Narrator 1 Ассалому алайкум. Болалар қандай қилиб мактабга тез кўникиб кетишлари мумкин, деган саволга жавоб топиш ҳар бир ота-она олдидаги муҳим масала бўлади. Айниқса фарзандини биринчи синфга олиб борган ота-оналар бунга астойдил ҳаракат қиладилар. Мактабга бориш болакайлар ва уларнинг ота-оналари учун бу ҳаётдаги энг муҳим ва аҳамиятли ҳодисалардан биридир. Бола учун мактабдаги илк йил энг мураккаб вақт ҳисобланади. Севимли қўғирчоқлар ва ўйинчоқлар билан ўтадиган кунлар эндиликда ўқув машғулотлари, китоб-дафтарлар билан ўрин алмашади. Бу ўз навбатида боладан сабр-тоқат, диққат ва ақлий меҳнатни талаб қилади. Бундан ташқари боланинг руҳиятига ҳам қўшимча юк ортади: янги болалар – синфдошлар билан танишиш ва дўстлашиш керак шунингдек, катталар – ўқитувчилар билан ҳам мулоқот ўрнатиш керак. Барча болалар ҳам янги вазифалар ва қоидаларга тезда кўникиб кета олмайдилар.
Narrator 2 Янги муҳитга кўникиш учун болага 1-2 ҳафта ёки 1 ой камлик қилади. Мутахассислар таъкидлашича, мактабга кўникиш учун 2 ойдан ярим йилгача вақт кетади. Барча болалар учун албатта бир хил усул йўқ. Бу кўпгина омилларга боғлиқ бўлган қийин ва индивидуал жараён. Масалан, боланинг шахсий феъл атвори, ижтимоий фаоллиги, мактабга тайёргарлиги ва ҳ.к. Ҳозир болага ҳаётидаги янги босқичга ўтишда соғлиғи ва руҳиятига зарар етмаслиги учун ёрдам беришнинг, ўйин ва дарсларни бирга олиб бориб, вақт ўтган сари дарсларни олдинги ўринга чиқаришнинг айни вақти. Мутахассислар ота-оналарга қуйидагича маслаҳат берадилар: Биринчи синф ўқувчиси ўзига, ўз кучига ва имкониятига ишониши керак. Болада шу ҳисларни тарбияланг. Фарзандингизга қулоқ солинг, мактаб ва синфдаги ҳаёти билан қизиқинг. Дарслар қандай ўтганини, нима ёққану, нима ёқмаганини сўранг. Ўзлаштиришини назорат қилиб боринг.
Narrator 1 Синф раҳбари билан алоқани ушлаб туринг. Фарзандингизни уришманг, айниқса бошқалар орасида. Агар у секин ёзса ҳам, мисолларни нотўғри ечса ҳам, чизиқларни нотекис чизса ҳам уришманг. Дарсларда болалар ташаббус кўрсатмай, ўқитувчи ва синфдошлар тарафидан муҳокама қилинишдан чўчиб тахтага чиқмай қўядилар. Бу дарслар ўзлаштирилишини янада секинлаштиради. Фарзандингизда синфдошлари орасидан яқин дўст топишига кўмаклашинг. Танаффусда фарзандингизга ким билан суҳбатлашиш қизиқроқ, улар нималар ҳақида суҳбатлашадилар қизиқинг. Мумкин бўлган суҳбат учун маслаҳатлар беринг. Болалар ўзаро дўстлашиб олишлари учун истироҳат боғлари ёки қаҳвахоналарга оилавий дўстона учрашувлар уюштиришингиз мумкин. Фарзандингиз нафақат дарсларда, балки янги дўстлар орттиришда ҳам ёрдамингизга муҳтож. Бола биринчи синфга қадам қўйиши билан унинг оиладаги мақоми ҳам ўзгаради.
Narrator 2 Бувижон ва бобожонлари уларни мактабга чиққани билан табриклаб, ширинликлар билан сийлашади. Энди болалар атрофдагилардан тез-тез: “Сен энди катта бўлдинг!”, “Сен энди эркаксан!”, “Қанчалар тез катта бўлдинг!” қабилидаги гапларни эшита бошлайдилар. Лекин оиладаги муносабатнинг бу каби кескин ўзгариши ҳар доим ҳам яхшиликка олиб келавермайди. Оиладаги катта фарзандлар томонидан кичик фарзандларга нисбатан ўзлари англамаган ҳолатда босим ортади. Шу тарзда илк муаммолар келиб чиқа бошлайди. Шунинг учун болани бу ўзгаришларга аста-секин кўниктириб бориш маъқул. Бола мактабга чиққани билан у ҳалиям болалигича қолади ва ҳаддан ташқари катта маъсулиятни ўз бўйнига олишга қодир эмас. Фарзандингиз ҳаётини қийинлаштирманг. Баъзи ота-оналар фарзанди мактабга чиққач, қўшимча минг бир тўгаракка ҳам олиб бора бошлайдилар. Бу эса болангиз учун кераксиз босим бўлади.