“Адолат йўлида жабр кўрганлар бахтлидир, чунки Осмон Шоҳлиги уларникидир”. (Мат.5) Салом азизлар. Агар баъзи масиҳийларни эътиқодлари учун қийноққа солиб занжирбанд қилишган бўлса, бошқаларини қариндош-уруғлари ва яқинлари, баъзида эса эътиқоддаги биродарлари ва сингиллари инкор этадилар. Бунинг устига униси ҳам, буниси ҳам – таъқиб ва қувғин ҳисобланади. Бир эслаб кўринг-а, бу Исо билан ҳам юз берганди. Исо ўсиб улғайган жойи Носирага борди. Ўз одати бўйича ибодатхонага кириб тиловат қилди. “Ҳамма Исонинг айтганларини маъқуллар эди. Унинг оғзидан чиққан латиф сўзларга маҳлиё бўлишиб: “Юсуфнинг ўғли эмасми Ўзи?” – деб қўяр эдилар” (Луқо 4:22). Бундан шундай хулоса келиб чиқади: Унга икки баробар кучли эътиқод қилишади.
У “…Ўз ватанига келиб, ерли халқнинг ибодатхонасида таълим бера бошлади. Улар эса ҳайратда қолиб: — Шундай донолик ва мўъжизакорлик қудрати Унга қаердан насиб бўлди экан? Дурадгорнинг ўғли эмасми Ўзи? Онасининг исми Марям, укалари эса Ёқуб, Юсуф, Симўн ва Яҳудолар эмасми? Унинг ҳамма сингиллари ҳам бизнинг орамизда-ку! Буларнинг барчасига У қандай қилиб эришди экан? – дейишди. Ва ғашланиб, Уни рад қилишди. Исо эса уларга: — Пайғамбар ўз ватани ва уйидан бошқа ерда эътиборсиз бўлмас, — деди” (Матто 13:54-57).
Худди ўша диний руҳ ҳамон бизни айблайди ва ҳозирги кунга қадар бизнинг устимиздан кулади. “Сен кимсан ўзи, — дейди имонсизлар, — нима, сен Худога илтижо қиласан ва У сенга жавоб қайтарадими? Биз сингари эски гуноҳкор эмасмисан?!” Ёки бундай: “Биз сен билан йиллаб жамоатнинг бир курсисида ўтирибмиз, сен Худонинг дўстиман деб эътироз овоза қиляпсан”. Шундай руҳга эга бўлганлар доимо эътиқодга қарши чиқадилар ва ҳақиқий имонлиларни таъқиб қиладилар.
Дунё бўйича Масиҳ издошларининг кўпчилигининг таъкидлашича, Инжилга ҳаммадан ҳам имон келтирганларнинг яқинлари, уларнинг оила аъзолари кўпроқ таъсирчан бўладилар. Шахсан ўзингиз шундай ҳолатни бошингиздан кечирганмисиз? Исо Масиҳга бўлган ишончингиз учун сизни қачон бўлса ҳам қариндош-уруғларингиз, қўшниларингиз ёки ҳамкасбларингиз таъқиб қилишганми?
Баъзида бизга энг яқин бўлган одамлар ўзимизга қарши чиқишга мойил бўладилар. Масалан, Далида Самсонни сотган вазиятни эсланг (Ҳакамлар 16), Забурда (40:10 ва 54:13-15) Довуд пайғамбарнинг гувоҳлик беришича, энг яқин одамлар билан турлича низолар келиб чиқар эмиш; пайғамбар Михо қариндош-уруғлар ўртасидаги юзага келадиган жанжаллар тўғрисида гапиради (Михей 7:6); Яҳудо Исони тутиб беради (Матто 26:23); Димас ва Искандар Павлусни тарк этишди ва кўп ёмонликлар қилишди (2 Тимўтийга 4:10, 14).
Масиҳийларнинг таъқибга учрашига бошқа сабаб – бу Инжилнинг содда, мураккаб бўлмаганидадир. “Хоч ҳақидаги хабар ҳалок бўлаётганлар учун тентакликдир. Лекин биз, нажот топаётганлар учун бу хабар Худонинг қудратидир” (1 Коринфликларга 1:18). Раббим сизни Ўз паноҳида асрасин. Омон бўлинг.