Narrаtor 1 Ассалому алайкум қадрдон биродар. Бугун Ёқуб мактубининг бир неча оятига чуқур назар солиш вақти етди. Агар Ёқуб 1 боб 2 оятга қарасангиз, бу оятда муаллиф синовлар ҳақида гапиради. Бу сўзни у икки ҳил маънода ишлатади – 2 ва 12 оятларда бу сўзни Худо иродаси билан ҳаётимизда рўй берадиган қийинчиликлар маъносида қўллаган бўлса, 13-17 оятларда бу гуноҳга бошлаб борувчи васвасалар маъносида келади. Масиҳийча ҳаёт муаммо ва қийинчиликларга тўла. Улар ҳаётимизда кутилмаганда пайдо бўлади. Баъзан бир қийинчилик келса, баъзида бундай қийинчиликлар ёки муаммолар бир варакайига келади. Улардан қочиб бўлмайди. Ёқуб, “агар синовларга дучор бўлсангиз”, демайди, “синовларга дучор бўлганингизда”, дейди. Демак, уларнинг келиши аниқ. Улардан қоча олмас эканмиз, унда уларни нима қиламиз? Бу қийинчиликлар ва синовларга бир неча кўринишда муносабат билдиришимиз мумкин.
Narrаtor 2 Биз ё ўз кучимиз билан уларни енгамиз деб ўйлаб, уларга қарши исён кўтарамиз, ёки уларнинг босимидан руҳимиз тушиб, уларнинг остида қолиб кетамиз. Буни тақдир деб қабул қиламизми? Агар шундай бўлса, бу Худованд биз ҳақимизда умуман қайғурмаётганини кўрсатадими? Агар шундай қабул қилсак, нолиш ва шикоят қилишдан бошқасига ярамай қоламиз-ку! Ҳаворий Павлус бизни айнан мана шу нарса ҳақида огоҳлантиради. “Ҳеч нолиманглар. Улардан баъзилари минғирлаб, нолидилар, шунинг учун Азроил уларни уриб, нобуд қилди.” Ё бўлмаса, ўзимизга ачиниб, бошқаларда ҳам ўзимизга нисбатан ачиниш ҳиссини уйғотамиз. Аммо муаммо шундаки, бу муаммолар ҳеч қачон тўхтамайди! “Жисмоний оталаримиз қисқа вақт давомида бизни ўз билганидай тарбиялаган эдилар. Худо эса бизнинг манфаатимизни кўзлайди. Биз У каби муқаддас бўлишимиз учун Худо бизни тарбиялайди.
Narrаtor 1 Одам тарбия олаётганда хурсанд бўлмайди, аксинча, қайғуради. Аммо бундай тарбияни олган одам кейинчалик тинч–тотув ва солиҳ ҳаёт кечиради.” Демак, Худованд бизни умримиз давомида тарбиялайди. Буларга жавоб тариқасида, биз, “Худо менга бу синовларни ҳаётимда қандайдир яхши ниятини амалга ошириш учун юборгандир. Шунинг учун мен бу сабабни топишга ҳаракат қиламан”, дейишимиз керак. Шу сабаб, Ёқуб бу ҳақида шундай дейди, “Эй биродарларим, турли синовларга дучор бўлганингизда ўзингизни бахтли деб билинглар.” Синовларга қарши чиқманг! Дадил бўлинг! Хурсанд бўлинг! Бу муаммо ва ташвишлар сизга душман эмас. Улар сизни барбод қилиш учун юборилмаган. Улар сизнинг дўстингиз, улар сизда масиҳийча характерни шакллантириш учун юборилган. Худованд ҳар бир фарзандида Масиҳнинг характерини шакллантиришни истайди.
Narrаtor 2 Бу жараён эса албатта синовлар, тушкунликлар ва тушунмовчиликларни пайдо қилади. Ҳаётимиз ҳар доим яхши ва силлиқ кетаверса, Муқаддас Руҳнинг самаралари пайдо бўлмайди. Баъзан ҳаётимизда синовлар ва қийинчиликлар ҳам бўлиб туриши керак. Бироқ бу синовлар кимга ҳам ёқарди дейсиз!? Улар бизга қийин ва ёқимсиз туюлади, бироқ бундай тарбия олган одам, кейинчалик тинчлик ва солиҳлик самарасига эга бўлади. Кўпинча бундай қийинчиликлардан ўтган ёки ўтаётган масиҳийларнинг, “Албатта бу жараён жуда қийин, аммо бундан ўтганимга ёки ўтаётганимга ҳеч ҳам ачинмайман. Бу қийинчиликлар келадиган натижасига арзийди”, деганларини эшитамиз. Ёқуб 1 боб 3 оят эса шундай дейди, “Ахир, имонингиз синалганда сизлар сабр–тоқат қилишни ўрганасизлар. Бу ўзингизга ҳам аён.” У имонни Худо ҳақиқийлигини синаб кўрадиган металга ўхшатади. Бу метал ҳасталиклар, қийинчиликлар, азоб-уқубатлар оловида синалади. Муаммоларсиз чидамли бўлолмаймиз.