3:29

Ëпиқ эшик

MP3

«Кимки ҳақиқат йўлини тутса, нурга қараб юради, токи Худога таяниб қилган ишлари ошкора бўлсин» (Юҳ 3:21).

Ассалому алайкум. Тасаввур қилинг, сиз Худонинг чақириғини ҳис қилаяпсиз. Худо сизни бир вазифани бажаришга чорлаяпти. Сиз Худога жон деб қулоқ соласиз-да, ўша ишни қилиш учун режалар тузасиз ва ишга киришасиз. Аммо, аксига олгандай, ҳамма нарса нотўғри кетади. Ҳеч ишингиз юришмайди. Шундай ҳолатда одамлар: «Нима ҳам дердинг, демак сен ўйлаганинг Худонинг хоҳиши эмас экан» , — дейишади. Худо сизни Ўзи билан муносабат қилишга чақиради. Ҳаётингизда учрайдиган ҳолатларни шарҳлашга шошилманг. Кўп ҳолатларда биз инсонлар тезгина бир хулосага келамиз. Худо бизга бирор бир вазифани топширганда, бизни бир йўналиш бўйлаб, яъни Ўзига қараб юришимизни, шу йўлда У Ўзининг нима қилмоқчи эканини бизга тушунтирмоқчи бўлади. Биз эса Худонинг чақириғини эшитиб, қолганини эшитмай, тезгина ишни ўз қўлимизга олиб, хулосани ҳам чиқариб қўя қоламиз. Биз ўйлаган фикрлар ўзимизга тўғри бўлиб кўринади. Шу хулоса ва фикрларга таяниб иш кўрамиз. Аммо ишлар ўхшамайди. Чунки Худо биздан У билан муносабат қилишимизни истайди. Агар шундай қилсак, Худованд шу муносабат орқали Ўзи истаган ишни қандай бажаришимиз кераклигини ҳам айтади. Бу ҳолатни яхши тушуниб олишингиз учун ҳаворий Павлуснинг ҳаётидаги бир ҳолатни кўриб чиқсак. «Павел билан йўлдошлари Фригия ва Галатия юртларидан ўтишди, чунки Муқаддас Руҳ Асияда Худо сўзини тарғиб қилишларига тўсқинлик қилди. Мисия чегараларига яқинлашганда, Битинияга бормоққа интилдилар, лекин Исонинг Руҳи яна уларга ижозат бермади. Шундай қилиб, Мисия юртидан ўтиб, Троас шаҳрига тушиб келдилар. Ўша кечаси македонлиялик бир одам Павелнинг тушига кирди. У Павелнинг қаршисида туриб: «Македонияга келиб, бизга ёрдам бергин!» — деб ёлворар эди. Павелнинг кўрган бу кароматли тушидан кейин бизлар дарҳол Македонияга бориш ҳаракатини қилдик. Чунки Раббимиз бизни у аҳолига Хушхабарни етказишга чақиряпти, деган хулосага келган эдик» (Ҳав 16:6-10).

Павлус ҳали Дамашқда бўлганидаёқ, Худо унга, маъжусийларга Хушхабар етказишда Павлусдан фойдаланишини айтган эди. Павлус эмас, Худо маъжусийлар орасида Павлус орқали ишламоқчи эди. Павлус Асияга бормоқчи бўлди, бироқ Муқаддас Руҳ бунга тўсқинлик қилди. Кейин эса улар Битинияга бормоқчи бўлишди. Муқаддас Руҳ яна бунга йўл қўймади. Нега? Худо бу ҳалқларнинг нажот топишини истамаганми? Асло ундай эмас. Худо Павлуснинг Македонияга боришини хоҳлаганди. У Павлусга шу вазифани берар экан, айнан У режалаштиргандай, У истагандай иш кўришини хоҳлаганди. Асия ва Битинияга бориш эса Худонинг эмас, Павлуснинг фикри бўлган.

Худо бизни бирор бир вазифа қилишга чорлар экан, ҳар қадамда, Унинг фикрини билишга ҳаракат қилмоғимиз лозим. Шуни билинг-ки, Худо шу ишни сиз орқали бажармоқчи. Шунинг учун ҳар бир қадамни, Унинг режасига кўра босишингиз керак бўлади. Бу ишни бажаришга узоқ вақт кетса ҳам, Худо истаганидай қилиш, энг маъқул ва тўғри йўлдир. Азизлар баъзан Худо йўлида қандай юришни билмай қолсангиз, тушкунликка тушиб, қандай иш тутишни билмай қолсангиз бизнинг www.najot.com ва dilkash@najot.com сайтларимизга мурожаат қилинг. Бу манзилдан сиз ўзингизга керакли далда ва маслаҳатни олишингизга ишончимиз комил.

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top