Ассалому алайкум. Она Тереза. Бу исмни бир неча йил аввал эшитгандим. У ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмасам ҳам, бу аёлнинг жуда олийжаноб ва руҳан кучли бўлганини англагандим. Кейин эса унинг ҳаёти билан қизиқдим. У ҳақида маълумотлар тўпладим. Бу аёл қандай ҳаёт кечирганки, унинг донғи бутун дунёга тарқаган?! Келинг у ҳақида билганларимни сиз билан бўлишай.
Бу қиз асли Албанияда Скопе шаҳарчасида бизнесмен Бояджиунинг оиласида дунёга келган. Асли исми Агнесс бўлган бу қизалоқ, ўзининг меҳрибонлиги, камгаплиги билан ажралиб турарди. У ёшлигидан жамоат хорида куйларди. Афсуски у ўн тўрт ёшга кирганида отаси тўсатдан вафот этади. Бу эса оиланинг бирданига қашшоқлашиб қолишига сабаб бўлади. Энди рўзғорнинг оғир юки онаси Драна Бояджиунинг зиммасига тушади. Агнесс 17 ёшга тўлганида онасидан монах бўлишга ижозат сўрайди. Она узоқ мулоҳаза қилиб, қизига оқ фотиҳа беради. Дастлаб у Ирландиядаги монаситирда хизмат қилади. Икки ой ичида инглиз тилини мукаммал ўрганиб олади. 1931 йилда эса ўзига Тереза деган исмни танлайди. Тез орада уни Калкуттага юборишади. Тереза Калкуттадаги мактаблардан бирида 16 йил ўқитувчи бўлиб ишлайди. Имони туфайли даҳшатли қашшоқликни енгади. Бу мактабда Тераза қолоқ ўқувчилар билан қўшимча шуғулланади, уларга чин дилдан таълим беради. 1937 йилда монахлик қасамёдини қабул қилгач Она Тереза номига сазовор бўлади. Шундан сўнг у икки йил давомида Римга хат ёзиб, ихтиёри ўзида бўлган монах бўлишга рухсат сўрайди. Доимо монастирда қолиш унинг учун эмасдай эди. Худо унинг учун бошқа бир режа тайёлаб қўйганини қалбан ҳис қиларди. Ниҳоят 1946 йилда Рим-католик черкови бошлиқлари Тереза онага камбағалларга ёрдам бериш ва инсонларга мурувват кўрсатиш учун ихтиёрини ўзига беришади. У Калкуттада яшаб ўша ердаги камбағал кишиларга қўлидан келганча ёрдам кўрсатди. Кейинроқ эса «Хизматчи опалар Муҳаббати» деб аталган жамият ташкил қилди. Эркинликни қўлига олгач, Тераза шаҳарнинг энг ҳароба қисмига йўл олди. Унинг эгнида энг арзон сари ва чўнтагида бор йўғи 5 рупийгина бор эди ҳолос. У қўлида 5 рупий билан рад этилган инсонлар ҳаётини енгиллаштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Бир куни она Тереза бир йигит қоқ суяк бўлиб қолган, танасини йирингли яралар босиб кетган онасини шаҳар касалхонаси олдида қолдириб кетаётганига гувоҳ бўлди. Шаҳар касалхонаси ходимлари ҳам бу аёлни даволашни исташмади. Аёл ўлимини кутиб касалхона эшиги олдида ётарди. Она Тереза ўлаётган аёлга ёрдам беришни истади, аммо бу инсон қўлидан келадиган иш эмас эди. Шундай бўлса ҳам, Тереза у учун ибодат қилди. Яраларини ювиб, унга ёрдам берди. Аёл жон бераётганида она Терезадан миннатдорлигини табассум билан изҳор қилди. Бу ҳолат ҳақида она Тереза шундай деган эди : «Аёл жон бераётиб менга жилмайди. Шунда Исо Масиҳнинг муҳаббати инсонлар кучидан қудратлироқ эканини ҳис қилдим». У шаҳардаги энг ҳароба уйларнинг бирининг энг юқори қаватидан жой олди. Унинг кровати ёки кўрпа тўшаги ҳам йўқ эди. У биргина эски гиламча устида ухлар, ориққина монах аёл бир неча кунлаб оч юрарди. Баъзан камбағалларнинг қорнини тўйдириш учун ўткинчилардан садақа сўрарди. Ўзининг очлигига қарамай, борини очларга, муҳтожларга берарди. Бундай аёл бўлиш учун кучли имон талаб этилса керак.