2:49

Рўзғор бошқариш

MP3

Ассалому алайкум. Худонинг иродасини бажаришни истайдиган, оиласидаги тартибсизликни тартибга айлантиришни истайдиган аёл рўзғорини қандай қилиб тўғри бошқариши мумкин?

Биринчидан, ҳар бир аёл рўзғорни бошқариш вазифаси Худонинг биздан кутадиган энг яхши вазифаси эканини тушунишимиз лозим. Худованд биз аёллардан «Рўзғор бошқаришни ёқтирасанми?» , — деб сўрамайди. У биздан уни ёқтирсак, ёқтирмасак бажаришимизни, шу ишга киришишимизни истайди. Рўзғорни бошқариш, Унинг биз учун режаси ва йўли. Бу Унинг яхши ва қабул қилишимиз мумкин бўлган иродаси. Бу Унинг биз учун «энг яхши» танлови. Рўзғорни бошқаришни танлаш эса Худонинг биз учун тайёрлаган «энг яхши» нарсасини танлаш деганидир.

Иккинчидан, бу ишга жиддий киришмоқ зарур. Чунки шу ишимиз орқали Худованд бизни жамоатда фойдали бўлишга тайёрлайди. Шу орқали биз Худо билан муносабатимизни қанчалик яхши тутиб туришимизни, турмуш ўртоғимиз ва болаларимизни қанчалик севишимизни ва уй ишларида қанчалик самарали хизмат қилишимизни кўрстамиз. Кўпчиликнинг «Аёлнинг қандайлигини унинг уйига қараб билса бўлади», — деган гапи тўғри. Масалан, мен уйдаги ишларимни тўғри ва яхши бажармасам, жамоатда ҳам, ишхонада ҳам яхши бажара олмайман. Агар уйим пала-партиш бўлса, жамоатда ҳам бошқа жойда ҳам пала-партиш иш қиламан. Бундай пала-партишлик менинг ҳаёт тарзимга айланади.

Бироқ агар мен уйимни тоза сақласам, уйда тартибли бўлсам, жамоат ишларида ҳам, офисда ҳам тартибли бўламан. Исо Масиҳ: «Кичик ишда садоқатли бўлган буюк ишда ҳам садоқатлидир», деган эди (Лука 16:10). То мен ўз уйимда ҳамма нарсани ўз-жойига қўйиб, уйимни тартибли сақламагунимча, кўчадаги ишларни ўрнига қўя олмайман. Уйда ҳаммаси жойида бўлса, кўчага бирор иш билан чиққан аёлнинг ҳам кўнгли ҳотиржам бўлади. Кўчага бирор иш билан чиқишдан олдин, уйлар йиғиштирилган, ҳаммаси ўз-жойида, болаларга овқат тайёрланган, турмуш ўртоғимнинг кийимлари ювиб дазмолланган бўлса, кўнгил ҳотиржам бўлади. Чунки уйдаги ҳамма ишларни бажариб бўлгансиз. Шундай бўлгач, кўчадаги ишларингизни ҳам кўнгилдагидек бажара оласиз.

Учинчидан, уйдаги ҳамма ишлар учун, тартиб учун ўзингиз масъул эканингизни доимо ёдингизда тутишингиз керак. Ҳар сафар эшикдан кирган одам сизнинг уйингизда нимани кўради, тинчликними ёки тўс-тўпалонними, қасрними ёки чўчқахонаними? Энди ўзингизни худди бирорта меҳмонхонага кирганингизни тасаввур қилинг. Нимани кўрасиз? Тинчлик ва озодаликни. Агар шундай меҳмонхоналардан бирида турсангиз, улар сизга тозаликни, сокинликни, энг яхши хизматни муҳайё қиладилар. Бундай ҳолатда дам олгач эса пулининг қимматлиги ҳам сизга билинмайди. Аксинча, уларнинг сизга кўрсатган эътибори, хизматидан мамнун бўласиз. Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, сиз оилангизни шундай бошқарсангиз, фарзандларингиз ва турмуш ўртоғингиз сиздан қанчалик миннатдор бўлади. Худованд эса сизнинг ҳаракатларингизни мукофотлайди!

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Scroll to top