2:47

Руҳий қуролларимиз. 7 қисм

MP3

Салом азизлар. Ибодат мавзусига бағишланган дастурга хуш келибсиз. Хазрати Исонинг исми қутқариш ҳокимиятига эга. «Ундан бошқа ҳеч кимда нажот йўқдир,

чунки нажот топишимиз учун, одамларга осмон остида берилган бошқа ҳеч бир ном

йўқ» (Ҳаворийларга 4:12). Исо Масиҳ, Унинг номи билан бир нечта киши йиғилган жойда, улар билан бирга бўлишни ваъда берган. «Чунки қаерда икки ёки уч киши Менинг номим учун йиғилса, Мен у ерда уларнинг орасида бўламан» (Матто 18:20). Унинг исми шифо олиб келади. Бутрус чўлоққа деди: «…Носиралик Исо Масиҳ номи билан ўрнингдан туриб юр!» (Ҳаворийлар 3:6). Сўнг, бу мўъжизавий шифо қандай содир бўлганини изоҳлади: «Сизлар хочга михлаган, Худо эса ўликдан тирилтирган Носиралик Исо Масиҳнинг номи билан у сизларнинг олдингизда соғ-саломат қилиб қўйилди» (Ҳаворийлар 4:10).

Унинг исми озод қилади. Исо Масиҳнинг хочдаги ғалабаси туфайли, биз зулмат

кучларини енга оламиз. Исо Масиҳ Ўз шогирдларига деди: «Имон келтирганларга

бундай аломатлар ҳамроҳ бўлади: Менинг номим билан жинларни қувиб чиқарадилар…» (Марк 16:17; Луқо 10:19-20; Колосаликларга 2:15). Исо Масиҳнинг исмидаги куч ҳақида ва Унинг исмидан фойдаланиш ҳуқуқи – У билан

муносабатларимиз шарофати билан берилган ажойиб имтиёз эканини унутманг. Унга ибодат орқали қанча кўп яқинлашсак, Унинг исми бизга шунча қадрли бўлади ва унинг буюк кучини яхшироқ англаб борамиз. Исо Масиҳнинг исмини ҳурмат қилишимиз лозим. Уни беҳудага, сабабсиз ва бекорга ишлатиш мумкин эмас.

Айрим кишилар Худонинг исмини бекорчи гап-сўзларда ҳам айтишади, кейин Унинг исми билан ибодат қилишади. Худонинг исмини беҳудага тилга олиш деб, нафақат уни ҳақоратлашда ишлатиш, балки унга нисбатан ҳурматсизлик қилиш ва уни юзаки тарзда ишлатиш назарда тутилади. Ҳеч биримиз 220 вольт электр кучига эга бўлган очиқ сим билан ўйнашмаймиз. Раббийнинг исми билан ҳам, худди шундай эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлишимиз лозим.

Эски Аҳдда Худонинг халқи Унинг исмига катта титроқ билан муносабатда бўлишган. Исроилликлар уни овоз чиқариб айтишдан қўрққан. Инсоннинг оғзи уни айтишга лойиқ эмас, деб ҳисобланган. Мусо Худодан Унинг исмини сўраганида, Худованд унга жавобан: «Мен Борман» деди (Чиқиш 3:14). Худованд шу қадар буюк ва мўъжизавийки, Уни инсоний сифатлар билан ифодалаш имконсиз. Худонинг исми Унинг борлиғини намоён этади. Бу ажойиб исмда нималар яширинганини қанча яхшироқ билиб олсак, Исо Масиҳ номи билан қилинган ибодатларимиз шунча самаралироқ бўлиб боради.

Азизлар, бордию сизда ибодат эхтиёжи бўлса, dilkashradio телеграм каналимиз орқали бизга хабар юборинг. Биз сизлар учун ибодат қиламиз. Исмларингиз эфирга узатилмайди. Раббимиз инояти барчангизга ёр бўлсин азизлар. Ҳайир, омон бўлинг.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top