билан тўлдирса, Кўҳинур қийматига тенг бойлик бўлади» деган эди. 1747 йилда Нодиршоҳга уюштирилган суиқасддан сўнг олмос Афғонистонга, Аҳмад шоҳ Абдалий ихтиёрига ўтади. 1830 йили Шоҳ Хўжа Афғонистонни босиб олганидан сўнг тош яна Лоҳурга, кейинчалик эса Панжобга Махаража Ранжит ихтиёрига ўтади. Олмоснинг янги даври. Панжобда ўз ҳукмронлигини ўрнатган Ранжит Синг 1839 йили оламдан ўтади. 1849 йилнинг 29 мартида Лоҳурда Британия байроғи кўтарилади. Бу Панжоб ҳам ўз-ўзидан Британия қарамлигига ўтди, дегани эди. Маҳаражанинг бошқа бойликлари қаторида Кўҳинур ҳам Британия ихтиёрига ўтади.

Narrator 2 1850 йил 3 июл куни Кўҳинур тантанали равишда қиролича Викторияга топширилади. Қиролича Викториядан сўнг қиролича Александра олмосни янги тожга ўрнатди. Шундан бошлаб, олмос қиролича тожини безаб келмоқда. Кўҳинурга тааллуқли даъволар. Кўҳинурга оид даъволар ҳамон тўхтагани йўқ.1976 йили Покистон Бош вазири олмосни Покистонга қайтаришни сўраган эди. Толибон гуруҳи ҳам Британия Кўҳинурни Афғонистонга қайтариши керак, деган қатъий талабни қўйди. Эрон матбуоти эса олмоснинг ҳақиқий эгаси Эрон ҳукумати дейди. Аслида унинг ҳақиқий эгаси ким? Бу ўринда Олаф Кароининг «Таймс» газетасидаги фикрларини эслатамиз: «У 203 йил Деҳлида, 66 йил Кандаҳор ва Кобулда, 160 йил Британияда бўлди. Кўҳинурнинг ҳақиқий эгалари туркий қавмга мансуб Ҳиндистон ҳукмдорлари эди, — дея ёзади Олаф Карои ўз мақоласида.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top