Ассалому алайкум азиз биродарлар. Эски Аҳдда пайғамбар, руҳоний, шоҳ ҳамда донишмандлар халқнинг вакили сифатида, халқ номидан иш олиб боришган. Азизлар, Янги Аҳдни ўқир эканмиз, бунда ҳар хил муаллифлар Исо Масиҳнинг шахси ва фаолиятида мана шу ролларнинг бажарилганини аниқ кўрсатиб беришган.
Энг аввало, Исо ҳақиқий пайғамбар сифатида Худо Шоҳлиги келишини эълон қилган. Исо пайғамбарлик каломини ваъз қилибгина қолмай, Унинг Ўзи Калом эди. Исо Масиҳ Худонинг ҳақиқати ҳамда Шоҳлиги ҳақидаги ваҳийни очиб берган, Унинг бу хизматида Эски Аҳддаги пайғамбарлик ўзининг энг юқори чўққисига эришган.
Иккинчидан, Исо руҳонийлик ролини ҳам адо этган. Бу ҳақиқатни биз бевосита Исо Ўзининг кўпларнинг қутулиши учун қурбон бўлиб ўлиши ҳақида айтгани орқали англаб олишимиз мумкин.
Ибронийларга мактубида Исонинг руҳонийлик хизмати илоҳиёти тўлиқ ишлаб чиқилган. Бунда Исонинг руҳонийлик хизмати Исроилдаги руҳонийлик хизмати давоми сифатида ва бу хизматнинг тўлиқликка эриштиргани учун Исо хизматининг устунлиги кўрсатилган.
Мана шу ерда аҳд мавзусидаги боғлиқлик аниқ кўрсатиб берилган, чунки Масиҳ Ўз қони орқали янги ва янада аълороқ аҳд тузади. Шу оятлардан кўришимиз мумкинки, Исо Масиҳ ҳақиқий руҳоний бўлиш билан бир қаторда гуноҳ учун мукаммал ва манзур қурбонлик ҳам бўлган.
Шунинг учун У ҳақиқий Фисиҳ қурбонлигимиз, ҳеч гуноҳни билмаган гуноҳ қурбонлигимиздир. Исонинг руҳонийлик хизмати шундан иборат эдики, Худо аҳдини бузган ҳаммага Худо эълон қилган лаънатни У Ўзига олди. Учинчидан, Исо шоҳ эди, чунки У ҳақиқатда жисман Довуднинг наслидан келиб чиққан бўлиб, Довуд сиймосидаги Масиҳ ҳақидаги пайғамбарлар ваъдаларини бажо келтирди.
Исонинг қайта тирилиши ҳамда осмонга кўтарилиши эса Унинг шоҳлигини эълон қилди ва шу тариқа Исроилга берилган ваъдалар амалга ошди. Қайта тирилишида Исо Худонинг Ўғли, деб эълон қилинди.
Унинг қайта тирилишида янги Исроил ўлимдан қайта тирилди ва У Исроил Шоҳи деб эълон қилинди. Исонинг Шоҳлиги Унинг фақатгина Исроилнинг Шоҳи эканлигини эмас, балки, Одам Атога берилган яратилган мавжудот устидан ҳокимлигини ҳам билдиради.
Инсониятга яратилган дунё устидан ҳокимликнинг қайта тикланганини ҳамда Худо шайтон устидан ғалаба қозонганини Исонинг мўъжизаларида кўришимиз мумкин. Шундай қилиб, Исо Дониёр китоби 7 бобда ҳикоя қилинган, Худонинг халқига ҳокимликни қайта тиклайдиган Инсон Ўғли, деб тан олинди. Бу Инсон Ўғлининг катта қудрат ҳамда шон-шуҳрат билан келиши инсон зотининг якуний қайта тикланишидан дарак беради. Шунинг билан азизлар, мавзумиз ўз ниҳоясига етди. Бизнинг интернет сайтимизнинг манзили: www.dilkashradio.com хайр саломат бўлинг.