Narrator 1 Қадимдан халқимиз хонадонларида беҳи ва олмаларни ётоқхона ва меҳмонхона токчаларига териб қўйиш урф бўлган. Уларни тинчлантирувчи хусусиятга эгалигини билишган. Момоларимиз райхонни қулоқларига илдириб юришни хуш кўришган. Бу ҳам бежиз эмас. Чунки у антисептик хусусиятга эга бўлиб, турли ҳашоратлар унинг ҳидидан қочган. Исириқни таърифламаса ҳам бўлади. Унинг шифобахш хусусиятларини барча яхши билади. Атиргулдан хушбўй мурабболар тайёрлашган. Қадимдан дунёдаги барча ҳалқлар турли ҳид ва ифорлар кишига шифо бағишлаши ва унинг саломатликка ижобий таъсири ҳақида маълумотларга эга бўлишган. Атрофимизда тасодифий ҳидлар йўқ, уларнинг ҳар бири танамиз ёки унинг бир нечта аъзосига, шунингдек, кайфиятимиз ва саломатлигимизга таъсир қилади. Баъзи ифорлар қувончли ҳолатларга сабаб бўлса, бошқаси тинч ва хотиржам ухлашга кўмак беради.
Narrator 2 Аллома Абу Али ибн Сино ўз китобларида булар ҳақида батафсил ёзиб қолдирган. Дарҳақиқат, ишдаги чарчоқлар, бош оғриғидан ҳоли бўлиш, эртанги кун учун куч-қувват йиғишда хушбўй ифорларнинг тутган ўрни ўзгача. Биз буни бир сўз билан – ароматерапия деб атаймиз. Ароматерапия билан даволаш 3 гуруҳга бўлинади. Қуйида улар билан қисқача таништирамиз. Ифорли ванна қабул қилиш. Қадимдан иссиқ ҳаммом қабул қилишда эфир мойидан фойдаланиш анъанаси мавжуд. Эфир мойини асал ва сутнинг косметик аралашмасига қўшишингиз мумкин. Бундай ароматик ваннани қабул қилиш 5 дақиқадан 30 дақиқагача давом этади. Унинг турли фойдали хусусиятлари бор. Масалан, бир неча томчи мандарин мойи қўшиб чўмилиш чарчоқни бартараф қилади ва кайфиятни кўтаради. Хонани хушбўйлантириш. Хонани тез-тез ифорли чироқлар ва шамлар ёки ёқимли ҳидга эга таёқчалар ёрдамида хушбўйлантириш мумкин.
Narrator 1 Аммо унутмаслик керакки, ҳар нарсада меъёр бўлгани маъқул. Улардан мунтазам фойдаланиш, кам шамоллатладиган хоналарда қўллаш тавсия этилмайди. Ҳар қандай ифорли шамлар парафин ва турли хилдаги бўёқлар аралашмасидан тайёрлангани сабабли уларнинг ёниши, туташи жараёнида токсик заҳарли моддалар – бензол ва толуол моддаларининг қисмлари ажралиб чиқади. Бу эса астма, тери касалликлари, экземага сабаб бўлиши мумкин. Хушбўй ёғлар воситасида уқалаш. Бу ёқимли ва фойдали даво саналади. Аммо шуни унутмаслик керакки, эфир мойидан терига мўл суртиб ишлатилса,, аллергия ҳам чақириши мумкин. Ароматерапияни қўллашга қарши кўрсатмалар кўпчиликни қизиқтириши табиий. Бу борада, тўғридан-тўғри қарши кўрсатмалар мавжуд эмас. Аммо, аллергик хасталиклар билан оғриган кишилар ифор танлашда ўта эътиборли бўлишлари керак.
Narrator 2 Цитрус меваларига аллергияси бўлганларга лимон, мандарин, апельсин ва грейфрут ҳамда бергамот ифори тавсия этилмайди. Ифор танлаш катта аҳамиятга эга. Ўзингиз учун нотаниш бўлган ифорли суюқликни харид қилишда эҳтиёт бўлинг. Баъзилари бош оғриғи, кўнгил айнишига сабаб бўлиши ҳам мумкин. Чунки одам организмининг ҳар бири ўзига хос. Турли ифорлар ҳаридида айниқса, ҳомиладор ва эмизикли аёллар эътиборли бўлгани маъқул. Нотўғри танланган маҳсулот ножўя таъсир этиши оқибатида ҳомиладор аёлларда қон кетиши, эмизикли аёлларда эса болада аллергиянинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Хушбўй ифорлардан фойдаланганда фармацевт ва врачлар билан маслаҳатлашинг, Эҳтиёткорлик билан ишлатинг!